Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:51

Тожикистонда “генерал Дўстум” ўлимига сабаб бўлганлар қамалди


Жўрабек Дўстовнинг паспорти.
Жўрабек Дўстовнинг паспорти.

Душанбе шаҳрининг Исмоил Сомоний туман суди пойтахтлик уч кишини Жазони ўташ бош бошқармаси махсус бўлими нозири Жўрабек Дўстовни ўлдирганликда айбдор деб топиб, уларни бир неча йилга озодликдан маҳрум этди.

Ҳамкасблари ва қишлоқдошлари орасида “генерал Дўстум” лақаби билан танилган Жўрабек Дўстов шу йил май ойи бошларида ғойиб бўлганди. Ўша пайтда одамлар Жўрабек жиҳод қасдида Сурияга кетиб қолган собиқ полковник Гулмурод Ҳалимов билан бирга кетган бўлиши мумкин, деган гумонда бўлганлар. Собиқ ОМОН раҳбари Ҳалимов Жўрабек Дўстовнинг ҳамқишлоғи эди. Бироқ Дўстовнинг яқинлари бу мишмишларга ишонмай, уни тоғу тош, дарё соҳилларидан излашда давом этганлар.

Жўрабекнинг укаси Тағойбек Дўстов ўша пайтда акаси йўқолгани ҳақида Душанбе шаҳар Сино туман ички ишлар бўлимига ва Фавқулодда вазиятлар қўмитасига ариза берилганини айтганди. Жўрабекнинг яқинлари Душанбе шаҳар маъмуриятидан Лучоб дарёси сувини вақтинча бўғишни ҳам сўраган.

Жўрабек Дўстовнинг жасади у ғойиб бўлганидан уч ҳафта ўтгач – 29 май куни Лучобдан топилган. Собиқ нозирнинг яқинлари унинг чўкиб ўлган бўлиши мумкинлигини назардан соқит қилмаганлар.

Аммо кейинроқ терговчилар уни душанбелик уч киши - Шуҳрат Юнусов, Ашурали Юнусов ва Азим Тошев маст аҳволда калтаклаб, Лучоб дарёсига ташлаб юборганини аниқлаганлар.

Исмоил Сомоний туман суди ҳукмига мувофиқ, Шуҳрат Юнусов 4,5 йилга, Ашурали Юнусов 4 йилга, Азим Тошев эса 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ҳодиса бўйича жиноий иш Тожикистон Жиноят кодексининг 237-моддаси 2-банди (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) ва 127-моддаси 2-банди (жабрланувчини эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга олиб борган хавфли вазиятда қолдириш) кабилар бўйича кўриб чиқилган.

Маҳкама жараёнида судланувчилар Дўстов жанжал пайтида “мен генерал Дўстумман” деганини ва улардан ароқ олиб беришни талаб қилганини эътироф этганлар.

Маҳкамада гувоҳ сифатида иштирок этган Дўстовнинг қариндоши Хайриддин Ғуломов унинг баъзан “Дидор” ресторанига кириб тургани, ресторан ходимлари уни “генерал Дўстум” деб билганларини тасдиқлаган.

XS
SM
MD
LG