Линклар

Гап тагида гап: Россия президентининг Ғарбга берган ишоралари


Таҳлилчилар фикрича¸ Париждаги террор ҳужумлари Ғарбни Путин билан ҳамкорликни қайта тиклашга мажбур қиладиган кўринади.

Таҳлилчилар фикрича¸ Париждаги террор ҳужумлари Ғарбни Путин билан ҳамкорликни қайта тиклашга мажбур қиладиган кўринади.

Парижда амалга оширилган қонли ҳужумлар ортидан Фрация президенти Франсуа Олланд Москва ва Ғарбни “Исломий давлат”га қарши курашда ҳамкорликка чақирганидан бир неча соат ўтиб, Россия кутилмаган равишда 31 октябрь куни Мисрда ҳалокатга учраган самолётни террорчилар бомбаси парча-парча қилганига ишончи комил эканлигини эълон қилди.

Россия бу хулосани бекорга айнан шу пайтда эълон қилгани йўқ. Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари миллий телевидениеда 224 киши ҳаётига зомин бўлган Синайдаги ҳалокат “террорчилик акти” оқибати бўлганини эълон қилганидан кейин президент Владимир Путин озгина сукут сақлади, жиноятчиларни жазолашга онт ичди ва Москванинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатлари кўламини оширишни буюрди.

Путиннинг жиддий, лекин олдиндан тайёрланган сўзлари дунё бўйлаб жангариларни огоҳлантириш ва россияликларга улар ҳимоя қилинаётганликларини уқтиришга қаратилган эди. Аммо президентнинг билдирувида Ғарб учун аталган гаплар ҳам бор эди. Бу гапларнинг айримлари очиқ-ойдин айтилган бўлса, айримларининг маъноси яшириндир. Путиннинг нутқида “терроризмга қарши бизнинг шартлар бўйича курашинглар, ёки халақит берманглар”, деган маъно бор.

Путин баëноти 16 ноябрь куни кеч ёзиб олинган бўлиб, эртаси куни эфирга узатилди.

Путин: “Россия одатда ички ёки ташқи сабабсиз амалга оширилган ваҳшиёна террор жиноятларига биринчи марта дуч келаётгани йўқ”.

Нима демоқчи: Россия ҳам Ғарб каби исломий жангарилар ҳужумлари мўлжали ва қурбони бўлиб келади. Ҳукуматнинг мамлакат ичидаги ёки хориждаги ишлари ҳужумларни оқламайди. Ғарб “икки хил стандартлар”дан воз кечиши ва Москва билан биргаликда терроризмга қарши курашиши керак.

Путин: “Биз уларни қаерда яширинган бўлишидан қатъи назар, топамиз. Уларни ернинг исталган нуқтасидан бўлса-да топамиз ва жазолаймиз”.

Нима демоқчи: Ғарб Россиянинг нафақат Сурияда, балки дунёнинг исталган ерида аксилтеррор амалиётларни амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлигини билиши керак.

Путин: “[Россиянинг Суриядаги ҳаво ҳужумлари] жиноятчилар қасос муқаррарлигини билиши учун кучайтирилиши керак. Мен Мудофаа вазирлиги ва Бош штабдан тегишли таклифларни киритишни сўрайман”.

Нима демоқчи: Россия Суриядаги ҳарбий амалиётлари кўламини оширади, аммо ҳозирча тафсилотлар берилмайди. Россия қанчалик даражада “Исломий давлат” жангариларини мўлжалга олиши Ғарб мамлакатларининг Москвани терроризмга қарши курашда қай даража ҳамкор сифатида кўриши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Путин: “Мен Ташқи ишлар вазирлигидан барча ҳамкорларимизга мурожаат қилишни сўрайман. Биз бу иш давомида, жумладан, жиноятчиларни топишда ва жазолашда дўстларимиз ёрдамига таянамиз”.

Нима демоқчи: Россиянинг Украинадаги агрессияси сабаб икки йилдан бери ёмонлашиб келаётган тангликдан кейин Россия Ғарбни яна “дўст” деб аташга тайёр, аммо бунинг учун улар исломий жангариларга қарши курашда Москва билан Кремль шартлари бўйича ҳамкорлик қилишлари керак.

Путин: “Биз Бирлашган миллатлар ташкилотининг ҳукуматларга ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини берувчи 51-уставига амал қилган ҳолда иш олиб борамиз”.

Нима демоқчи: Россия мамлакат ичида бўладими, хорижда бўладими, терроризмга қарши курашиш учун кўраётган чораларни танқид қилманг, чунки улар халқаро қонунчиликка асосланган.

Путин: “Жиноятчиларга ёрдам бермоқчи бўладиганларнинг барчаси жиноятчиларни яширишга қилинган уринишлар оқибати уларнинг зиммасига тушишини билишлари керак”.

Нима демоқчи: Москва терроризмга қарши курашда Россияни ҳамкор ўлароқ кўрмаган мамлакатларни жангарилар билан тил бириктиришда айблаши мумкин. Путин бундан аввал АҚШга Шимолий Кавказдаги исён давомида худди шундай айбловни қўйган эди.

Айтилмаган сўзлар

Путин айтмаган гапларнинг ҳам аҳамияти бор. Россиянинг прагматик президенти атайин “Исломий давлат” гуруҳи номини тилга олишдан бош тортди. Бу билан у Москва ўзининг ҳамкори бўлмиш Сурия президенти Башар ал-Ассаднинг бошқа душманларига ҳам ҳужум қилишда давом этишига йўл очиб берди. Ғарб мамлакатлари президент Ассадга қарши айрим гуруҳларни қўллаб келади.

Бундан ташқари, Путин Ассадни тилга олмади ва бу билан Суриядаги уруш бўйича содир бўлаётган глобал дипломатик жангда Россия нуқтаи назарини такрорлади. Россия Ассадни ағдариш ечим бўла олмайди ва Ғарб мамлакатларининг уни ҳокимиятдан кеттириш учун қилаётган ҳаракатлари “Исломий давлат”га қарши курашни заифлаштираяпти, деб ҳисоблайди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россиянинг бу қарашини 18 ноябрь куни очиқчасига такрорлади ва “Террорга қарши курашда бирлашиш учун қандай бўлса-да шарт қўйиш¸ ҳеч тўғри келмайди”, деди.

XS
SM
MD
LG