Линклар

Россия ҳудудига кириши тақиқланган фарғоналик Музаффар Олтиев уч кундан бери Шереметьево аэропортида қолмоқда. 2007 йилдан буён Рязань ресторанларидан бирида катта ошпаз лавозимида ишлаб келган 28 ёшли Музаффар Россия фуқаросига уйлангани ва 2007 йилдан буён қонунларни бузмасдан Россия ҳудудида яшаб келаётганига қарамасдан чегарачилар томонидан пойтахтга киритилмаëтир. Ҳимоячилари Олтиев иши юзасидан маҳаллий суднинг тегишли қарори миграция ва ФСБ ходимлари томонидан бажарилмаётганига эътироз билдирмоқда.

Мана уч кундирки¸ 28 ёшли ўзбекистонлик ошпаз Музаффар Олтиев Шереметьево халқаро аэропортининг “F” терминалида кун кечирмоқда.

"Ягона миграция маркази" юристи Баҳром Исмоилов ўзининг “LIVEJOURNAL”даги саҳифасида Музаффар Рязандаги япон ва итальян ресторанларининг энг яхши ошпазларидан бири экани тўғрисида ёзди.

Музаффар - Рязаннинг энг яхши ошпазларидан бири

Музаффар - Рязаннинг энг яхши ошпазларидан бири

​Ҳуқуқ ҳимоячиси Олтиев 2007 йилдан буён Россияда ҳалол меҳнат қилиб келиши ва бирор маротаба қонунларни бузмаганини маълум қилди. Боз утига, 2015 йил бошларида у Россия фуқароси бўлган аёлга уйланган.

Баҳром Исмоилов Музаффар масаласида Озодликка изоҳ беришдан бош тортган бўлса-да, унинг саҳифасида Олтиевнинг Россияга кириши Москва вилояти бўйича миграция бошқармаси томонидан ман этилгани тўғрисида идоранинг расмий жавоби келтирилганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон фуқароси Олтиев Музаффар Ҳайдаралиевич 30 кунлик вақтинчалик яшаш муддати ўтганига қарамасдан¸ Россия Федерациясидан чиқиб кетмагани сабабли мамлакатга киритмаслиги тўғрисида тегишли идора қарори чиқарилди”, дейилади ФМС расмий жавобида.

"Ягона миграция маркази" юристлари Музаффар Олтиев иши билан жорий йилнинг март ойидан буён шуғулланаётгани, ўтган вақт ичида Люберци туман суди Музаффарнинг Россия қоидаларини бузмагани ва мамлакатда қонуний тарзда яшаб келганини аниқлаганини айтмоқда. Люберци судяси Москва вилояти бўйича ФМС бошқармаси ҳатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топиб¸ ўзбек муҳожири даъволарини қондирган

Музаффар Олтиев транзит зонасида

Музаффар Олтиев транзит зонасида

Суд қарори кучга киришидан 30 кунлик муҳлат ўтиши биланоқ, фарғоналик йигит миграция картасини янгилаш мақсадида Россияга кирди-чиқди қилишга уриниб кўришга қарор қилган. "Бундан олдин у Россия ФМСи расмий сайтида “қора рўйхатдагилар” қаторида эмаслигини текшириб олган", деб ёзди Баҳром Исмоилов.

2015 йилнинг 17 ноябрида Олтиев Шереметьево халқаро аэропортига учиб келиб¸ чегара назоратидан ўтиш пайтида Москва вилояти бўйича бошқарма тегишли ҳужжатларни Чегара хизматига юбормагани важидан ташқарига чиқарилмади.

“Чегара хизмати бошлиғи суд қарорини мутлақо бепарво қолдирди”, дейди ўзини Озодликка Борис деб таништирган Музаффарнинг ҳимоячиларидан бири.

- Йигитимизнинг қўлида суд қарори бўлишига қарамасдан у киритилмади. Аммо, бу қарор борлиги сабабли уни Ўзбекистонга депортация қилишмади – ФМСдагилар тез кунларда масалага ойдинлик киритишга ваъда беришди. Суд қарорининг бажарилмаслиги аслида жиноятдир¸ деди Борис.

Суд қарори бажарилиши талаби билан қилинган мурожаатнома

Суд қарори бажарилиши талаби билан қилинган мурожаатнома

Ўтган уч кун давомида юристлар суд қарори бажарилиши шартлиги (!) тўғрисида аризани Шереметьеводаги ФСБ ва ФМС бўлимларига топширишга эришган. Улар Москва вилояти бўйича Федерал миграция хизмати бошқармасида Музаффар Олтиев масаласи бир неча кун ичида ҳал этилишини билдиришганини гапиришмоқда.

ФСБ ва ФМСнинг Россия суди қарорини бажариш-бажармаслик тўғрисидаги текшируви якунигача фарғоналик ошпаз Музаффар Олтиев транзит ҳудудида қолади.

Айни пайтда, адвокатлар “Шереметьево”нинг F терминали орқали учиб кетаётган ёки кираётган фуқаролар Музаффарга зарур бўлган озиқ-овқат ва сув билан ёрдам беришни сўрамоқда.

Ўзбек муҳожирларининг Шереметьевода ноқонуний ушлаб қолиниши ҳолати биринчи маротаба кузатилаётгани йўқ.

Шу йилнинг 9 августида Германиядан Москвага учиб борган ўзбекистонлик таниқли олим, Узоқ Шарқ федерал университети кафедра мудири, профессор Йўлбарсхон Мансуров миграция қонунчилигини бузди, деган важ билан 4 кун Шереметьево аэропорти изоляторида сақланди. Ниҳоят, тортишувлардан кейин ФСБ ноҳақ эканини тан олиб, профессор Мансуровга киришга рухсат бергани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Россия Миграция идораси тарқатган расмий маълумотларга биноан, бугунга келиб мамлакатга 1 миллион 600 мингдан зиёд хорижликнинг Россияга вақтинчалик кириши ман этилган, яна 500 кишига давлат эшиклари умрбод ёпилган.

Ўтган 2014 йил давомида 38 минг асосан марказий осиёлик меҳнат муҳожири Хориж фуқароларини махсус сақлаш марказлари орқали Россиядан бадарға қилинди.

_______________________

Материал эфирга узатилган пайтда юрист Баҳром Исмоилов Музаффар Олтиев билан алоқа узилганини хабар қилди. “У аллақачон Ўзбекистонга чиқариб юборилган бўлиши мумкин. Ёки телефонини тортиб олиб қўйишган”, дея хулоса қилди ҳимоячи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG