Линклар

“Чиқиш визаси”ни олиш учун ҳукумат билан судлашаётган жиззахлик фаол ҳибсга олинди


 Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев “чиқиш визаси”ни олиш учун ҳукумат билан судлашаётган эди

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев “чиқиш визаси”ни олиш учун ҳукумат билан судлашаётган эди

16 ноябрь куни жиззахлик 37 яшар Ўктам Пардаев Дўстлик туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Ўктамнинг яқинларига кўра, унинг уйида тинтув ўтказилиб, унга тегишли айрим нарсалар мусодара қилинган. Пардаевга нисбатан жиззахлик бир фермер аёлдан пора олганлик айби билан жиноят иши қўзғатилган. Ўктам “Чиқиш визаси”ни олиш учун ҳукумат билан судлашаётган эди.

Ўктам Пардаевнинг милиция ходимлари томонидан олиб кетилгани ҳақида унинг укаси Шароф Пардаев Озодликка хабар қилди:

- Акамни ичкарига олиб кириб кетди тинтув ўтказгандан кейин. Иккита ҳовлига кириб, иккита ҳовлини ҳам тинтув қилди. Дўстлик тумани ички ишларидан келди. Бош терговчи ва ëнида ходимлари ҳам бор эди. 10 киши бўлиб келган. Ҳожатхонагача бутун уйнинг ҳамма жойини текширди ўзининг ҳовлисини. Кейин менинг уйимга ўтди. Меникини ҳамма жойни текшириб чиқди. Укамнинг ҳовлисига ташқаридан қараб қўйдида уйнинг ичига кирмади. Тинтув ўтказди, бор нарсани олиб кетди. Керакли нарсаларни. Ҳамма нарсасини олиб кетди. Компютеру фотоаппарат, флешка нима бўлса. Фотоаппарати, ариза бўйича келган қоғозларию, бир қопча бўлди. Процессорни олди, фотоаппаратни олди, флешкани олди.

Озодлик: Ўктамни олиб кетганда қўлига кишан солиб олиб кетдими?

- Йўқ. Агар ўз хоҳишингиз билан ўтирмасангиз, куч ишлатиб кишан солиб олиб кетамиз, дейишди. Кейин ўзи ўтирди. Тинтув ўтказишга санкцияни Бош прокурор берган. Кейин олиб кетиш ҳақида қоғози бор. Тергов қиламиз идорада, деди,- дейди Шароф Пардаев.

Шарофнинг айтишича, акасига нисбатан товламачилик айблови илгари сурилмоқда:

- Икки йил олдин ариза билан келган бир аëл. Дўстлик туманида яшар экан, фермерми шунақа бўлган экан. Ўша аëлнинг аризасини қабул қилган. Ишни олиб борган. Ўша аëл яқинда ëзиб берибди, кўрсатма берибди мендан 500 минг пул олди деб. Кейин яна 100 минг қайтариб берди. Гувоҳ борми, деса йўқ. Ҳеч қанақа гувоҳсиз кўрсатма берибди,- дейди Шароф Пардаев.

Асли касби мусиқашунос бўлган Ўктам Пардаев 2005 йилдан буён Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят булими раиси вазифасида ишлаб келади.

У вилоятдаги болалар меҳнати билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилиб келмоқда.

Яқинда Ўктам Пардаев вилоят ОВИРидан "чиқиш визаси" учун топширган аризасига рад жавобини олгач эркин ҳаракатланиш ҳуқуқлари топталаётгани ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига арз қилган эди.

Шаҳар суди Пардаев шикоятини қондирмаганидан сўнг ҳуқуқ фаоли вилоят суди ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига шикоят киритган эди.​

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG