Линклар

Диний идора раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур Парижда амалга оширилган террор ҳужумлари "Исломий давлат"нинг энг бошидан буён нақадар хавфли бир гуруҳ эканини яна бир карра тасдиқлади, дея баёнот берди. Мулозим жангари гуруҳ ташвиқотини "бизникидан бир неча баробар кучли" дея баҳоларкан, Ўзбекистон ИД таҳдид солаётган мамлакатлардан бири эканини қайд этди.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур 13 ноябрь оқшомида Парижда содир этилган террор ҳужумларини кескин қоралади:

- Париж шаҳрида олтита жойда - концерт залида, стадионда бўлган портлашларни кўрдик. Ҳозир Тошкентда ким билан учрашсам, қайси бир танишим билан учрашсак, ишхонада бўлсин хоҳ кўчада, шу воқеа ҳамманинг диққатини тортган. Ҳамма: “Ëмон воқеа бўлди. Қаранг, шундай ҳам фожеа бўладими? Ислом динимиз номидан ўзларининг шунақанги бузғунчилик ишларини қилаверадими булар?!” деб одамларнинг нафрати жуда кучайган. Катта фожеа бўлди. Ислом динимизда агар кофир бўлса ҳам, мушрик бўлса ҳам, мусулмонларга тажовуз қилмаëтган бўлса, уларга қарши ҳеч ҳам мумкин эмас бунақа қўпорувчилик, қотиллик ишларини қилиш. Уларнинг қилган иши "Ислом давлати" деб ўзларига ном қўйган бу ташкилотнинг кимлигини яна бир бор исбот қилди, - деди Диний идора раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур.

Шунингдек, мулозим Ўзбекистон ИД таҳдид солиб турган мамлакатлардан бири эканини ҳам қайд этди:

- Дунёнинг бирор мамлакати биз тинчмиз, бизга бунинг дахли йўқ ҳозир, деёлмайди. Буни бизнинг давлатимиз раҳбарлари айтиб келаяпти. Кўриб турибсиз, уларнинг ташвиқоти бизникидан бир неча баробарга кенг кўламда олиб бориляпти. Бу Интернет орқали, телефонлар орқали ёшлар кўраяпти буни. Бизлардан маслаҳат олмай, уларга қулоқ солиб кетаётганлар бўлаяпти. Шунинг учун, жуда эҳтиёт бўлиш керак ҳозир. Идорамиз ҳозир тайёргарлик кўраяпти. Келгуси жумада Париж ҳужумлари ва огоҳлик ҳақида маърузалар бўлади, - дейди Абдулазиз Мансур.

Қуйида Абдулазиз Мансур билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

13 ноябрдан 14 ноябрга ўтар тунда Франция пойтахти Париж шаҳрининг 6та жойида жангарилар томонидан террор ҳужуми уюштирилди.

Суиқасд ҳужумчилар уюштирган портлашлар ва "Батаклан" концерт залидаги отишмалар натижасида 132 одам нобуд бўлди, 300дан ортиқ одам жароҳатланди. Жароҳатланганлардан 100 га яқинининг аҳволи оғир экани хабар қилинган. Париж прокуроратурасига кўра, бир хил портловчи белбоғ ўраган 7 "террорчи" ҳужумларда ўлган.

“Исломий Давлат” террор гуруҳи ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. ИД баёнотида ҳужумлар Ислом пайғамбарининг ҳақорат қилиниши ва "Исломий Давлат ҳудуди"нинг бомбардимон қилинишига жавоб амали, деб таъкидланди.

Париж прокуратураси шаҳардаги отишма ва портлашлар ортидан "террорчилик билан боғлиқ қотиллик” бўйича жиноят иши очган. 15 ноябрь куни Париж прокурори Франсуа Молен ҳужумчилардан бирининг шахси аниқлангани, бу - Франциянинг 29 яшар фуқароси Умар Исмоил Мустафо эканини маълум қилди.

Шунингдек, Француз полицияси 15 ноябрь куни террорчилик ҳаракатларига алоқадорликда гумон қилинаётган Бельгия фуқароси Абдусалом Салоҳ қидирувга берилганини маълум қилди. Полиция уни террор ҳужуми ташкилотчиларидан бири, деб гумон қилмоқда.

Франция ички ишлар вазири Бернар Казнёв Париждаги террор ҳужумлари хориждан туриб режалаштирилгани ва ҳужумчилар Белгьгия ҳудудида тайёргарликдан ўтган, деб баёнот тарқатди. Бельгия полицияси ҳам Париждаги террор ҳужумларидан сўнг Брюсселда 7 кишини қўлга олди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG