Линклар

logo-print

Абдулла Ориповнинг жияни ўлими бўйича уч киши қўлга олинди


Жасади Урганч марказидан ўтувчи Шовот каналидан топилган мулозим Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг акаси профессор Раззоқ Ориповнинг ўғли бўлиб чиқди.

Жасади Урганч марказидан ўтувчи Шовот каналидан топилган мулозим Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг акаси профессор Раззоқ Ориповнинг ўғли бўлиб чиқди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг Урганчда ўлдирилган жияни, суд қарорларини ижро этиш департаментининг Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи 45 яшар Абдувоҳид Ориповнинг иши бўйича уч гумондор ҳибсга олинди. Жиноят ишини Ўзбекистон Бош прокуратураси назоратга олган, терговни Хоразм вилояти прокурори Қаҳрамон Тўйчиев олиб бормоқда.

Хоразм вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасидан олинган сўнгги маълумотга кўра, Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги суд қарорларини ижро этиш департаментининг Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Абдувоҳид Ориповнинг ўлимида гумонланиб уч нафар шахс қўлга олинган. Манба ушланганларнинг шахсларини очиқламади.

Манбага кўра, Орипов ўлими юзасидан очилган жиноят иши бўйича терговни Хоразм вилояти прокурори Қаҳрамон Тўйчиевнинг шахсан ўзи олиб бораяпти:

“Иш Тўйчиев қўлига ўтди. Тошкентдан жиддий шуғулланиш ҳақида буйруқ келган. Тўйчиевнинг ўзи терговни олиб бораяпти. Генпрокуратура ҳар куни телефон қилиб вазият бўйича ҳисобот сўраяпти”, деди исмини очиқламаётганимиз манба.

Абдувоҳид Ориповнинг жасади ўтган ҳафтада Шовот каналидан топилган эди. 6 ноябрь куни Қарши шаҳрида дафн қилинган ушбу мулозим Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг акаси профессор Раззоқ Ориповнинг ўғлидир.

Воқеа юзасидан Хоразм вилоят прокуратураси Жиноят Кодексининг “Қасддан одам ўлдириш” моддаси бўйича жиноят иши очган.

Озодликка маълум бўлича, Ўзбекистон Бош прокурорининг биринчи ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси Матиев Шерзод Раимович Орипов ўлими бўйича терговни шахсан назоратига олган.

Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги Озодлик манбалари ва марҳумнинг Қашқадарëдаги яқинларига кўра, Абдувоҳид Ориповнинг "бўйин қисмида бўғилиш аломатлари бўлган".

Шу кунларда Абдувоҳид Орипов бошчилигидаги суд ижрочилари тарафидан мол-мулки ва шолиси мусодара қилинган фермерлар “мулозимни ўч олиш мақсадида ўлдиришда” гумонланиб, Хоразм вилоят прокуратурасида интенсив тарзда сўроқ қилинмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, “шолиси мусодара қилинган фермерлар мулозимни ўлдириб, жасадини сувга оқизиб юборган”и терговчилар тарафидан кўриб чиқилаётган асосий версиялардан биридир.

Қўлга олинган уч нафар гумондор орасида фермерлар бор ёки йўқлиги ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Абдувоҳид Ориповнинг яқинларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ориповни “Моли мусодара қилинган аламзада фермерлар ўлдириб жасадини сувга оқизиб юборган” деган тахминга ишонмаслигини айтди:

“Бу қулай ва ишониш осон бўлган тахмин. Мусодара қилинган мол-мулк ва шолининг умумий қиймати катта суммани ташкил қилган. Бу сумма кимлардадир қизиқиш уйғотган. Бир нарса айтай сизга, Абдувоҳидни СНБ (Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати) кураторлари мунтазам таҳқирлаганига гувоҳман. Фермерларнинг ўч олиш даражасида журъати йўқ. Бундай қатлни профессионаллар амалга оширди, деб биламан" деди марҳумнинг қариндоши.

Суҳбатдошга кўра¸Абдувоҳид Ориповнинг ўлими яқинда АҚШда даволаниб, Ўзбекистонга қайтган тоғаси Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповга қаттиқ руҳий таъсир кўрсатган.

Абдувоҳид Раззоқович Орипов Қашқадарë вилоятида туғилган ва Хоразмга ишга тайинлангунига қадар бир муддат Адлия вазирлигида, ундан аввалроқ эса суд ижроси бўйича Самарқанд ҳудудий бошқармасида ишлаган.

Озодлик манбаларининг айтишича¸ Орипов талаб қилинган пахта ҳосилини давлатга топшира олмай, қарздор бўлган фермерларнинг шолисини тортиб олиш билан боғлиқ зиддиятларга алоқадор бўлган.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг буйруғи билан ташкил этилган “Ойболта” гуруҳларининг Хоразм вилоятидаги қарздор фермерлар мол-мулкини мусодара қилиш тадбирлари Ориповнинг фаол иштирокида ўтган.

Жумладан, Озодлик манбаларига кўра, Янгибозор туманида қарздор фермерларнинг тракторлари ва шолиси айнан Орипов бошчилигидаги гуруҳ тарафидан тортиб олинган.

Ўтган ҳафтада Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида ўтказилган “Ойболта” тадбирида банклар ва таъминотчи корхоналардан катта миқдорда қарздор бўлиб қолган ўнга яқин фермернинг мол-мулки мусодара қилинган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган янгибозорлик фермерлардан бирининг айтишича, суд ижро департаменти ходимлари қарздор фермерларнинг техника ва шолисини зўрлик билан тортиб олган.

Озодликка ўз манбаларидан етиб келган маълумотга кўра¸ Бош вазир Шавкат Мирзиёев 12 октябрь кечқурун селектор йиғилишида ўзи туздирган “Ойболта” гуруҳи суст ишлаётганини танқид қилиб, маҳаллий ҳокимият ва куч ишлатар тизимлари ҳамда суд ижроси департаментини фаолликка чақирган эди.

Марҳум мулозимнинг қариндоши буни шундай изоҳлади:

“Ўғит¸солярка ва бошқа нарсалар учун қарзга ботган фермерларнинг мол-мулкини мусодара қилиш бутун республика бўйлаб амалга оширилмоқда. Лекин 12 октябрь куни Бош вазир Шавкат Миромонович фақат Абдувоҳид Ориповни сусткашликда айблаб тахқирлаган¸ камситган.Диққат қилинг: у киши фермерни мол-мулкиниетарлича мусодара қилмадинг, деб тергалмоқда. Ана шундан кейин Орипов ғайрат кўрсатдими ë йўқми - бу ҳам номаълум. Лекин 6 ноябрь куни уни қора ерга дафн қилганимиз рост. Бу гаплардан ҳулосани ўзингиз чиқариб олаверинг”¸ деди суҳбатдош

Бахтсиз ходиса?

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси Орипов бахтсиз ҳодиса боис оламдан ўтганлигини таъкидлаш билан чекланди.

Урганч марказидан ўтувчи тезоқар Шовот канали чўмилиш мавсумида ўнлаб одамлар ҳаëтига нуқта қўйган хатар манбаи сифатида кўрилади.

Аммо одамлар мол-мулкини мусодара қилиш салоҳиятига эга бўлган амалдорнинг совуқ мавсумда каналдан ўлиги чиқққани турли тахминларни урчитмоқда.

Ўзбекистон адлия вазирлиги ҳузуридаги суд қарорларини ижро этиш департаменти Хоразм вилоят ҳудудий бошқармасининг Ориповдан олдинги бошлиғи сирли тарзда ўз хизмат машинасида ëниб кул бўлган эди.

Ҳудудий бошқарманинг ундан ҳам олдинги бошлиғи эса жиноий жавобгарликка тортилиб, шу кунларда Бекобод қамоғида жазо ўтамоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG