Линклар

Москвада ўлган икки ўзбек муҳожирининг шахси аниқланди


Москвада меҳнат муҳожирлари яшайдиган подвал

Москвада меҳнат муҳожирлари яшайдиган подвал

Москванинг Дмитров туманида 8 қаватдан қулаб тушган икки ўзбекистонлик шахси аниқланди. 25 ва 26 ёшли меҳнат муҳожирларининг иш жойида нобуд бўлгани юзасидан Москва вилояти бўйича Тергов қўмитаси тафтиш олиб бормоқда. Айни пайтда Россияда турли вазиятларда жароҳат олаётган ва нобуд бўлаётган ўзбекистонлик ишчилар сони кўплигига қарамай бу борадаги рақамлар ошкор қилинмаяпти.​

Шу йилнинг 9 ноябрида Москва области Дмитров районида ўзбекистонлик икки ишчи янги қурилаётган иморатнинг 8- қаватидан йиқилиб ўлгани хабар берилган эди.

Озодлик юборган сўров бўйича нобуд бўлган ишчиларнинг шахси аниқланганини маълум қилди Дмитров полиция бўлимининг шу ҳудуд бўйича участка нозири Сергей Родионов:

- Бу ҳодиса 9 ноябр куни содир бўлди. Тўйчиев Бахтиёр Нозимжонович, 1990 йилнинг 23 августида туғилган, Ўзбекистон фуқароси ҳодиса жойида халок бўлди. Некрасовский қўрғони, Лев Толстой кўчасидаги янги иморат қурилишида 8 қаватдан тушиб кетган. Иккинчи шахс шифохонада жони узилди. Ҳодиса жойига полицияни ва тез ёрдамни Воронин Александр исмли шахс чақиртирган,- деди тафсилотларни очиқлаган участка нозири Сергей Родионов.

Шифохонага оғир жароҳатлар билан олиб кетилган иккинчи ўзбек муҳожири тез ёрдам машинасида жон бергани маълум бўлди. Полиция бўлимида иккинчи ўлган ўзбек йигити – 1989 йилнинг 9 февралида туғилган Ҳакимов Акмал Қозимбекович эканини билдиришди.

Москва вилояти бўйича Тергов қўмитаси Бош бошқармаси ходимлари ўзбекистонликлар ўлими юзасидан терговолди суриштируви ўтказилаётгани, суд-тиббий экспертиза тайинланганини хабар қилди.

Терговчилар қурилиш ишларини олиб бораётган ширкатни хавфсизлик техникаси масаласида терговга тортгани маълум бўлди.

Айни пайтда Коми Республикасининг Усинск шаҳрида 10 ноябр куни 56 ёшли Маъмур исмли ишчининг ўлиги Ўзбекистонга юборилди.

Ўлган шахснинг яқинларидан бири сўзларига кўра, бу қурувчи бригада бошлиғи билан иш жойида тортишиб қолган ва бригадир уни қаттиқ урган:

- Ерга йиқилган бу одамнинг қулоғидан қон оқиб, у 3-4 кун ёмон аҳволда ётди, кейин жон берди. Тахминларимизга кўра, бригадир ишни ёпди-ёпди қилворди, чунки Маъмур муштлашув бўлмагандек, “юраги тўхтаб қолди” дея оформить қилди. Ким жавоб беради бир инсоннинг ўлими учун?- дея мурожаат қилди исми сир қолишини сўраган марҳумнинг яқинларидан бири.

Ҳозирга келиб Россияда жароҳат олаётган, нобуд бўлаётган ва тобутда ўз юртига жўнатилаётган меҳнат муҳожирлари сони бўйича аниқ рақамлар номаълумлигича қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG