Линклар

Франция хавфсизлик кучлари 18 ноябрь куни Париж шимолидаги Сан Дени мавзесида жума кунги ҳужумлар билан боғлиқ амалиёт давомида етти кишини қўлга олди. Франция полициясига кўра, рейдлар уюштирилган хонадонда уч гумонланувчи ҳалок бўлган. Улардан бири аёлдир. Полицияга кўра у ўзини белидаги ҳудкушлик камари билан портлатиб юборган.

Франция полицияси чоршанба куни тонгда Парижнинг Сан Дени мавзесидаги Републик (Rue de La Republique) кўчасидаги кўп қаватли уйни қуршаб олди.

Полиция шу уйнинг учинчи қаватида яширинган одамларни қўлга олишга уринганида отишма рўй берди.

Отишмада олти полициячи жароҳатланди. Ҳужумчилар Калашников автоматлари билан полицияга қаршилик қилган.

Гувоҳлар рейдлар чоғида портлаш овозлари ҳам эшитилганини айтишади.

Кўп қаватли уйда яшовчилар вақтинча эвакуация қилинди.

Франция полициясига кўра, рейдлар давомида икки гумонланувчи ўлдирилган. Улар орасида бўлган яна бир гумонланувчи аёл белидаги ҳудкушлик камари билан ўзини портлатган.

Полиция рейдлар давомида ҳаммаси бўлиб етти одам қўлга олганини айтмоқда. Улардан уч нафари қуршовга олинган бино ичида бўлган.

Жиҳодчиларга алоқадор, деб кўрилаётган яна икки эркак ва бир аёл бино атрофида ушланган.

Полиция ҳужумчилар яширинган Републик (Rue de La Republique) кўчасидаги хонадон эгасини ҳам қўлга олган ва уни сўроқ қилмоқда.

У Белгиядан келгани айтилаётган икки одамга уйини кирага берган.

"Мендан уйни кирага беришни сўрашди ва бердим. Уларни террорчи эканликларини билмаганман", деб айтган хонадон сохиби ҳибсга олинишидан олдин француз матбуотига.

Сан Денидаги рейдларнинг асосий нишони жума кунги ҳужумларни уюштиришда айбланаётган “Исломий Давлат” экстремист гуруҳининг аъзоси Абдулҳамид Абауд эди.

Асли бельгиялик Абауд Париждаги хонадонда яширинган гумондорлар орасида экани таҳмин қилинаётганди.

Шунингдек, ҳужумларда гумонланаётган яна бир шахс, Солиҳ Абдусаломнинг ҳам айни хонадонда бўлгани ишонилаётганди.

Белгияга қочишга улгурган Абдусалом ҳозир халқаро қидирувга берилган.

Париждаги рейдлар давомида қўлга олинган етти шахснинг исмини эса полиция ҳозирча очиқламади.

Францияда чиқадиган “Le Monde” нашрига кўра, француз полицияси Париждаги жума куни ҳужум рўй берган Батаклан концерт зали яқинидаги ахлат қутисига ташлаб кетилган уяли телефондаги маълумотлар орқали гумонланувчиларни кетидан тушган.

Телефон гумонланувчилардан бири Солиҳ Абдусаломга тегишли экани ва ҳужумлар содир этилган куни айни телефондан “ҳаракат қилиш вақти келди”, деган мазмунда СМС йўлланган.

Париждаги жума кунги ҳужумда гумонланаётганлар

Париждаги жума кунги ҳужумда гумонланаётганлар

Парижнинг Сан Дени мавзеси "Стад де Франс" стадиони жойлашган худуддир.

Жума куни айни стадионда Франция ва Германия футбол жамоалари ўртасида ўйин бўлаётганида ҳужумчилар шу стадионга яқин масофада ўзларини портлатишганди.

Франция пойтахти Париж шаҳрининг Сан Дени мавзеси дохил 6та жойда жангарилар томонидан уюштирилган портлашлар ва "Батаклан" концерт залидаги отишмалар оқибатида 132 одам нобуд бўлди, 300дан ортиқ одам жароҳатланди.

“Исломий Давлат” террор гуруҳи ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Ҳужумлар ортидан Францияда фавқулодда холат эълон қилинди.

Чоршанба куни Елисей саройида фавқулодда йиғинга тўпланган Франция ҳукумати мамлакат бўйлаб эълон қилинган фавқулодда холатни уч ойга узайтириш масаласини кўриб чиқмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG