Линклар

Россияда янги элита - "путинваччалар" улғайиб, кучга тўлмоқда


Суратда: Путиннинг қизи эканлиги айтиладиган Катерина Тихонова ва унинг турмуш ўртоғи Кирилл Шамалов.

Суратда: Путиннинг қизи эканлиги айтиладиган Катерина Тихонова ва унинг турмуш ўртоғи Кирилл Шамалов.

Улар банкларни, нафақа жамғармаларини, энергетика, нефть ва газ ширкатларини бошқаришади. Уларда миллиард-миллиард бойлик бор. Ва уларнинг аксари ҳали қирқ ёшга тўлгани йўқ.

Сўз Владимир Путиннинг ошна-оғайнилари фарзандлари ҳақида кетяпти.

“П” авлод, яъни Путинга яқин одамлар фарзандлари улғаяр ва ота-оналари ўрнини эгаллар экан, Россияда янги элита юзага келмоқда.

Аммо ўтган асрдаги Россия тарихига назар соладиган бўлсак, авлоддан-авлодга ўтувчи иерархия тузишга қаратилган бу уриниш ҳам беҳуда кетиши эҳтимолдан холи эмас.

Reuters агентлиги мазкур ҳафтада чоп этган ҳисоботда Путинчи оқсуякларнинг иккинчи авлоди яқиндан ўрганиб чиқилди. Ҳисоботда Путиннинг қизи эканлиги айтиладиган Катерина Тихонова ва унинг турмуш ўртоғи Кирилл Шамаловга алоҳида эътибор берилган.

Тихонова Москва давлат университетида ҳукумат молиялаштирадиган лойиҳаларни бошқаради. Путинннинг эски дўсти ҳисобланувчи Николай Шамаловнинг ўғли Кирилл Шамалов эса “Россия банки”нинг йирик ҳиссадоридир.

Reutersга кўра, эр-хотиннинг бойлиги тақрибан 2 миллиард долларни ташкил қилади. Бу бойликни орттиришларида Шамалов Путиннинг яна бир яқин дўсти Геннадий Тимченкодан олган йирик газ ва нефть ширкатидаги ҳисса муҳим роль ўйнаган. Кириллнинг акаси Юрий эса “Газпромбанк” директори ўринбосари ва Россиядаги энг йирик нафақа жамғармаси бўлмиш “Газфонд”нинг директоридир.

Аммо Тихонова ва Шамалов денгиздан бир томчи холос.

Етакчи элита ворислари орасида Россия президенти маъмурияти бошлиғи Сергей Ивановнинг ўғли бор. Отаси билан бир хил исмга эга Сергей Иванов “Газпромбанк”нинг директоридир.

Яна бир ворис Россия Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг ўғли Димитрий Патрушевдир. Кичик Патрушев “Россия деҳқончилик банки”га етакчилик қилади.

Путиннинг дзюдо бўйича собиқ ҳамкори Аркадий Ротенбергнинг фарзандлари Игорь ва Роман Ротенбергларнинг бири “Газпром пармалаш”нинг йирик ҳиссадори, бири эса “Газпромбанк” президенти ўринбосаридир.

Путиннинг эски дўсти Юрий Ковалчукнинг ўғли Борис Ковалчук эса “Интер РАО” энергетика холдингининг бошчисидир.

Бундан бошқа жуда кўп мисолларни келтириш мумкин.

Порахўрликка қарши курашувчи блоггер ва мухолифатчи фаол Алексей Навальний Reuters билан суҳбатда “Ҳозир Россияда давлат банклари директорлар кенгашларига хавфсизлик хизмати расмийларининг лавозимга тайинланган пайтда ҳали ўттизга ҳам кирмаган фарзандларининг етакчилик қилиши мутлақо оддий ҳолдир”, деди.

“Бу оддий сулолавий мерос эмас. Фарзандлар шунчаки ота-оналарининг лавозимларини олмайдилар, улар яна кўнгиллари хушлаган бошқа ҳар қандай лавозимни танлаш ҳуқуқини ҳам оладилар. Хавф шундаки, яқинда барча муҳим ресурслар бешта-еттита оила қўлига ўтади”.

Навальний ҳақми? Россиянинг ҳозирги ҳукмдорларининг ошна-оғайнигарчилиги муваффақиятли равишда ҳукумат бошқарувини қўлга кирита оладиган янги элита туза оладими? Мухолифатчи депутат Дмитрий Гудков бундай бўлмаса керак, деб ҳисоблайди.

“Ведомости” бизнес газетасида Гудков: “Ўтган асрда ҳокимиятдан ўз ихтиёри билан кетган, ўлдирилмаган, сиқиб чиқарилмаган, сургун қилинмаган ёки камида четлатилмаган бирорта ҳам рус элиталари авлоди бўлмаган”, деб ёзди.

“Умуман олганда, элита ҳар 20-25 йилда нолга қайтади ва бошдан бошлайди. Кўп вақт ўтмай ўша рўйхатнинг устига қизил сиёҳ ёки қон тўкилади”.

Ўтмишдаги элиталарнинг ягона муаммоси авлодларига ҳукмронликни мерос қилиб қолдира олмагани, деб ҳам бўлмайди. Кўп ҳолларда ўзларининг тирик қолиши ҳам осон кечмаган.

Гудков Николай II даврида император қасри вазири лавозимида ишлаган граф Владимир Фредерикс сургунда ва одамлар назаридан четда ўлганини эслатди.

Россиянинг сўнгги императори қўлида давлат кенгаши бошлиғи ва ички ишлар вазири лавозимларида ишлаган Иван Шегловитов ва Александр Протопопов эса 1918 йил большевиклар томонидан ўлдирилган.

1917 йил ҳокимиятга келган большевиклар эса Сталиннинг “Катта террор”ида йўқ қилинган.

Фарзандлар-чи?

Гудков “Россияда элиталар ҳатто ўз фарзандларининг келажагини таъминлашдек содда жараённи эплай олмайдилар. “Совет элитаси” ворислари тақдирига назар солсангиз, тушуниб оласиз”, деб ёзди ва Иосиф Сталиннинг невараси, Никита Хрушчёвнинг ўғли, Леонид Брежневнинг жияни, Брежнев давридаги мафкурачи Михаил Сусловнинг қизи хорижда яшашини эслатиб ўтди.

“Ва бу энг бахтли якунлаган ҳикоялардир”, деб сўзини давом эттирди Гудков.

Гудков сиёсий сулолалар демократик мамлакатларда кўпроқ барқарор бўлишини ва узоқ яшашини ҳамда ҳокимиятни янги авлодга топшириб, тинчгина нафақага чиқишини айтади.

Авторитар тизимларда мерос қолдириш осон кечмайди. Бундай тизимлар қулагунича тошдек мустаҳкам бўлади. Бахтга қарши, кўпинча уларнинг ўрнига бошқа одамлардан иборат айнан шундай тизим келади.

Албатта бунга истиснолар бор. Масалан, Хитойда лидерларнинг фаолияти иккита беш йиллик муддатга чекланган.

Аммо Путин ва унинг ошна-оғайнилари ўзлари ҳақида Гудков “Кимлар оиласи Шимолий Корея учун ким бўлса, биз Россия учун ўшамиз, деб ўйлайди”, дея ёзди.

“Ишончим комилки, ўзини-ўзи тайинлаган ҳар бир худолар авлоди “бу сафар ҳаммаси мангу бўлади”, деб ўйлайди”, дея қўшимча қилди мухолифатчи депутат.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG