Линклар

12 ноябрь куни Тошкентда футбол бўйича Ўзбекистон ва Шимолий Корея терма жамоалари ўзаро беллашди. 2018 йилги жаҳон чемпионатига саралаш доирасидаги баҳс мухлислар билан лиқ тўла “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтди.

Ўйиннинг иккинчи дақиқасидаёқ шимолий кореяликлар ҳисобни очди. Аммо юрак ҳовучлаб ўтирган жонсарак мухлислар бахтига, бу гал на тезкор гол, на шивалаб ёққан ёмғир Ўзбекистон футболчиларининг ғалабага бўлган иштиёқини сўндира олди.

Одил Аҳмедов сардорлигидаги жамоа пайдар-пай ҳужум қилди. Ниҳоят, ўйиннинг 26-дақиқасида Игорь Сергеев ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Иккинчи бўлимда баҳс янада шиддатли кечди. Терма жамоа “оқсоқоли” Александр Гейнрих захирадан тушибоқ ҳисобни 2-1 га етказди. Биринчи голдан кейин мухлислар қалбида ёнган умид учқуни энди росмона чўғга айланди.

Ўзбекистон футболчилари рақиб дарвозабонини ғафлатда қолдириш илинжида яна ҳужумларга зўр берди.

Кетма-кет уринишлар Одил Аҳмедовнинг голи билан якунланди. Ўйиннинг қолган дақиқаларида Шимолий Корея футболчилари ҳисобни қисқартиришнинг уддасидан чиқмади.

Ўзбекистонлик футболсеварлар таъбири билан айтганда, терма жамоа жорий йил ёзда Пхеньянда кечган ўйиндаги мағлубият аламини олди.

Мамлакатнинг турли ҳудудларидан атайин футбол кўргани келган мухлислар музаффар жамоани олқишларга буркади.

Дарвоқе, ғалаба туфайли, чипта нархи уддабурон чайқовчилар қўлига ўтиб, бир неча баравар қимматлаб кетгани ҳам эсдан чиқди.

Ўйинни "Пахтакор"да кузатган футбол ишқибози.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG