Линклар

Ўтган ҳафтада Гулистон шаҳри ҳудудида 4 комплект учувчисиз учиш қурилмаси олиб қўйилди ва уларнинг эгаларига жазо чоралари қўлланилди.

Ўзбекистон Республикаси Электромагнит мослашув маркази мутасаддилари Гулистонда ўтказилган тадбирни Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги қарори ижроси сифатида баҳоладилар.

Ўзбекистон квадрокоптерлардан фойдаланишни тақиқлаган ягона мамлакат эмас, лекин жаҳоннинг кўплаб давлатларида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш тобора кенг ёйилмоқда.

Электромагнит мослашув маркази (ЭМММ) расмий сайтига кўра, Гулистондаги рейдни тилга олинган ташкилот Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ходимлари, маҳаллий божхоначилар, солиқчилар, милиция ва прокуратура ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган.

Рейд

Ўтказилган рейддан мақсад Гулистон шаҳри ҳудудига учувчисиз учиш қурилмаларини ноқонуний олиб кириш, сотиш ва фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўлган.

Хабарда айтилишича, Гулистон шаҳрида 4 комплект учувчисиз учиш қурилмаси борлиги аниқланган ва мазкур қонунбузарлик ҳолати юзасидан қурилмалар далилий ашё сифатида олиб қўйилиб, улардан ноқонуний фойдаланаётган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ қонуний чоралар кўрилган.

Номаълум жазо

ЭМММ Сирдарё вилоят бўлими мутасаддиси Озодликка рейд тўғрисидаги маълумотни тасдиқлар экан, аппарати олиб қўйилганларга қандай жазо қўлланилгани тўғрисида айтишни ва умуман Вазирлар Маҳкамасининг шу масалага оид қарори ижроси тўғрисида маълумот беришни истамади.

Нега дрондан фойдаланиш мумкин эмас?

Республика Электромагнит мослашув марказининг ўзини таништирмаган мутахассиси Озодлик саволига жавобан бундай деди:

- Дрон ҳавода учар экан, у муайян частотада ишлайди. Ўша частота кимгадир берилган частота бўлиши мумкин. Мана шундай пайтда дрон ўша частота эгасига ҳалақит беради. Муайян бир субъект фойдаланаётган частотадан бошқа биров дрони билан фойдаланмаслиги керак, деб тушунтирди мутахассис.

2014 йил кузигача мамлакатдаги айрим видеостудиялар тепадан панорама қилинадиган кадрлар учун радиобошқарувли дрон (Hexacopter)дан фойдаланиб келаётган эди.

Электромагнит мослашув маркази мутахассиси айтганларидан келиб чиқилса, ўша видеостудиялар назарий жиҳатдан дронларидан фойдаланишдла давом этса бўлаверадигандай – бунинг учун частотадан фойдаланиш ҳуқуқини олиш керак, холос.

Лекин дрон учун Ўзбекистонда ҳеч ким частота бермайди.

Вазирлар Маҳкамаснинг 2014 йил, 26 ноябрь кунги қарори билан пилотсиз бошқариладиган учувчи аппаратларни Ўзбекистонга олиб кириш, реализация қилиш ва улардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган. Ҳукумат ўз қарорини ҳаво кемаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳаво маконидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш мақсидида қабул қилган.

Дрон кўп, хилма-хил

Мутахассисларга кўра, дронлар ўлчамлари, вазни, ўрнатилган камера типи ва амалга оширадиган функцияларига қараб турличадир.

“Ўйинчоқ” дронлар ҳамда профессонал дронлар мавжуд. Маълумотларга қараганда Францияда жорий йил ёзида 100 мингдан ортиқ ўйинчоқ дрон ҳамда 2 мингтага етмаган профессионал дрон бор эди.

Франция қонунларига кўра, ҳар қандай фуқаро ўйинчоқ дрондан фойдаланиши мумкин. Фақат аҳоли пунктлари устида ҳамда тунда учирмаслиги, парвоз 150 метрдан баландда бўлмаслиги лозим.

Профессионал дронлар эгалари эса, фуқаро авиацияси қоидаларига бўйсуниши лозим.

Amazonнинг дрон-дастёрлари

Бош қароргоҳи АҚШда жойлашган Amazon Интернет магазини мижозлари буюртмаларини дронлар ёрдамида элтиб бериш ғоясини 2013 йили илгари сурган эди. Сўнгги хабарларга қараганда, Amazon бу соҳадаги уринишларини муваффақият билан давом эттирмоқда.

Дрон-табиб ва бошқалар

Мавзуга оид мақолаларимиздан бирида дрон-дастёрлар, дрон-табиблар, дрон-археологлар, дрон-сайёҳбошилар, дрон-қоровуллар ва ҳатто дрон-агрономлар мавжудлиги тўғрисида ёзган эдик.

XS
SM
MD
LG