Линклар

Францияда 132 одам ўлимига сабаб бўлган жума кунги террор ҳужумларига алоқадорликда гумонланиб, 23 киши ҳибсга олинди, 104 одамни эса вақтинчалик уй қамоғига олиш борасида қарор чиқарилди.

Франция Ташқи ишлар вазири Бернар Казеневнинг матбуотга маълум қилишича, террор ҳужумлари бўйича жами 168 та уйда тинтув ўтказилган.

Тинтувлар мамлакатнинг Марсель, Лион, Лилль, Тулуза шаҳарларида ўтказилган. Тинтув пайти 31 та ноқонуний қурол топилган.

Казенев террор ҳужумларига алоқадор шахсларни қидириш бўйича кенг кўламли тадбирлар давом эттирилишини маълум қилди.

13 ноябрдан 14 ноябрга ўтар тунда Франция пойтахти Париж шаҳрининг 6та жойида жангарилар томонидан террор ҳужуми уюштирилди.

Суиқасд ҳужумчилар уюштирган портлашлар ва "Батаклан" концерт залидаги отишмалар натижасида жами 132 одам нобуд бўлди, 300дан ортиқ одам жароҳатланди. Жароҳатланганлардан 100 га яқинининг аҳволи оғир экани хабар қилинган. Париж прокуроратурасига кўра, бир хил портловчи белбоғ ўраган 7 "террорчи" ҳужумларда ўлган.

“Исломий Давлат” террор гуруҳи ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. ИД баёнотида ҳужумлар Ислом пайғамбарининг ҳақорат қилиниши ва "Исломий Давлат ҳудуди"нинг бомбардимон қилинишига жавоб амали, деб таъкидланди.

Париж прокуратураси шаҳардаги отишма ва портлашлар ортидан "террорчилик билан боғлиқ қотиллик” бўйича жиноят иши очган. 15 ноябрь куни Париж прокурори Франсуа Молен ҳужумчилардан бирининг шахси аниқлангани, бу - Франциянинг 29 яшар фуқароси Умар Исмоил Мустафо эканини маълум қилди.

Шунингдек, Француз полицияси 15 ноябрь куни террорчилик ҳаракатларига алоқадорликда гумон қилинаётган Бельгия фуқароси Абдусалом Салоҳ қидирувга берилганини маълум қилди. Полиция уни террор ҳужуми ташкилотчиларидан бири, деб гумон қилмоқда.

Франция ички ишлар вазири Бернар Казенев Париждаги террор ҳужумлари хориждан туриб режалаштирилгани ва ҳужумчилар Белгьгия ҳудудида тайёргарликдан ўтган, деб баёнот тарқатди. Бельгия полицияси ҳам Париждаги террор ҳужумларидан сўнг Брюсселда 7 кишини қўлга олди.

XS
SM
MD
LG