Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:36

Толиблар орасида ички низо авж олмоқда


Толиблардан ажралиб чиққан гуруҳнинг янги етакчиси ўзини толибларнинг ҳаққоний лидери эканлигини иддао қилмоқда.

Толиблардан ажралиб чиққанини эълон қилганидан кейинги ҳафтада “Афғонистон исломий амирлиги олий кенгаши” толибларнинг расмий номини ўғирлади, ўзига етакчи танлади ва Афғонистон ғарбида одам тўплай бошлади.

Янги гуруҳ Зобул вилоятидаги толибларни ёлламоқда. Бу ҳол бир-бирига рақиб толиблар гуруҳлари орасидаги илк йирик жанг ўлароқ баҳоланмоқда.

Зобул вилоятида жойлашган Арғандоб тумани ҳокими Моҳманд Ностраёр 6 ноябрь куни кеч бошланган тўқнашувларда камида 50 жангари ҳалок бўлганини ва яна бир нечтаси жароҳат олганини билдирди.

Ажралиб чиққан гуруҳ мулла Ахтар Мансурни толибларнинг ҳаққоний етакчиси ўлароқ тан олмаслигини айтмоқда. Мулла Мансур июль ойида Қобул толибларнинг асосчиси мулла Муҳаммад Умар ўлганига икки йўл бўлганини эълон қилганидан кейин жангари гуруҳнинг янги етакчиси этиб тайинланган эди.

Янги гуруҳ мулла Муҳаммад Расулни ўзининг етакчиси этиб тайинлади. Бу эса гуруҳни кўпчилик толибларнинг ҳақиқий етакчиси, деб тан олган мулла Мансур ва уни қўлловчилар билан тўғридан-тўғри жанг қилишга мажбурламоқда.

Мулла Мансурнинг жангчилари ажралиб чиққан гуруҳ етакчиси ўринбосари мулла Мансур Дадуллага содиқ жангчилар билан Зобулда тўқнашди. Хабарларга кўра, мулла Дадуллага содиқ жангариларга “Ўзбекистон исломий ҳаракати” (ЎИҲ) ёрдам бермоқда.

Зобул вилояти полицияси етакчисининг ўринбосари Ғулом Жилоний Фараҳий 9 ноябрь куни ЎИҲ жангарилари мулла Дадулла кучлари билан биргаликда жанг қилаётганини айтди. Аммо Фараҳий ажралиб чиққан гуруҳга кўмаклашаётган ЎИҲ жангарилари сони маълум эмаслигини билдирди.

Шимолий Афғонистондаги ЎИҲ жангарилари август ойида “Исломий давлат”га байъат берган берган эъди. Шундай бўлса-да, Зобул каби жанубий ҳудудлардаги ЎИҲ жангарилари ҳам “Исломий давлат” сафига ўтган-ўтмагани номаълум.

“Исломий давлат” жангарилари

Арғандоб тумани ҳокими Ностраёр Зобулдаги жанглар ҳақида сўзлар экан, толиблардан ажралиб чиққан гуруҳга жанубий Афғонистондаги “Исломий давлат” жангарилари қўшилганини айтди.

Мулла Мансурга содиқ толиблар қўмондони 8 ноябрь куни Associated Press нашри билан суҳбатда мулла Расулнинг гуруҳи ўзида етарлича одам бўлмагани учун “Исломий давлат” жангарилари билан куч бирлаштирганини айтди.

Ироқ ва Сурияда йирик ҳудудларни эгаллаб олган “Исломий давлат” аста-секин Афғонистонда ҳам илдиз отмоқда. “Исломий давлат” гуруҳининг қора байроғи остида жанг қилаётган жангарилар Афғонистон шимолида, Покистон билан чегарага яқин жойлашган Нангарҳор вилоятида кичик ҳудудларни қўлга олган. Шу йилнинг бошида эса Зобул вилоятида ҳам “Исломий давлат” жангарилари пайдо бўлди.

Мулла Расул Афғонистон ғарбида жойлашган Ҳирот вилоятида 7 ноябрь куни уюштирилган йиғинда “Исломий давлат” жангарилари уларга “биродар” эканлигини, лекин ўз гуруҳи уларни Афғонистонга киритмаслигини айтди. Гуруҳ йиғини афғон ва НАТО кучлари фойдаланадиган Шиндод ҳаво базасидан атиги бир неча километр масофада бўлиб ўтди.

Мулла Расул норози жангариларнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғинида янги етакчи этиб тайинланди. Мулла Дадулла эса мамлакат жануби-ғарбида жойлашган Фароҳ вилоятида 1 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда мулла Расулнинг ўринбосари этиб белгиланди.

Ажралиб чиққан гуруҳ матбуот котиби Абдул Манон Ниёзий Озодлик билан 7 ноябрь куни суҳбатлашиб, гуруҳнинг мақсади “толибларни бирлаштириш” эканлигини айтди ва уни қўлловчиларни толиблар орасида ички уруш чиқармасликка чақирди.

Толиблар ҳукм сурган даврда Ҳирот губернатори лавозимида ишлаган Ниёзий мулла Мансурни етакчилар орасида “тўнтарилиш” амалга оширишда айблади ва унинг “ҳаққоний лидер” эмаслигини қўшимча қилди.

Ниёзий яна янги гуруҳ кўпроқ одам жалб қилиш учун яқин кунларда бир неча шимолий вилоятда, жумладан, Бадғиз ҳамда Фарёб вилоятларида йиғинлар ўтказишини қўшимча қилди.

Мулла Умарга яқин бўлгани айтилаётган мулла Расул толиблар ҳукмронлик қилган даврда Афғонистон жануби-ғарбида жойлашган Нимрўз вилояти губернатори лавозимида ишлаган.

Толиблар етакчилиги алмашганидан бери мулла Мансур гуруҳ ичидаги ўзаро келишмовчиликларни ва фракциялар ўртасидаги жанжални тинчлантира олмай келмоқда.

Толиблар қўмондонларидан айримлари мулла Мансурни мулла Умарнинг ўлимини яширганликда ва унга овоз беришмаса-да, етакчи бўлиб олганликда айбламоқда.

Янги ажралиб чиққан гуруҳни кўпчилик қўллайдими, йўқми, ҳозирча номаълум. Лекин гуруҳнинг пайдо бўлгани мамлакат ҳукумати билан олиб борилиши мумкин бўлган тинчлик музокараларида яна бир тўсиқ бўлади.

XS
SM
MD
LG