Линклар

Тошкентда Интерпол собиқ раҳбари Савинковнинг 33та машинаси мусодара қилинди


Коррупцияда айбланган Савинков МХХ мулозими бўлган

Коррупцияда айбланган Савинков МХХ мулозими бўлган

Интерполнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси собиқ бошлиғи, МХХ полковниги ва тадбиркор, 56 яшар Юрий Николаевич Савинковнинг қимматбаҳо, антиквар автомобиллари коллекцияси ўтган ҳафтада мусодара қилинди. Тошкент ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага кўра, Бекободдаги 64/21-сонли қамоқхонада қолаëтган Савинковга қарашли 33та автомобилнинг ярми антиквар, ярми эса замонавий қимматбаҳо автомобиллардир.

Ўзбекистон ҳокимият элитасига яқин Озодлик манбаларининг айтишича¸ Савинковга қарашли автомобиллар коллекцияси ўтган ҳафтада Суд департаменти ижрочилари томонидан мусодара қилинган.

Озодлик манбаларига кўра, 33та автомобилни ўз ичига олган қимматбаҳо коллекция собиқ МХХ мулозимининг Тошкентдаги уйида сақланган.

Шунингдек, манбалар ярми антиквар, ярми эса замонавий қимматбаҳо автомобиллардан иборат бўлган бу коллекция бундан аввал ўзбекистонлик икки йирик тадбиркор - Дмитрий Лим ва Ботир Раҳимовлардан мусодара этилганини иддао қилмоқда. Бу икки тадбиркор 2010 йилда кетма-кет қамалгач, улардан "мусодара қилинган" коллекция, охир-оқибат, МХХ собиқ полковниги Савинковнинг уйидан топилгани айтилмоқда.

(Дмитрий Лим уйида ўтказилган тинтув туширилгани айтилган бу видеони Озодлик муштарийларидан бири таҳририятимизга юборган эди.)

2012 йилда олигархлардан тортиб олинган автомобиллар автотранспорт музейи ихтиёрига берилиши тўғрисида хабар қилинган эди.

Расмий маълумотларга кўра¸ Савинковнинг уйидан Ўзбекистон давлат санъат музейидан ўғирланган ўнлаб асарлар ҳам топилган.

Иддаолар ëки ўғрини қароқчи урдими?

Ўзбекистонга АҚШдан машина юбориш билан шуғулланадиган тадбиркорнинг исмини айтмаслик шарти билан иддао қилишича, Савинков ўз автомобил коллекциясини ўғирлик йўли билан барпо қилган:

- Ўрикзор улгуржи бозорининг собиқ раҳбари Дмитрий Даценович Лимнинг ҳашаматли ва раритет бўлган 82 та машинаси бор эди. 2010 йилда Лим қамоққа олинди ва машиналар мусодара қилинди. Менга маълум бўлишича, бу машиналардан бир қисмини Савинков ўзлаштирган,- деб иддао қилди тадбиркор.

Суҳбатдош иддаосига кўра, 2010 йил сентябрида қўлга олинган "Пахтакор" футбол клуби президенти, тадбиркор Ботир Раҳимовга оид автомобиллар ҳам пировардида Савинков ихтиëрига ўтган.

Савинков назарига тушган “Раҳимовнинг автомобилларидан бири” Bentley GT Coupe экани айтилади. Бу машинанинг нархи камида 200 минг АҚШ доллари атрофидадир.

Озодлик суҳбатдошнинг ишонишича, “автомобиллар Савинковнинг давлатга етказган зиëнини қоплаш учун ишлатилмасдан ҳозир амалда бўлган яна бир мулозим гаражидан ўрин олади”.

Қароқчи мулозим

Бундан олдин Ўзбекистон МХХ вакили Лазиз Ибодхўжаев маҳаллий матбуотда баëнот билан чиқиб, Давлат санъат музейидан ўғирлаб кетилган XIX-XX асрларга оид 32 та картина Юрий Савинков уйидан топилганини таъкидлаган эди.

Ўзбекистондаги бир қатор нашрлар МХХ мулозимининг баëнотидан иқтибос келтирган:

“Расмларни ўғирлаган жиноий гуруҳ Ўзбекистон маҳсулотларини чет элга ноқонуний олиб чиқиш ва Россияга героин етказиш билан шуғулланиб келган. Ноқонуний фаолиятдан олинган пуллар кўчмас мулк, автомобил ва санъат асарларига тикилган”,- дея МХХ мулозими Ибодхўжаевдан иқтибос келтирган маҳаллий матбуот.

Шу ой бошида Ўзбекистон музейларидаги дурдона асарлар тақдири Front Line ташкилотининг Лондондаги қароргоҳида жиддий муҳокама қилингани ва унда таниқли мунаққидлар ўзбек мулозимларининг музейлардан асар ўғирлаши мунтазам тус олганига эътибор қаратишди.

GK қаҳрига учраган полковник

Интерполнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси собиқ бошлиғи¸ МХХ полковниги ва тадбиркор, Ўзбекистон бош прокуратураси тарафидан қидирувга берилган 56 яшар Юрий Николаевич Савинков Тошкент талаби билан жорий йилнинг август ойида Россияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра¸ Юрий Савинков ноқонуний тадбиркорлик¸ катта миқдордаги валютани давлат чегарасидан изнсиз ўтказиш¸ хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш ва коррупцияда айбланмоқда.

Озодлик манбаси Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Минск келишуви бўйича Россия ҳуқуқ-тартибот органларига экстрадиция сўрови билан танишиб чиқиб, мана бу фикрни билдирди:

Сўров ҳужжатига Савинковнинг Ўзбекистонга ускуналар жўнатиш ниқоби остида пул ювиш билан шуғуллангани ва катта миқдордаги валютани ўзлаштирганига оид айбномалар илова қилинган”.

Манбага кўра¸ Ўзбекистонга экстрадиция қилинган Савинков аввалига республика МХХ ертўласида сақланиб, кейинроқ Бекободдаги 64/21 рақамли қамохонга ўтказилган.

Озодлик манбалари Савинков устидан суд бўлгани ëки бўлмагани ҳақида маълумотга эга эмас. Ўзбекистон МХХ вакили Лазиз Ибодхўжаевнинг Савинков ҳақидаги баëнотида ҳам суд бўлгани ҳақида билги йўқ.

Аммо, Савинковнинг мол-мулки суд ижрочилари тарафидан мусодара қилингани факти инобатга олинса, суд аллақачон бўлиб ўтган.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Озодликнинг бу борадаги саволини жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилда матбуот орқали қилган чиқишларида Юрий Савинковга қарши баёнотлар берган эди.

Жумладан, Туркиянинг “Ҳуррият” нашрига берган интервьюсида Гулнора Каримова Савинков ва ака-ука Шарифхўжаевларнинг коррупцияга аралашганини билдирган эди.

Бу ëзувлардан бир йилдан кўп вақт ўтиб Гулнора Каримова Twitterда қолдирган ёзувлар ва матбуотга берган интервьюларида исми зикр бўлган мулозимларнинг иши бирин-кетин “чаппа кетаëтгани”ни кузатиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG