Линклар

ФИФА президентлиги учун беш номзод рўйхатга олинди


ФИФА президентлиги учун махсус тестдан ўтган расмий номзодлар.

ФИФА президентлиги учун махсус тестдан ўтган расмий номзодлар.

Коррупция жанжали гирдобида қолаëтган Халқаро футбол уюшмалари федерацияси бугун ташкилот президентлиги учун беллашадиган беш расмий номзод номларини эълон қилди.

26 февралга белгиланган сайловда иорданиялик шаҳзода Али Ал Ҳусайн¸ байрайнлик Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа¸ франциялик Жером Шампайн¸ швейцариялик Жианни Инфантино ва жанубий африкалик Токио Сексвайллар президентлик учун курашади.

Европа футбол уюшмалари раҳбари Мишель Платини ва либериялик Муса Ҳасан Билиту номзодлари махсус кенгаш тасдиғидан ўтмади.

Сепп Блаттер ўрнини эгаллаши тахмин этилган Мишель Платини номзодини рўйхатга олиш-олмаслик масаласи¸ унга берилган 90 кунлик ўз вазифасидан четлатилиш муддати тугаганидан сўнг қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Коррупция жанжали муносабати билан президентликдан четлаштирилган Сепп Блаттер¸ 6 ноябрдан бери Цюрих касалхонасида қолмоқда.

Швейцария прокуратураси сентябрь ойида Платинига 2¸1 миллион доллар пора берганлик айби билан Блаттерга қарши жиноий иш очган.

XS
SM
MD
LG