Линклар

Франция полицияси Париждаги рейдда террорчи, деб кўрилаётган 8 кишини қўлга олди


Франция полицияси чоршанба куни тонгда Париждаги рейд пайтида ўзини портлатган худкуш бомбачи ва отишмада ўлдирилган эркакнинг шахсини аниқлашга уринмоқда. Ўтган ҳафтадаги террор хуружи ортида турганларни қўлга олишга уринаётган полиция 18 ноябрь куни Париж четидаги уйга рейд уюштирди.

Расмийларга кўра, 18 ноябрь куни эрта тонгда Париж четидаги Сен Дени туманида жойлашган уйга қилинган рейд пайтида яна саккиз киши қўлга олинган. Махсус амалиёт пайтида бир нечта портлаш рўй берди ва тиғиз отишма юзага келди.

Полициядаги манбалар рейддан мақсад ўтган ҳафта 129 кишининг ўлими ва 350дан ошиқ одамнинг жароҳатланишига сабаб бўлган террор ҳужуми ортида тургани гумон этилаётган Абдулҳамид Абааудни қўлга олиш бўлган.

Бироқ рейддан бир неча соат ўтиб, Париж шаҳар прокурори Франсуа Молин террорчилар етакчиси деб кўрилаётган Абаауд ҳамон очиқда қолаётганини билдирди. Унинг яна айтишича, ўлдирилганлар сони ҳам ноаниқ қолмоқда ва уларнинг шахсини аниқлашга қаратилдган суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.

- Қулаган бино вайроналари ичида зарбаларда таниб бўлмайдиган ҳолатга келган жасад топилди. Жасаднинг аҳволи боис, ҳозирча унинг шахсини аниқлаш имкони бўлгани йўқ,- деди прокурор.

Молин рейд натижасида жами саккиз одам – етти эркак ва бир аёл қўлга олингани ва улар янги ҳужумларни амалга оширишни режалагани гумон этилаётганини билдирди.

- Террорчиларнинг янги гуруҳи йўқ қилинди,- деди у.

Париж прокурорининг яна айтишича, бир соат давом этган отишма пайтида полициячилар 5 мингтага яқин ўқ узишган. Расмийлар гумонланувчиларнинг бири отиб ўлдирилгани, яна бир аёл ўзини портлатиб юборганини айтишмоқда.

Рейд пайтида беш нафар полициячи яраланди ва гумонланувчилар полициячиларга қарашли итни отиб ўлдирди.

Сен Дени туманидаги дўкон ва мактаблар кун давомида ёпиқ қолди ва шаҳар мэри фуқароларга уйларини тарк этмасликни тавсия қилди. Сен Денидаги йўллар тўсиб қўйилди ва жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди.

13 ноябрь куни Парижда амалга оширилган бир нечта ҳужум учун масъулиятни “Исломий давлат” экстремист гуруҳи ўз зиммасига олди. Лекин ҳозирча на Франция ва на бошқа давлат разведка хизматлари бу иддаони очиқасига тасдиқлади.

Чоршанба кунги рейддан аввал Франция расмийлари 13 ноябрь ҳужумларида саккиз киши бевосита иштирок этганини билдирди. Улардан олти нафари ўзлари портлатиб юборгани ва бир нафари полиция билан отишма пайтида ўлдирилгани айтилди.

Расмийлар берган сўнгги маълумотга кўра, видео кузатув камераларидан олинган тасвирлардан ҳужумларга алоқадор деб кўрилаётган тўққизинчи гумонланувчи аниқланган.

Европада гумонланувчиларга ов давом этаётган бир пайтда Франция ва Россия “Исломий давлат” гуруҳининг Суриядаги истеҳкомларини ҳаводан нишонга олишда давом этмоқда.

“Исломий давлат” экстремист гуруҳининг маркази ҳисобланган Раққа шаҳрида ва унинг атрофида Франция ҳаво зарбалари натижасида камида 33 жангари йўқ қилинганини айтмоқда маркази Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти.

Франция Мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дрианинг айтишича, Шарль де Голь учоқ ташувчи атом кемаси 18 ноябрь куни Ўрта Ер денгизи минтақасида амалиётларни бошлаган. Кема бортида Франциянинг 36та жанговар учоғи жойлаштирилган.

Россия Президенти Владимир Путин ракета ташувчи Москва кемасини Франциянинг Суриядаги амалиётларига кўмаклашиш учун жўнатишни буюрди.

Ундан аввалроқ Россиянинг узоқ масофали бомбардимончи учоқлари Суриянинг Идлиб ва Алеппо вилоятларида жангарилар позицияларини нишонга олди.

Франция Президенти Франсуа Олланд Сен Денида ўтказилган рейд Франциянинг “террорчиликка қарши урушда” эканини кўрсатади, дея баён қилди.

18 ноябрь куни Франция шаҳарлари мэрлари билан учрашувда гапирган Олланд ҳужумларга ортиқча реакция билан жавоб бермасликдан огоҳлантирди.

- Биз зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши қатъий туришимиз лозим. Ксенофобик, анти-самитик, анити-мусулмон ҳаракатларга йўл қўймаслигимиз керак. Франция озодлик, ҳаракатлар ва маданият мамлакати бўлиб қолади. Мамлакатимиз ўз кафелари, концертлари, спорт мусобқалари, музейларисиз қандай мамлакат бўлади,- деди Франция раҳбари.

Олланд келаси ҳафта Вашингтон ва Москвага сафар қилиб, терроризмга қарши кураш кўламини ошириш масаласини муҳокама этиши кутилмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгашидаги Франция ва Россия вакиллари “Исломий давлат” экстремист гуруҳига қарши халқаро ҳамжамиятни бирлаштиришга қаратилган резолюцияларни тақдим этишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG