Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:35

ИШИД тарафдорлари ижтимоий тармоқларда Париж қатлиомини олқишламоқда


"Исломий давлат” террор гуруҳи Парижда 132 зиёд одам ўлимига сабаб бўлган террор ҳужумларига масъулиятни бўйнига олишидан аввал ҳам жангари гуруҳни қўлловчилар Twitterда қирғинни олқишлай бошлади.

13 ноябрь куни кечқурин ҳужумлар ҳақида хабар тарқала бошлаганидан кейин кўп ўтмай “Исломий давлат”га хайрихоҳ шахслар бир неча арабча ҳештег, жумладан, “Халифалик давлати Францияга ҳужум қилди”, “Франция ёнмоқда” ҳамда “Париж ёнмоқда” ҳештегларини яратишди.

Афтидан, Twitter биринчи ҳештегга тўсиқ қўйди, лекин фойдаланувчиларнинг шунга ўхшаш бошқа ҳештегларни ҳам ман қилишга қаратилган чақириқларига қарамасдан, 14 ноябрь куни эрталаб бу каби ҳештегларни учратиш мумкин эди. Charlie Hebdo сатирик журнали офисларига январь ойида қилинган ҳужум давомида ҳам “Париж ёнмоқда” ҳештегидан фойдаланилган эди.

Юқорида айтиб ўтилган ҳештеглардан фойдаланган “Исломий давлат”ни қўлловчилар ҳужумларга “ИД"ни масъул қилиб кўрсатмади.

Аммо айримлар бу ҳештег ёрдамида Париждаги ҳужумларни “Исломий давлат” матбуот котиби Абу Муҳаммад ал-Аднаний 2015 йилнинг март ойида берган ваъдасининг ижроси ўлароқ баҳолади. Ал-Аднаний ўшанда “Исломий давлат” “худо ёрдами билан Римдан аввал Парижни олади”, деган эди.

“Римдан аввал Париж” жумласи “Исломий давлат” тарафдорлари жангари гуруҳ энди “Рим ва бутун дунёга” юриш қилишини айтиб ёзган твитларида кўп марта такрорланди.

“Исломий давлат”ни қўлловчиларнинг аксари “Париж ёнмоқда” ҳештеги билан ҳужумларни олқишлади ва жабрланувчилар сони ошгани ҳақида твит ёзди.

Бошқа ижтимоий тармоқлардаги “Исломий давлат”га қарашли ва гуруҳни қўлловчилар ҳам Париждаги ҳужумларни олқишлади.

Рус тилида сўзлашувчи жангарилар ВКонтакте ижтимоий тармоғи орқали АҚШ етакчилигидаги коалиция Ироқ ва Сурияда жангари гуруҳга қарши амалга ошираётган ҳужумларда иштирок этаётган мамлакатларда янги ҳужумлар амалга оширилишидан огоҳлантирди.

Ўзини Амир Амиров деб атовчи жангари “Агар бу фақат Франция, деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз, бу коалицияга қўшилган ҳамма мамлакатда содир бўлади”, дея таҳдид қилди.

“Биз энди ўлдириш учун одам танламаймиз. Биз иншооллоҳ ҳар кимни ўлдирамиз. Қўлингиздан келса, Исломий давлатдан қочишингиз мумкин бўлган жойни топинг”, деб ёзди у.

“Ал-Қоида”

Ижтимоий тармоқларда “Ал-Қоида”нинг Суриядаги қаноти бўлмиш “Ал-Нусра” жабҳаси билан бирга жанг қилаётган жангариларга тегишли эканлиги айтиладиган ҳисоб эгалари ҳам Париждаги ҳужумларни олқишлади ва уларни “Ал-Қоида” амалга оширган бўлиши мумкинлигини айтди.

ВКонтактеда “Ал-Қоида”нинг Суриядаги матбуот котиби Абу Рофиққа тегишли саҳифада Париждаги ҳужумлар “Араб яриморолидаги Ал-Қоида” (АЯАҚ) томонидан амалга оширилган бўлиши мумкинлигини айтилди.

“Бу ИДми, АЯАҚми, фарқи йўқ… Бир йил аввал бизнинг пайғамбаримизни мазах қилиб “Биз ҳаммамиз Charlie Hebdoмиз”, деб ёзилган плакатларни ушлаб олган махлуқларни кўрган эдик”, деб ёзди Абу Рофиқ. Бу билан Рофиқ Муҳаммад пайғамбар карикатураларини чоп этган сатирик журналга қилинган ҳужум қурбонларини қўллаб юзага келган машҳур шиорни назарда тутган.

Ҳужумларга чақирувлар

“Исломий давлат” бундан аввал ўз сафларида жанг қилаётган франциялик жангарилар ёрдамида Франциядаги оддий фуқароларга қарши ҳужум уюштиришга чақирган эди. Экстремистик гуруҳ ноябрь ойида тарқатган ташвиқот видеосида Франциядаги мусулмонлар ҳар қандай восита билан террор ҳужумлари уюштиришга чақирилган эди.

Видеодаги фаранг жангарилардан бири: “Уларни даҳшатга солинг, қўрқув ва даҳшат сабаб уйқуларини қочиринг”, дея хитоб қилган эди.

Жоанна Парасюк қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди

XS
SM
MD
LG