Линклар

logo-print

Ўзбекистонда Skype ва Viber сингари интернетда бепул сўзлашиш имконини берувчи хизматлар ишламай қолиши ортидан YouTube видео порталини очиш ҳам қийинлашган. Ўзбекистонлик фойдаланувчилар YouTube тармоғида муаммолар бир ҳафта олдин пайдо бўлганини айтишмоқда.

- Менда очилмаяпти, дўстларимдан сўрасам уларда ҳам очилмаяпти экан. Энди YouTube ҳам Ўзбекистонда ёпилдими?, - дейди ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчиларидан бири.

Бошқа бир ўзбекистонлик эса: - YouTube сайти очилади. Лекин, видеога боссангиз кўрсатмайди. Бир ҳафтадан бери шунақа бўляпти, - дейди.

YouTube порталида муаммолар юзага келганини Ўзбекистондаги Интернет провайдерлари ҳам тасдиқлашмоқда.

- Айрим жойларда YouTube очилади. Айрим жойларда очилмайди. Бу юқорида турувчи миллий провайдер Uztelecom билан боғлиқ муаммо. Улар ҳозир профилактика ишларини олиб боришяпти ва бу ишлар Интернет тезлигига таъсир кўрсатяпти, - дейди Тошкентдаги “Албатрос” провадери ходимларидан бири.

Ўзбекистоннинг миллий оператори Uztelecom расмийлари эса профилактика ишлари қачон якунланиши ҳақида аниқ малумот беришмаяпти.

- Ҳозир профилактика. Айрим порталлар тўлиқ ишламаяпти, тўғри. Лекин, YouTube дан фойдаланишда катта муаммо йўқ. Skype муаммосига келсак у ерда ёзишма қилса бўлади. Жуда Интернетда гаплашгингиз келса Mail.ru ишлаябди. Ҳозир кўпчилик Mail.ru овоз ҳизматларидан фойдаланяпти, - дейди Uztelecom ширкатининг Озодлик боғланган расмийси.

Профилактика қачонгача давом этиши ҳақида эса Uztelecom расмийлари ҳач нарса билишмасилигини айтишади.

Тармоқлардаги муаммо сабаблари ҳақида расмийлар жамоатчиликка конкрет гап айтамаётган бир пайтда аҳоли орасида “бу атайлаб, ахборот оқимини тўсиш мақсадида қилиняпти” деган гап-сўзлар тарқалган.

- Бу СНБнинг топшириғи бўйича атайлаб қилиняпти. Профилактика баҳонасида ахборот оқимини тўсишяпти. Исломий жангарилар тахдидлари кучайган ва уларни таъсирини камайтириш учун қилиняпти бу, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ўзбекистонлик фойдаланувчи.

"Ўзбектелеком" ширкатига алоқадор “UzinfoCom” журнали бош муҳаррири Александр Сучков Озодлик билан суҳбатда Skype овоз хизматлари ишламаётгани атрофида пайдо бўлган гап-сўзлар замирида асос йўқ, деган фикрни билдирди.

- Ҳозир тармоқда модернизациялаш ишлари олиб бориляпти. Бу ерда технологик жараён бўляпти, бу ҳал бўлади. Буларни ҳаммаси ўзбекистонлик фойдаланувчиларга яхшироқ Интернет ҳизматини кўрсатиш учун бўляпти, озгина вақт керак бўляпти холос, ҳаммаси яхши бўлади, - дейди Александр Сучков.

Skype ва Viber тармоқларида муаммолар Ўзбекистонда июль ойи ўрталаридан пайдо бўлган. Расмийлар олдинига 1 сентябрдан, кейин 1 октябрдан Skype ва Viber тўлиқ ишлашини ваъда қилишган эди.

- Skype октябрь ойи бошларидан қисқа муддатга тўлиқ ишлади. Ҳамма Интернетга пул ўтказиб, Интернетда бемалол гаплашадиган бўлдик деб турганди, сал ўтмай яна олдингидай бўлиб қолди. Ҳозир энди YouTube ҳам ишламаяпти, - дейди ўзбекистонлик фойдаланувчи.

Ўзбекистон йиллардан бери Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Интернетни чекловчи мамлакатлар рўйхатида бўлиб келмоқда. Мамлакатда ҳукуматни танқид қилувчи интернет саҳифаларига тўсиқлар қўйилган.

XS
SM
MD
LG