Линклар

Марғилонда 4 боласи Сурияга кетган Тошболтаевларни "Галатой"дан кўчиришмоқчи


Сурияга оиласи билан бораётган ўзбеклар кўплигини иддао қилган ўзбек жангариси - андижонлик Абу Усмон

Сурияга оиласи билан бораётган ўзбеклар кўплигини иддао қилган ўзбек жангариси - андижонлик Абу Усмон

Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги "Галатой" маҳалласида истиқомат қилувчи Тошболтаевлар оиласидан 4 фарзанд - 3 ўғил ва бир қиз оиласини олиб Сурияга кетгани айтилгач, маҳалла аҳли оилани кўчириб юбориш ҳаракатига тушган. Фарғоналик манбаларга кўра, собиқ милиционер Муҳаммадсодиқ Тошболтаевлар оиласи мунтазам кузатувда, қўни-қўшнилар билан кирди-чиқди ҳам тўхтатилган.

Галатойлик 4 оила қидирилмоқда

Марғилон шаҳридаги "Галатой" маҳалласига борган икки манба Сурияга кетгани аниқланган 18 марғилонлик шу кунда қидирувда экани, уларнинг Ўзбекистонда қолган оиласи эса муттасил кузатув остида эканини хабар қилди.

Шу йилнинг сентябрь ойида Марғилондаги бир оиладан 18 кишининг Сурияга кетгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Манбалардан олинган маълумотга кўра, "Галатой" маҳалласида истиқомат қиладиган Тошболтаевлар оиласининг 4 фарзанди сўнгги бир йил ичида яқинларига: "Туркияга ишлагани кетяпмиз", деган сабабни айтиб, бирин-кетин мамлакатни тарк этган.

12 ноябрь куни Озодлик боғланган манбалардан бирининг ёзишича, булар Тошболтаев Муҳаммадсодиқ, деган собиқ милиционернинг 4 набираси - 3 ўғил ва 1 қизнинг оила аъзоларидир ва ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни Сурияга кетган, деб ҳисобламоқда:

"Шомга кетган марғилонлик 18 кишилик оила шу Галатой махалласида яшайдиган Содиқ мелисанинг ўғли Аҳаджон ака ва Матлубахон аянинг фарзандлари экан. Уларнинг 4 та ўғил, битта қизи бор экан. Ўғиллардан биттаси Ҳиндистонда диний илм олиб юрар экан. Биринчи бўлиб шу Ҳиндистонда илм олган ўғли Абдужаббор 3 та боласи ва хотинини олиб Шомга кетган. Сўнг Абдусомад деган катта ўғли кетган, апрель ойида аёлини чақирган 4 та боласи билан. Кейин қизи 3 та боласи ҳамда эри билан кетган. Хуллас август ойигача 4 та ўғил 1 та қиз оиласи билан чиқиб кетишибди", деб ёзди исмини сир сақлаган фарғоналик манба.

"Фарзандлар қилмиши"

Манбага кўра, 4 боласини хорижда ишлаб юрибди, деб билган кекса ота-она сентябрь ойида уйига МХХ хизмати ходимлари борганидан сўнг "фарзандларининг қилмиши"дан хабар топган.

Манба Тошболтаевлар оиласи билан суҳбатлашиш имкони бўлмагани, кекса ота-она ва буви-бобо қаттиқ кузатув, босим остида эканини ёзмоқда:

"Буларнинг ота ва онаси Аҳатжон ҳожи ва Матлюбахон опаларни айни кунларда МХХ ходимлари кўчага чиқармай қўйибди. Ҳатто, масжидга ҳам чиқармаяпти экан. Булар Шомга борганларидан сўнг Тўлқинжон ва Мухтасархон исмлик оилани бир ўғлини ҳам чақиришган экан, бу йигит ўша ерда шаҳид бўлибди. Энди бу оилага маҳалланинг муносабати ҳукумат таъзиқи билан ҳозирча салбийлигича қоляпти. МХХ ходимлари: "Фарзандларингизни чақиринг, эртага бир қултим сувга зор бўлсангиз, ким асқотади?" дея бошларини қотираётган экан" деб ёзди Озодлик манбаси.

Озодлик манбаси Тошболтаевлар оиласи билан гаплаша олмагани, шу боис, 4 фарзанди Сурияга кетгани ҳақидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари даъвосига уларнинг муносабатини билолмаганини таъкидлаб ўтди. Озодлик ҳам бу оила билан ҳозирча боғлана олмади.

"Галатой" маҳалласи масъуллари ишдан олинган

Манбанинг айтишича, бу оила ҳақидаги шов-шувлардан сўнг "Галатой" маҳалласи раиси, аёллар ишлари бўйича маслаҳатчиси ишдан олинган:

"Маҳалла эса бундай оилага ўрин йўқ, чиқиб кетсин дейишяпти экан. Аммо, маҳалладаги холис инсонлар кекса ота-оналарига ҳукумат томонидан қилинаётган босимларни қораламоқдалар", деб ёзди фарғоналик манба.

Озодлик Марғилон шаҳар ҳокимлиги ва ҳокимликнинг маҳалла қўмиталарига масъул бўлими билан боғланди, аммо масъуллардан Тошболтаевлар оиласи фарзандларининг Сурияга кетиб, "Исломий давлат" террор гуруҳига қўшилганига оид иддаоларга бирор муносабат олишнинг имкони бўлмади. Бунга қадар шаҳардаги маҳалла қўмиталаридан бирининг ўзини таништирмаган ходими Галатой маҳалласидан Сурияга кетган ва кетишга уринганлар бўлганини тасдиқлаган, аммо қўшимча маълумот бермаган: "У Галатойдагилар жуда ваҳима бўлиб кетдику, ҳокимиятларда кўрсатишиб уларни. Энди ҳозир ҳаммамиз шу балодан аҳолини огоҳлантириб ётибмиз. Аҳмоқлар бор-да, кўрмайсизми энди?!"

Шу тариқа, Озодликда номи тилга олинган оила фарзандларининг Сурияга кетганини тасдиқловчи бирор расмий маълумот йўқ. Аммо, бир-биридан мустақил икки манба маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг бу гумонидан "Галатой"да ҳамманинг хабари борлиги ва кўпчилик бунга ишонаётганини таъкидламоқда.

"Галатойликлар норози"

"Галатой" маҳалласидаги вазиятни ўрганиб келган яна бир фаол - фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев ҳам Тошболтаевлар оиласи вакиллари билан суҳбатлашишнинг имкони йўқ, демоқда:

- Мен фақат қўни-қўшнилари, кейин Муҳаммадсодиқ Тошболтаевни таниган кишилар билан гаплашди. Улар аслида бу 4та оила четга ишлагани кетди, деб юришган. Яъни, Сурияга кетди, деб билишмаган. Ҳозир энди ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларни тарқатиб, газеталарда чиққанидан сўнг ўзлари ҳам шунга ишониб қолишибди. Ҳозир ёши 80 лардан ошиб қолган Муҳаммадсодиқ Тошболтаев собиқ совет милициясининг "Социалистик мулкни талон-тарож қилишга қарши кураш" бўлими - халқ тилида "ОБХСС" деб юритилган идорада ишлаган. Уни эслаганлар, бунақа диндорлигини билмаганмиз, деб қолишди, - дейди Абдусалом Эргашев.

Унинг айтишича, "Галатой" маҳалласидагилар Тошболатевлар оиласи билан боғлиқ суриштирувлар ва гап-сўзлардан норози.

- Шу болалари диний мотивларда айбланиб, қамалган маҳбусларнинг оилалари айниқса норози. "Агар буларнинг Сурияга кетгани рост бўлса, ундан жуда нотўғри иш қилишибди, ҳеч қачон оқламаймиз", деб гапиришди. Чунки, ҳар сафар мана шунақа гаплардан кейин қамоқхонадаги диндор маҳкумларга нисбатан қийноқлар, тазйиқлар оширилади, - дейди Эргашев.

Қуйида ҳуқуқ фаоли билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев сўнгги бир йил ичида вилоят бўйича Сурияга кетишга урингани аниқланган 5-6 йигитни шахсан билиши, улар устидан тергов ва маҳкама жараёнларни кузатганини айтади. Унинг айтиши, қўлга олинганлар ўша кездаёқ Сурияга бориш ниятида бўлганини тан олган.

Фаол Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ тартибот идоралари расмий рақамларни ошкор қилмаётган бўлса-да, ҳукумат диний қатлам устидан асосий тарғибот-назорат машинасига айланиб қолган масжид ва маҳаллалар орқали аҳолини Суриядан қайтаришга уринмоқда, деб таъкидлайди.

Расмий маълумот

Маълумки, сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати ҳам ИД таркибидаги ўзбекистонлик жангарилар масаласида бир неча баёнотлар берди ва улардан сўнггисида жами ўзбекистонлик жангарилар сони 200 га яқин экани айтилди.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари Абдулазиз Мансур 2015 йилнинг март ойида “Исломий давлат” гуруҳи сафида 200 ўзбекистонлик жанг қилаётгани тўғрисида маълумот берган ва "бевосита Ўзбекистоннинг ўзидан кетган одамлар 2-3 кишидан ортмаслиги"ни билдирган.

Шундан сўнг Тошкент ҳукумати вакиллари томонидан Сурия ва Ироққа кетган ўзбекистонликлар сони ҳақида бирор аниқ маълумот берилгани Озодликка маълум эмас.

Аммо, Марказий осиёлик бошқа таҳлилчилар Сурия ва Ироқдаги ўзбекистонлик жангарилар сони 500 тарофида экани, айрим норасмий манбалар эса бир неча мингдан ошиқ эканини айтиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG