Линклар

logo-print

Наманган шаҳар болалар шифохонасидаги коррупция даъволари борасида Озодлик хабари ортидан Миллий хавфсизлик хизмати шифохонада тафтиш бошлади. Шифохона раҳбарияти шаҳар СЭСи текширувини баҳона қилиб, ходимларидан 15 минг сўмдан пул йиғишда гумон қилинмоқда. Жорий йил ёзида ҳам мазкур шифохона ходимларининг коррупцияга оид даъволари ортидан прокуратура текширув ўтказган эди.

Наманган шаҳар болалар шифохонаси ходимларининг раҳбарият томонидан ноқонуний пул йиғиш даъволари ҳақидаги Озодликнинг 15 ноябрь кунги хабаридан икки кун ўтиб, Миллий хавфсизлик хизмати шифохонада текширув бошлади.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган шифохона ходимларидан бирига кўра, бош шифокор Дилфуза Каримова МХХ ва СЭС раҳбарлари томонидан сўроққа тутилган.

“Наманганда антисанитарияга кўз юмиш нархи аниқланди”, сарлавҳали Озодлик хабарида шифохонада ўтказилган санитария эпидемология станцияси текширувидан сўнг шифохона раҳбарияти ҳар бир ходимдан 15 минг сўмдан пул йиғилаётгани ҳақидаги шифокорларнинг мактуби эълон қилинган эди.

“Мен Наманган шаҳар болалар шифохонасида ишлайман. 12-13 ноябр кунлари бизнинг касалхонага СЭСдан (санитария эпидемиология станцияси- таҳр.) вакиллар келиб текширув ўтказди. Касалхонада санитарияга оид қоидабузарлик ҳолати аниқлангангач, қанчадир миллион сўм миқдорда жарима солинди. Энди эса касалхона раҳбарияти шу пулни ундириш мақсадида ҳар бир ходимдан 15 минг сўмдан йиғишаяпти. Шу иш тўғрими?" дейилади шифохона ходимларидан келган мактубда.

Наманган вилоят СЭСидан олинган маълумотга кўра, ҳақиқатдан ҳам шаҳар болалар шифохонасида 12 ноябрь куни шаҳар СЭСи режали теширув бошлаган:

"Текширув 18 ноябргача давом этади. Биз текширувни ўтказаётган СЭС ходимлари билан суҳбатлашдик. Ҳали шифохонага ҳеч қандай жарима солинмаган. Чунки ҳали текширув якунланмаган. Текширув бўйича акт энди ёзилади. Лаборатория натижалари 7 кунда чиқади. Ҳали 7 кун бўлмаган. Натижалар чиққач, текширувчилар акт ёзишади. Бизнингча шифохона раҳбарияти текширувни баҳона қилиб, ходимларидан бир-икки сўм йиғишни режалаштирган. Ҳозир МХХ бу масала билан шуғулланаяпти. Ҳаммаси ойдинлашади. Бу ўзи бир касалликда, қаерга текширувчи борса, пул йиғиш ҳақидаги гап-сўз чиқади. Лекин СЭС ходимларининг бунга алоқаси йўқ", деди Наманган вилоят СЭСидаги исмини ошкор қилмаётганимиз масъуллардан бири.

Озодлик Наманган шаҳар болалар шифохонасининг бош врачи Дилфуза Каримова билан телефон орқали боғланди, бироқ пул йиғиш ҳақидаги саволни эшитиши билан Каримова хоним телефон гўшагини қўйиб қўйди.

300 беморга мўлжалланган ушбу шифохонада жорий йил ёзида ҳам Озодликка коррупция даъволари етиб келган ва радиода бу ҳақдаги хабар эълон қилингач, Наманган шаҳар прокуратураси шифохонада “суриштирув-текширув” ишларини бошлаган эди.

Ўшанда шифохона ходимлари касалхона биносини таъмирлаш учун ишчилар маошидан 50 мингдан 70 минг сўмгача ушлаб қолинаётганини даъво қилишган эди.

Прокуратура текшируви қачон якунлангани ва унинг натижалари Озодликка маълум эмас.

Ўша пайтда Дилфуза Каримова Озодлик билан суҳбатда арз қилган шифокорларнинг барча даъволарини рад этган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG