Линклар

“Исломий давлат” гуруҳига алоқадорликда айбланган хоразмлик Муҳаммад Абдуллаев 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда 12news.uz сайти Ўзбекистон Олий судидаги манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Манбага кўра, 23 ёшли Абдуллаев экстремистлар таъсири остига Россиянинг Астрахан вилоятига ишлаётган пайтда тушган.

“2013 йил ёзида у ўзбекистонлик бир неча муҳожир билан танишади ва улар билан биргаликда аҳоли орасида “Доғистон масжиди” деб аталган маҳаллий масжидга мунтазам равишда қатнай бошлайди. Унинг янги танишлари орасида кейинчалик “ИД” ёлловчиларидан бири бўлиб чиққан урганчлик Наримон Сафаров ҳам бор эди. Муҳаммад билан дўстлашиб олган Наримон уни аста-секин зомбига айлантирган. Наримон унга “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик” ҳақида, Сурияда мусулмонлар “кофирлар”га қарши жанг қилаётгани ҳақида, ҳар бир мусулмон уларга ёрдам бериши лозимлиги ҳақида гапирган. Бундан ташқари, Наримон Суриядаги жангда ўлган киши тўппа-тўғри жаннатга тушишини уқтирган. Пировардида Наримон айтган гапларни маъқуллаган М. Абдуллаев у билан бирга Сурияга кетиб, мусулмон биродарларига ёрдам бериш учун “ҳижрат” қилиш истагини билдирган”, дея иқтибос келтиради агентликЎзбекистон Олий суди вакили сўзларидан.

Манбанинг айтишича, 2013 йил октябри бошида Н.Сафаров Суриядаги биродарлардан таклиф бўлгани ва Муҳаммадни ўзи билан олиб кетмоқчи эканини айтган.

“У ерда жисмоний ва ҳарбий тайёргарликдан ўтганларидан кейин улар ойига 500 доллардан пул олишлари мумкин экан. Муҳаммад рози бўлиб, бегона давлат ҳудудидаги жангда иштирок этиш учун ёлланган. “Дўстлар” Астрахандан Бокугача поездга чипта олганлар ва 24 октябрь куни Озарбайжон пойтахтига етиб келганлар. Бир кундан кейин Боку-Истанбул автобусида Туркияга чиқиб кетганлар. 27 октябрь куни улар Грузия орқали ноқонуний йўл билан Истанбулга етиб келганлар. Бу ерда уларни Наримоннинг танишлари бўлган икки тожикистонлик кутиб олган. Шундан сўнг Туркия-Сурия чегарасида маълум миқдордаги пора эвазига фуқаролик паспортига муҳр қўймаслик ҳақида чегарачилар билан келишиб, гуруҳ билан Сурия ҳудудига ўтганлар. Кейин Наримон ва Муҳаммад шериклари билан бирга жиҳодчиларнинг тоғли ҳудудда бўлган дала жамлоғига бориб, у ерда жанговар ва мафкуравий тайёргарликдан ўта бошлаганлар. Бироқ, Муҳаммаднинг сўзларига кўра, кунларнинг бирида жамлоқда ўлган жангарилар жасадини кўргач, у қўрқиб кетган ва Аҳмад исмли бир озарбайжонлик билан бирга жамлоқдан қочишга қарор қилган. Улар қочганлар ва кейин бир йилдан кўпроқ муддат Туркияда яшаганлар. У ерда Муҳаммад Кастомону шаҳридаги “Жондорўғлу Ўренжи юрди” деб аталган мадрасада ўқиган. Жорий баҳорида Муҳаммад кичик укасининг молиявий кўмагида Ўзбекистонга қайтган. Тергов ва суд пайтида Муҳаммад содир этган қилмишидан пушаймон эканини айтган, бироқ энди кеч. Биз жаннатга тушиш ҳақидаги хаёлий орзулар ортидан чопмай, доим ўз хатти-ҳаракатларимиз оқибатлари ҳақида ўйлашимиз керак”, дейди 12news.uz агентлиги суҳбатдоши.

Озодлик бу иддаоларнинг нақадар рост ёки ёлғон экани ҳақида собит маълумотга эга эмас.

Бу орада мазкур агентлик Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари “Исломий давлат” гуруҳи жангарисига айланган жиззахлик Хуршид Мухторовга нисбатан халқаро қидирув эълон қилганини хабар қилди.

12news.uz сайтининг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, диний-экстремистик ташвиқот таъсирига тушиб қолган 35 ёшли Мухторов Ўзбекистонни ноқонуний йўллар билан 2008 йил бошларида тарк қилган.

Аввалига Қозоғистонда бир муддат яшаган Хуршид Мухторов кейинчалик Туркияга кетиб, у ерда 6 йилини ўтказган. 2014 йил ёзида эса у Сурияга кетиб, ИШИД сафига қўшилган.

“Террорчилар сафига қўшилган Х. Мухторов “жиҳод”да, аниқроғи, Сурия ҳукумат қўшинларига қарши жангларда иштирок этган. Бундан ташқари, у ўзбекистонлик тақводор мусулмонлар ҳақлари гўё поймол қилинганини айтиб, Интернет орқали Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ағдаришга очиқ даъват этган”, дейди агентлик манбаси.

Манба фикрича, Х. Мухторов ўзининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва Ўзбекистонда мавжуд конституциявий тузумни ўзгартиришга оид очиқ чақириқлари билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-, 223- ва 244-моддаларида кўзда тутилган жиноятларни қасдан содир этган.

Озодликка маълум бўлишича, Хуршид Мухторов Ўзбекистонни тарк этганидан кейин даставвал Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида, кейин эса Олмаота шаҳрида яшаган. Қозоғистонда бўлган пайтда у қочқинлик талаби билан БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги ваколатхонасига мурожаат қилгани ҳам маълум. Олмаотада “қидирувдаги шахс” баҳонаси билан бир муддат тутиб турилган Хуршид ҳибсхонадан чиқиши билан (2012 йили) Туркияга кетган.

Хуршид Мухторов Туркияда икки йил яшаганидан сўнг маҳаллий куч ишлатар тузилмалар ходимлари тазйиғидан безор бўлиб, Сурияга ўтиб кетишга мажбур бўлгани ҳақида бундан бир йил муқаддам Би-Би-Си радиосига берган суҳбатида айтганди.

Мазкур суҳбатда Х. Мухторов бошқа минглаб марказий осиёлик билан биргаликда “Исломий давлат” гуруҳи сафида жанг қилаётганини эътироф этган.

Хуршид2012 йил январида АҚШда Федерал Қидирув Хизмати томонидан ҳибсга олинган Жамшид Мухторовнинг укасидир. АҚШ хавфсизлик идоралари Жамшидни Ислом Жиҳод Иттифоқи ташкилотини молиялаштириш ва террорчилик ҳужумини содир этишга уринганликда айблаганлар.

2007 йили БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқинлик мақоми берилган Жамшид Мухторов ҳибсга олингунига қадар Қўшма Штатларнинг Колорадо штатида яшаб келган.

АҚШ матбуотига кўра, “Исломий жиҳод иттифоқи”га ëрдам кўрсатишда айбланаëтган Жамшид Мухторов ўзига қўйилаëтган айбловларни рад қилган.

XS
SM
MD
LG