Линклар

logo-print

Россия А321 ҳалокати учун қасос олмоқчи


Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) раҳбари Александр Бортников

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) раҳбари Александр Бортников

Россия хавфсизлик хизмати раҳбари ўтган ойда Мисрда қулаган Россия самолёти “террорчилик акти” оқибати бўлганини тасдиқлаганидан кейин мамлакат президенти Владимир Путин “қасос олишга онт ичди".

Metrojet ширкатининг Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳридан Санкт-Петербургга учаётган Airbus 321 самолёти 31 окятбрь куни Синай ярим оролида қулаган эди. Унинг бортидаги 224 кишининг ҳаммаси қурбон бўлган. Ҳалок бўлганларнинг деярли барчаси Россия фуқароси эди.

“Исломий давлат” гуруҳининг Мисрдаги қаноти кўрилган террорчи гуруҳ ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Аввалига Россия расмийлари фожеа юзасидан олиб борилаётган терговнинг расмий натижасини кутишаётганини билдирган эдилар.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) раҳбари Александр Бортников 16 ноябрь куни Путин етакчилигида бўлиб ўтган йиғилишда самолёт парчалари орасида “ёт портловчи моддалар излари” топилганини айтди. Бортниковнинг айтишича, бомба 1 килограмм тротил эквивалентига тенг бўлган.

Путин Россиянинг махфий хизматига айбдорларни топишни буюрди. “Биз уларни ернинг исталган нуқтасидан бўлса-да топамиз ва жазолаймиз”, деди президент.

ФСБ Россия самолётини қулатганларни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 50 миллион доллар мукофот пули ваъда қилмоқда.

Путин Россия ташқи ишлар вазирлигини Москванинг барча ҳамкорларига ёрдам сўраб алоқага чиқишни буюрди ва ҳужум ортида турганларни топишда ва жазолашда мамлакат “дўстлар” ёрдамига ишонишини айтди.

Шунингдек, президент Суриядаги ҳаво ҳужумлари кўлами оширилишини таъкидлади ва “жиноятчилар қасос муқаррарлигини билишсин”, деб қўшимча қилди.

17 ноябрь куни Миср ҳукумати Россия билан терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилишини билдирди.

Айни пайтда Қоҳира самолёт жиноят сабаб қулаганини кўрсатувчи далил ҳали топилмаганини қўшимча қилди.

Мамлакат бош вазири Шариф Исмоил Миср ҳукуматига Россия тергови натижалари ҳақида 17 ноябрдагина хабар берилганини айтди ва мамлакат Россия хулосасини “эътиборга олишини” қўшимча қилди.

Миср авиация вазири Ҳоссам Камол Россия баёнотига шубҳа билдирди ва Миср, Россия, Франция ҳамда Ирландиядан келган мутахассислар иштирок этаётган техник тадқиқот ҳали ўз ишини якунламаганини айтди.

Самолётга яширин тарзда бомба олиб кирилгани тасдиқланса, бу Мисрнинг туризм саноатига ўта салбий таъсир кўрсатади.

30 сентябрда Россия ҳарбийлари президент Башар Асадга мухолиф гуруҳлар, жумладан, “Исломий давлат” билан курашишда ёрдам бериш учун Сурия узра ҳаво ҳужумларини бошлаган эди.

Россиянинг А321 ҳалокати ҳақидаги билдирувидан уч кун аввал Франция пойтахти Парижда амалга оширилган террор ҳужумлари 129 киши умрига зомин бўлди. Бу ҳужумлар учун масъулиятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олди.

Ғарб ахборот агентликлари АҚШ мудофаа вазирлиги расмийси Россия 17 ноябрь куни Сурияда жуда кўп ҳаво ҳужумини амалга оширганини айтгани ҳақида хабар беришди.

Исми ошкор қилинмаган расмийнинг айтишича, ҳужумлар олдидан Россия АҚШга денгиздан отилувчи ракеталардан ҳамда узоқ масофага отувчи бомбардимончи самолётлардан фойдаланиши ҳақида хабар берган.

АҚШ расмийси Россия ҳужумларининг айримлари “Исломий давлат” назоратидаги Раққа шаҳрини мўлжалга олганини айтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG