Линклар

logo-print

Андижон вилояти Избоскан туманида аҳоли ўтган йили сотилмай қолган арзон нархдаги майда кўмирни олишга мажбур бўлмоқда. Туман ҳокимиятидаги йиғилишда иштирок этган манбага кўра, ҳоким бу кўмирдан сотиб, қутулиш ниятида эркин савдони тақиқлаган. Туман расмийларидан бири халқ тилида "Каримовнинг кўмири" деб аталадиган 15 минг тонна арзон кўмир вилоят бўйлаб сотилмай турганини айтди.

Республика бўйлаб, арзон нархда - килограми 300 сўмдан сотиладиган кўмирга аҳоли "Каримовнинг кўмири", деб ном қўйган ва манбаларга кўра, Избосканда унинг харидори кўп эмас.

Маҳаллий ҳокимият идораларидан бирида ишлайдиган манбага кўра, гарчи арзонлаштирилган кўмир тижорат нархидаги кўмирдан бир баробар арзон бўлса-да, майда бўлгани боис аҳоли харид қилишни истамаётир:

"6 ноябрь кунги йиғилишда туман ҳокими, 7 ноябрь куни эса Андижон вилоят ҳокими эркин нархдаги кўмир савдосини тақиқлаб қўйди. Шу арзон кўмирни сотиб, тугатинглар деяпти. 15 минг тонна экан вилоят бўйича қолиб кетган кўмир. Райондаги тадбиркорлардан бирининг 30 тонна тоза кўмирини мусодара қилишди, сотмайсан, дейишди", дейди избосканлик манба.

Избоскан тумани ҳокимлигида ой бошида ўтган йиғилишда иштирок этган бу манбага кўра, шу кунда туманда эркин нархда сотилаётган кўмир қарийб йўқ:

"Тадбиркорлар кўмир сотмаяпти ҳозир. Ҳохласанг, ана давлат нархидаги кўмирни ол, ҳохламасанг, ўзинг биласан, деган гапда ҳозир. Энди қурби етмаганлар оляпти, майда бўлса ҳам давлатни кўмирини. Иложисини қилганлар қўшни Наманган вилоятининг Ҳаққулобод шаҳрига бориб, килоси 500-600 сўмдан тоза кўмирни олиб келаяпти", дейди Исбозкан тумани марказида истиқомат қиладиган ва исмини ошкор қилишни истамаган манба.

Избоскан туманидаги вазиятдан хабардор бўлган ҳаққулободлик тадбиркорлардан бири бу маълумотларни тасдиқлади:

"Ҳозир Избосканда бирорта тадбиркор кўмир сотмаяпти. Сотишни тақиқлади. Ҳокими чиқиб огоҳлантириб сотмайсан, деган. Вилоят ҳокими қишга тайëргарлик бўйича мажлис қилганда, солиқчиларнинг гапи бўйича, 15 минг тонна кўмир бор вилоят бўйича, бултур халқ олмаган кўмир, биринчи ўринда сотилиши керак, шунинг учун вилоят территориясига кўмирни имкон қадар олиб келманглар, деган", деди Озодлик билан исмини айтмаслик шарти остида микрофонсиз суҳбатлашган ҳаққулободлик тадбиркор.

Озодлик бу маълумотларга Избоскан тумани ва Андижон вилояти ҳокимлигидан муносабат олишга уринди, аммо муваффақ бўлмади.

Избосканда арзон кўмир можароси бир неча йиллардан буён давом этмоқда. Хусусан, ўтган йили Андижон вилояти ҳокими 27 ноябрь куни Избоскан туманига бориб, эркин нархда - бир килограмини 550 - 500 сўмдан кўмир сотаётган тадбиркорларни тенг ярим нарх - 350 сўмга сотишга мажбурлагани кузатилган эди.

Ўшанда Избоскан тумани ҳокими Улуғбек Абдуллаев кўмирнинг тижорат нархларда сотилишига тақиқ қўйилганини тасдиқлаган ва бунинг кўмир нархининг ошиб кетишини олдини олиш учун қилинганини айтган эди:

- Эркин нарх йўқ. Буни тўхтатилишига сабаб, кўмир сотувчилар хоҳлаган нархини қўйиб сотишяпти. Биз аҳолини кўмир билан ўзимиз арзон нархда таъминлаймиз. Кўмир ҳамма жойда бор. Куни кеча яна 25 вагон кўмир келди. Ҳар бир қишлоқ фуқаролар йиғини эҳтиёжига қараб ажратганмиз, ҳаммаси қаттиқ назоратда. Ўзимиз тақсимлаб белгиланган нархда аҳолининг уйигача олиб бориб беряпмиз,- деган эди Улуғбек Абдуллаев.

Шу йўл билан эркин савдони тўхтатган маҳаллий раҳбарият давлат имтиёзи асосида килограми 300 сўмдан сотилаётган арзон кўмир сотиб юборишни ният қилган, аммо сотилмай қолган эди.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бир йилда 4 млн. тоннадан зиёд кўмир қазиб олади, бу миқдорнинг 85 фоизи электр энергияси ишлаб чиқаришга сарфланади.

Шу боис, Ўзбекистон ҳукумати 2015-2016 йилларидаги қиш мавсуми учун четдан 330 минг тонна кўмир сотиб олишни режасини маълум қилган. Бу ҳақда norma.uz нашри хабар берган. Хабарда айтилишича, бу кўмирнинг 100 минг тоннаси кўмир брикетлари ишлаб чиқариш учун ишлатилади, қолгани Ўзбекистон аҳолисига сотилади.

Озодлик билан суҳбатда арзон кўмирнинг сифати пастлиги, бундан ташқари, уни сотиш ҳуқуқини олган маҳаллий тадбиркорлар йиригини ажратиб олиб, кукун аралаш майдасини аҳолига сотиши ҳақида шикоятлар Озодликка кўп келган.

Ўтган йили аҳолига ярим миллион тонна кўмир сотилган. Шунингдек, бюджет ташкилотларига 300 минг тонна кўмир етказиб берилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG