Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:29

OzodWiki Сизни ишга - омборчиликка таклиф қилади


OzodWiki лойиҳамизнинг аввалги сонларида Википедияга қардош лойиҳалардан бири - Викилуғат ҳақида ёзган эдик. Бугунги мақоламизда Викимедиа Жамғармасининг яна бир машҳур лойиҳаси - Викиомбор (инглизча Wikimedia Commons) ҳақида сўз юритамиз.

WikiОмборда нима бор?

Викиомбор эркин лицензияли тасвир, товуш ва бошқа мультимедиа файлларни ўзида жамлаган онлайн омбордир.

Wikiомборнинг калити кимда?

Википедия сингари Викиомбор ҳам кўнгиллилар томонидан тузилади. Исталган одам Викиомборга файл юклай олади. Айни дамда Викиомборда 29 130 489 дона медиафайл бор.

WikiОмбор қачондан бор?

Викиомбор лойиҳасини яратишни олмон журналисти Эрик Мёллер 2004 йилнинг март ойида таклиф қилган. Сайт ўз фаолиятини 2004 йил 7 сентябрда бошлаган.

WikiОмборни очишдан мақсад?

Лойиҳани яратишдан мақсад медиафайлларни барча тиллардаги Викимедиа лойиҳаларига алоҳида-алоҳида юклашга барҳам бериш бўлган. Натижада Википедиянинг бир неча тилдаги версияси барча медиафайлларини Викиомборга кўчириб ўтди, Википедиянинг ўзида файл юклаш ман қилинди.

Инглиз ва ўзбек тилларига берилган имтиёз?

Инглизча ва ўзбекча Википедияларда эса Викиомборга юклаш мумкин бўлмаган файлларни, масалан, “виждонли фойдаланиш” - инглизча fair use - (Нодирнинг инглизчадан бу таржимаси баҳсли кўринди ва бу масалани ҳам у билан суҳбатда муҳокама қилдик - муҳаррир) мумкин бўлган файлларни муайян қоидаларга амал қилган ҳолда юклашга рухсат берилади.

Wikiомборда қандай файллар сақланади?

Викиомборнинг мақсади ижтимоий мулк ҳисобланган, яъни муаллифлик ҳуқуқлари тугаган, муаллифи ўз ҳуқуқларидан воз кечган ёки муаллифлик ҳуқуқи бериб бўлмайдиган файлларни ва эркин лицензияга эга бўлган барча медиафайлларни бир жойга тўплаш ва Викимедиа Жамғармасининг турли лойиҳалари учун умумий омбор вазифасини ўташдир.

Wikiомбор - чиқиндихона эмас!

Викиомборга юкланган суратлар фойдаланувчига бирор маълумот бериши керак. Бошқача қилиб айтганда, Викиомбор исталган суратни юклаш мумкин бўлган ижтимоий тармоқ эмас. У ерга бирор мавзуни яхшироқ тушунишда, ўрганишда ёрдам берадиган файллар сақланади.

Wikiомборга кимлар нималарни юклаши мумкин?

Викиомборга исталган одам ўзи яратган сурат, аудио, видео материалларни GNU ҳужжатлаштириш лицензияси (инглизча GNU Free Documentation License) ёки Creative Commons (тўлиқ номи Creative Commons Attribution and Attribution/ShareAlike) лицензиялари билан юклаши мумкин.

Wikiомборга бошқаларнинг нарсасини юкласа бўладими?

Йўқ. Бошқа бировлар яратган асарларни - сурат, аудио ва видеоматериалларни эгаларининг рухсатисиз юклаб бўлмайди.

Wikiомборчи тажрибасидан

Мен Қирғизистоннинг Боткен вилоятида жойлашган Лайлак туманидаги ҳар бир аҳоли пунктини суратга олиб, Викиомборга юклаб келяпман. Лекин бошқа сайтларда мавжуд бўлган, яъни бировнинг иши ҳисобланган файлларни юклаш мумкин эмас. Агар асар муаллифи ёзма рухсат берса, унинг номидан асарни Викиомборга юклаш мумкин.

Қўшиқчи ва актриса Ситора Фармонованинг суратларини Викиомборга айнан шу йўл билан юклаганман.

Wikiомборда тартиб бор

Викиомборга юкланган файллар одатда туркумларга бўлинади. Масалан, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан боғлиқ файллар Hamza Hakimzade Niyazi туркумида тўпланган.

Wikiомбор қандай тартибга солинади?

Викиомборнинг асосий интерфейси инглиз тилида бўлгани учун туркумлар, файллар номларини инглиз тилида ёзиш мақсадга мувофиқдир. Шундай қилинса, файллардан бошқа тилда сўзлашувчилар ҳам фойдалана олади.

Wikiомборни бойитайлик!

Викиомборда 30 миллионга яқин файл мавжуд бўлса-да, Ўрта Осиё мамлакатларида олинган тасвирлар сони жуда оз. Ҳар биримиз ўз мактабимиз, қишлоғимиз, шаҳримиз суратларини Викиомборга юклашимиз мумкин. Шундай қилсак, бу файллардан Викимедиа Жамғармасининг кўп тилли лойиҳаларида фойдаланиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, ҳар ким бу файлларни юклаб олиши ва эркин фойдаланиши мумкин бўлди.

Wiki-эксперт Нодир ОТАЕВ

Юқоридаги мақолани ўқиш жараёнида пайдо бўлган саволларимизни Wiki-экспертга бердик ва қуйида Нодир Отаев билан ўтказилган суҳбатни тингланг:

Wiki-эксперт Нодир Отаев билан WikiОмбор тўғрисида суҳбат:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:25 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG