Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:17

Cурат Икромов: Ўктам Пардаевнинг қамоққа олиниши уюштирилган


Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг маълум қилишича, Ўктам Пардаевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг пора олди-бердисида воситачилик қилиш банди бўйича 9 кишининг кўрсатмаси асосида жиноят иши очилган. Бу ҳақда Пардаев билан 20 ноябрь куни учрашган унинг адвокати Дилмурод Аҳмедов маълум қилган.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Ўктам Пардаев 15 ноябрь куни Жиззах вилояти Дўстлик тумани милицияси ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Маълум бўлишича, тўрт ой аввал Дўстлик тумани милицияси Рухия Баитова исмли аёлни товламачилик айблови билан ҳибсга олган.

Ўша аёл сўроқ пайти тўққиз кишидан пул олгани ва фуқаролар муаммоларини ҳал қилиб бериши учун шу пулларни Пардаевга берганини айтган.

- Бирини "милицияга ишга киргизаман", яна бирини "коллежга ишга киргизаман", деб пул олган эмиш. Бир фермерга "туман ҳокимига пул бериб, ер олиб бераман" деган эмиш. Ўзи акам милициядан азоб чекаётган бўлса, ҳокимлардан азият кўраётган бўлса, чиқиш визасини бир йилдан буён ололмай сарсон бўлиб юрган бўлса, қандай қилиб милицияга ишга киргизади, - дейди Ўктам Пардаевнинг укаси Шароф.

Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Ўктам Пардаев ҳуқуқ ҳимоячиси бўлгани учун ҳибсга олинган, дея баёнот берди.

Ташкилот раҳбари Сурат Икромовга кўра, жиззахлик фаолнинг қамоққа олиниши уюштирилган.

- 2015 йил бошида Ўктам Пардаев ИИБ ва МХХ ходимлари уни ҳибсга олиш учун сабаб излаётганини Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига ва халқаро ташкилотларга айтган эди. Жиззах ҳокими эса селектр йиғинида Озодлик радиосига интервью бергани учун Пардаевни "халқ душмани ва Американинг кўппаги", деб атаган ва уни овозини ўчириш ҳамда ҳибсга олиш учун кўрсатма берган экан, - дейди Сурат Икромов.

Ўктам Пардаев Ўзбекистонда қолган ва тазйиқларга қарамай фаолиятини давом эттириб келган оз сонли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидандир.

У бу йилги пахта йиғим-терими мавсумида Жиззах вилоятида мажбурий меҳнат ҳолатларини мониторинг қилди.

Сўнгги ойларда эса Пардаев чиқиш визаси ололмагани учун ўзининг ҳаракатланиш ҳуқуқлари топталаётганини айтиб, ҳукумат билан судлашаётганди.

XS
SM
MD
LG