Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:26

21 йиллик сиёсий маҳбус Мурод Жўраев озодликка чиқарилди


Мурод Жўраевни қамоқхона эшигида оила аъзолари ва ҳуқуқ фаоллари қарши олди.
Мурод Жўраевни қамоқхона эшигида оила аъзолари ва ҳуқуқ фаоллари қарши олди.

1994 йилдан бери қамоқда сақланган Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати¸ Муборак шаҳар собиқ ҳокими Мурод Жўраев 12 ноябрь куни эрталаб озодликка чиқарилди. Ўзбекистон демократик мухолифати фаолларидан бўлган Мурод Жўраев АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг Самарқандда Ислом Каримов билан учрашувидан ўн кун ўтиб¸ озод этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1995 йилдаги ҳукми билан конституциявий тузумга тажовуз, давлат тўнтаришига уриниш моддалари асосида узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати Мурод Жўраев 12 ноябрь куни маҳаллий соат 11 да Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/6-сонли жазони ижро этиш муассасаси (Чирчиқ)дан озодликка чиқарилди.

OZOD-VIDEO: Сиëсий маҳкум Мурод Жўраев озодликка чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:38 0:00

Муассаса маъмурияти томонидан оила аъзолари ва "Эзгулик" жамияти фаолларига топширилган 21 йиллик маҳкум Мурод Жўраев она юрти Қашқадарё вилоятига жўнаб кетди.

62 ёшли собиқ парламент депутати Мурод Жўраев 1994 йилда ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланиб, ҳибсга олинган ва мол-мулки мусодара этилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Халқпарварлиги билан танилган ҳокимнинг қамоқ муддати тугаши арафасида унга беш маротаба қамоқхона ички тартибини бузиш айби қўйилди. Саломатлиги оғирлашганига қарамай¸ Жўраевнинг 21 йил давомида қамоқда сақланганини шарҳлаган мухолифат фаоллари¸ бундай кескин жазони Жўраевнинг собитлиги билан изоҳлаган эди:

- Мурод Жўраев Ўзбекистондаги демократик ҳаракатлар¸ Ўзбекистонда демократик жамият қуриш учун йўналтирилган барча ҳаракатларда иштирок этган. Ўзбекистон мустақиллиги учун ўзини унутиб¸ оиласини унутиб курашган инсонлардан. У ҳамиша тўғри гапирган. Мурод ака ҳукумат танлаган иқтисодий йўлнинг нотўғри эканини минбардан туриб очиқ айтагн одам. Уни ўлдирмоқчи бўлишди¸ суиқасд уюштиришди. Сўнгра кўчага велосипед учишга чиққан ўғлини сирли тарзда ўлдиришди. Ниҳоят қамаб¸ 20 йилдан бери чиқармай келишмоқда. Бу инсон қамоқдаги қийноқ ва азобларга қарамай шу кунгача ҳеч кимни сотмади¸ қамоқдан чиқиш учун ҳар хил хатларга қўл қўймади. Ғурур билан бу нарсаларни рад этиб¸ 20 йилдан бери қамоқда қолаяпти¸ деган эди Мурод Жўраевни яхши билган сафдошларидан бири¸ шоира Дилором Исҳоқова ўтган йили унга яна жазо муддати қўшиб берилганига муносабат билдира туриб.

Мурод Жўраев халқаро ҳуқуқ ташкилотлари¸ қолаверса қатор ҳукуматлар томонидан Ўзбекистон қамоғида энг узоқ қолаëтган сиёсий маҳбус деб эътироф этилган ва унинг озод қилинишини Ўзбекистон ҳукуматидан талаб қилиб келаётган эди:

- Ўзбек расмийлари тез-тез мутлақо куракда турмайдиган айбловлар билан сиёсий маҳбуслар қамоқ муддатини узайтирадилар. Масалан, жазо муддати 4-5 марта узайтирилган сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг қамоқ муҳлати бир марта унинг ошхонада сабзини нотўғри арчгани сабабли чўзилган. Ўзбек расмийлари инсон учун ўта таҳқирли бўлган бу тажрибаси билан халқаро ҳуқуқ меъёрларини қўпол равишда бузаяптилар, - деган эди Озодлик радиосига Ҳюман Райтс Уотчнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Мурод Жўраевнинг қамоқдан чиқарилишидан 11 кун аввал АҚШ давлат котиби Жон Керри Марказий Осиё сафари доирасида Самарқандда президент Ислом Каримов билан учрашган эди.

Халқаро ташкилотлар Жон Керрини Тошкентда инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирган эди.

Айрим АҚШ нашрлари¸ Жон Керри жамоатчилик учун берган баëнотларида Ўзбекистондаги инсон ҳақларининг ночор вазияти ҳақида очиқ гапирмаса-да¸ ўз дипломатик услубидан келиб чиқиб¸ бу масалани ëпиқ эшиклар ортидаги хос учрашувда тилга олиши¸ хусусан¸ конкрет сиëсий маҳбусларни озод қилишни сўраши мумкинлигини ëзган эди.

Мустақил Ўзбекистон қамоғида энг узоқ сақланганлардан бири Мурод Жўраевнинг Керри ташрифидан ўн кунча ўтиб озод қилиниши¸ айрим кузатувчилар фикрича¸ ана шу ëпиқ эшиклар ортидаги сўров маҳсули бўлиши мумкин.

Ўзбекистон ҳукуматининг АҚШ рамийлари билан учрашувлар арафасида ëки учрашувлардан ўтиб саноқли сиëсий маҳбусни "совға" тариқасида озод қилиш анъанасига эга.

Хусусан¸ АҚШ собиқ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ташрифи давомида Каримов истеъфосини талаб қилганидан сўнг қамоққа ташланган шоир Юсуф Жума Жаслиқ қамоқхонасидан кутилмаганда озод этилиб¸ АҚШ га учиб кетган эди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон қамоқхоналарида сиëсий ва касбий фаолияти учун жазоланган қатор мухолифат фаоллари ва журналистлар қолмоқда.

Улар орасида Муҳаммад Бекжон¸ Юсуф Рўзимуродов¸ Самандар Қўқонов¸ Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари шулар жумласидандир.

Аксариятининг саломатлиги оғирлашганига қарамай¸ бу сиëсий маҳбусларнинг кўпчилигига жазо муддати тугаши арафасида уйдирма айблар билан янги муддат қўшиб берилмоқда.

XS
SM
MD
LG