Линклар

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов тарқатган хабарга кўра, хориждан борган намозхонларнинг ҳибсга олиниши Тошкент шаҳри ва вилоятидан ташқари Наманган, Қўқон, Фарғона шаҳарларида ҳам кузатилган. Ҳибсга олинганларнинг аниқ сони ва шахсига оид маълумотларни йиғишга уринаётган ҳуқуқ фаоли уларнинг тақдири яқинларига номаълум қолаётганини айтмоқда.

Суръат Икромовга кўра, 29 октябрдан буён ҳибс қилинганлар сони 200 кишидан ошган.

- Ҳозир мана сиз билан 200 дан ошди, деб гаплашаяпмиз-а, лекин шу пайтда ҳам ҳибслар бўлаётган бўлиши мумкин, тушунаяпсизми?! Шу даражада кўпайиб кетди. Мана бугун ҳам ёнимга Зангиота туманининг Таннов маҳалласидан икки кекса киши келди, болаларини қамоқда қийнаб, оғир аҳволга солишган экан. Шулар айтишди, ҳибсга олишлар бўлаяпти, кеча-ўтган куни бир нечтасини олиб кетишибди, бугун билдик, деб айтишди. Шунақа қилиб, ҳибсга олинганлар сони ошиб кетаяпти. Бизнинг ҳисобимизча, 200 дан ҳам ошиб кетди, - дейди Сурат Икромов.

16 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур ва Олмазор, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ҳибсга олинганлар сони жами 160 нафардан ошгани ҳақида зангиоталик манбалар - "Ҳизбут Таҳрир" ташкилоти аъзоси эканини айтган диндорлар хабар қилган эди.

Уларнинг айтишича, Зангиота туманининг Олтинтепа, Эшонгузар, Назарбек маҳаллаларида яшовчи ташкилот фаоллари ҳибсга олинаётганларнинг рўйхатини тузмоқда.

Ўтган ҳафтада Россиянинг "Регнум" агентлиги Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида сўнгги икки ҳафта мобайнида 150 дан ортиқ одам ИШИД гуруҳи ва бошқа экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олингани ҳақида хабар тарқатган.

Суръат Икромовга кўра, сўнгги кунларда Фарғона водийсида ҳам ҳибсга олишлар бошлангани ҳақида ташкилот аъзолари хабарлар йўлламоқда:

- Мана ҳозир Наманган шаҳри, Қўқон, Фарғона шаҳарларида ҳибсга олишлар кузатилган. Ҳар олинганда 10 нафардан 20 нафарга қадар, лекин аниқ рақамлар, ушланганларнинг шахсига оид маълумотлар ҳозирча йўқ. Хоразмда ҳам кузатилди. Ҳозир мана Қашқадарё вилоятидаги аъзоимиздан хабар кутиб турибман, у ерда ҳам бошланган, - дейди Суръат Икромов.

Қуйида ҳуқуқ фаоли билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

ИДга алоқадорлар ҳақида расмий маълумотлар кўпаймоқда

13 ноябрь куни АҚШ Федерал Қидирув Хизмати томонидан ҳибсга олинган жиззахлик Жамшид Мухторовнинг укаси 35 яшар Хуршидга нисбатан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари халқаро қидирув эълон қилгани хабар қилинди.

Бу ҳақда расмий идоралар сиздирган маълумотга таяниб хабар тарқатган 12news.uz сайти маълумотига кўра, Хуршид Мухторов 2014 йил ёзида Сурияга кетиб, ИШИД сафига қўшилган. Ўтган йили Би-Би-Си ва Озодлик радиоларига берган интервьюсида Хуршид Мухторов ИШИД сафида минглаб марказий осиёликлар жанг қилаётгани ҳақида гапирган эди.

Расмий баёнотларни бериб борувчи айни сайт айни куни хоразмлик 23 яшар Муҳаммад Абдуллаев ИШИДга алоқадорликда айбдор, деб топилиб 13 йилга озодликдан маҳрум қилинганини хабар қилган. 12news.uz сайтига кўра, Абдуллаев Россиянинг Астрахан вилоятида ишлаётган пайтда экстремистлар таъсирига тушган, Суриядаги лагерда ўлган жангариларни кўргач, жорий йил баҳорида Ўзбекистонга қайтган.

29 октябрь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳри ва вилоятида истиқомат қилган 16 киши "Ҳизбут Таҳрир" гуруҳининг "ашаддий тарафдори" деган гумон билан қўлга олинганини маълум қилган. ИИВ тарқатган хабарда айтилишича, ушланганларнинг бир қисми хорижда экстремистик ташкилот таъсирига тушиб қолган ва қайтгач, оиласи, болаларини экстремистик ғояга бўйсунишга мажбурлаган.

26 октябрда эса Тошкент вилоятида истиқомат қилган Фирдавс Салимов "ИШИД варақаларини тарқатгани учун" 9 йилга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинган. Собиқ коллеж ўқувчиси бўлган 18 яшар Фирдавс Салимов оиласига қарийб 10 миллион сўмлик жарима солингани хабар қилинган. Паркентда уч манзилдан ИД варақаси топилгани, туманга ИИВ ва МХХ раҳбарлари боргани ҳақида Озодлик шу йилнинг апрелида хабар қилган эди.

21 октябрь куни Озодлик Жиноят ишлари бўйича Қашқадарë вилоят суди Шаҳло Қудратова ва Нилуфар Абдуллаеваларни ижтимоий тармоқлар орқали халифалик қуришни тарғиб қилганликда айбдор деб топган, улардан бирига 5, яна бирига 7 йиллик қамоқ жазосини берганини хабар қилган. Маҳкамада аёлларнинг Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган Ҳизб-ут-Таҳрир ташкилоти аъзолари бўлгани айтилган.

8 октябрда Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 4-ўрта мактабда “Исломий давлат” варақаларини тарқатганликда гумон қилинган икки аёл ўқитувчи қўлга олинган. Қўқон шаҳар халқ таълими бўлимидаги Озодлик манбасининг айтишича, 8 октябрь куни мактабда рейд ўтказган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ИШИД варақаларини ўқитувчиларнинг қўл телефонларидан топган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG