Линклар

Дубайда шаҳвоний расмларини интернетда 150 минг кишига улашган ўзбекистонлик аёл ҳибсга олинди


Маҳаллий нашрларга кўра, ўзбекистонлик аёл "кийинаётган пайтида, ҳатто ҳожатхонада ҳам" ўз танасини расмга олишини билдирган

Маҳаллий нашрларга кўра, ўзбекистонлик аёл "кийинаётган пайтида, ҳатто ҳожатхонада ҳам" ўз танасини расмга олишини билдирган

Дубайда ўзбекистонлик аёл ўзининг интим расмларини ижтимоий тармоқларда 150 минг кишига тарқатганликда айбланиб ҳибсга олинди. Бирлашган Араб Амирликлари полициясининг Озодликка маълум қилишича, 35 ёшли аёл 18 ноябрь куни Дубай шаҳрида ҳибсга олинган ва ҳозирда унга нисбатан очилган жиноят иши прокуратурага оширилган. Прокуратура вакилларига кўра, ўзбекистонлик аёл айби судда исботланадиган бўлса, у жаримага тортилиши ёхуд бир неча ойгача қамоққа маҳкум этилиши мумкин. Бирлашган Араб Амирликларида бу каби ҳаракат беадаблик жиноятлари сирасига киради ва хорижликлар орасида тез-тез учраб туради.


Дубайда Ўзбекистон фуқароси ўзининг интим расмларини интернетда тарқатганликда гумонланиб, ҳибсга олингани тўғрисидаги хабарни Бирлашган Араб Амирликлари ҳуқуқ-тартибот идоралари Озодликка тасдиқлашди. Дубай полицияси вакили 35 ёшли аёл 18 ноябрь куни ҳибсга олингани ва беадаблик билан боғлиқ қонунбузарликда айбланаётганини билдирди.

- Бу аёл ҳибсда қолади. Тергов тугаганидан кейин унинг тақдирини суд ҳал қилади. Бундан ортиқ тафсилотларни телефон орқали бера олмайман,- деди полиция вакили.

Унинг яна айтишича, ҳозирда бу иш прокуратурага оширилган.

Дубайдаги маҳаллий нашрлар ҳибсга олинган ўзбекистонлик аёлнинг шахсини Н.К. деб бермоқда. Полиция уни шаҳвоний расмларини ижтимоий тармоқдаги 120 мингга яқин фолловерига юборганликда гумон этмоқда. Расмлар айнан қайси ижтимоий тармоқ орқали тарқатилгани аниқлаштирилмаган. Бундан ташқари Snapchat видео-мессенжери орқали бу аёл 30 минг кишига ҳам интим расмларини юборгани иддао қилинмоқда.

35 ёшли бу аёл ижтимоий тармоқда ўзини БАА фуқароси Лайла Ал Фаласий, деб таништирган. Дубай полициясининг электрон жиноятларни тергов қилиш бошқармаси ўтказган текширув натижасида, деярли кундалик равишда турли шаҳвоний позаларда тушган расмларни тарқатувчи аёл Шаржа шаҳрида истиқомат қилиши ваЎзбекистон фуқароси эканини аниқлаган. Полиция уни Дубай шаҳрининг Ал Барша мавзесидаги квартирада ҳибсга олган.

Сўроқ пайтида аёл БААга 20 йил аввал келгани ва бу мамлакат фуқаросига турмушга чиққани тўғрисида кўрсатма берган. Ижтимоий тармоқ аккаунтидаги Лайла Ал Фаласий исми сохта эканига иқрор бўлган.

“Мен кийинаётган пайтимда ва ҳатто ҳожатхонага кирган пайтимда телефоним ёрдамида ўз танамни суратга тушираман. Ва кундалик равишда турли расмларимни, ҳатто машинада кетаётганимда ёки жамоат жойларида ўз фолловерларимга жўнатаман”, дея ўзбекистонлик аёл сўзларидан иқтибос келтирди Khaleej Times нашри.

У Дубайда бундай ҳаракат жазога лойиқ жиноят эканидан бехабар бўлганини ҳам иддао қилган.

Дубай прокуратурасининг ўзини таништирмаган вакили Озодлик билан суҳбатда мазкур ҳаракат беадаблик жинояти ҳисобланиши ва жаримадан тортиб, қамоққа маҳкум этилиш билан жазоланишини айтади.

- Бу аёлга қандай жазо берилишини мен айта олмайман. Жазони суд беради. Унга жарима ҳам солиниши мумкин, бир ойлик қамоқ жазоси ҳам берилиши мумкин. Жиноятнинг оғирлигига қараб, енгилроқ ёки оғирроқ жазо бўлиши мумкин, буни олдиндан айтиб бўлмайди. Бу қонун хорижликларгагина эмас, БАА фуқароларига ҳам бирдек қўлланади. Лекин беадаблик билан боғлиқ бундай ҳаракатларни асосан хориж фуқаролари содир этади. Чунки хорижликлар ўз мамлакатларидаги қонунларни билади, бу ерда вазият бошқачалигини тасаввур ҳам қила олишмайди кўпинча. Хорижликлар бундай вазиятга тез-тез тушиб туради, дейиш мумкин,- дея таъкидлади Дубай прокуратураси вакили.

Суҳбатдош бутун мамлакатда қонун бир хил бўлишига қарамасдан Дубайда бу каби қонунбузарликлар учун БААнинг бошқа амирликларига қараганда енгилроқ жазо берилишини ҳам қўшимча қилди.

- Жазо бошқача бўлиши мумкин. Масалан Дубайдаги жазо Шаржадагидан фарқ қилиши мумкин. Лекин қонунлар ҳамма жойда бир хил,- дейди у.

Кўп йиллардан бери Дубайда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик Гулнора Дубай хорижлик сайёҳлар кўп борадиган манзил бўлгани учун қонунлар бироз юмшатилганини айтади.

- Масалан, Дубайда қўл ушлашиб юриш мумкин, уни ҳеч ким таъқиб қилмайди. Шаржада эса қонун кучли ва қўл ушлашиб юриш тақиқланади. Дубайда туризмни ривожлантириш учун қонунлар анча соддалаштирилган. Шаржада эса исломий удумлар мустаҳкамроқ бўлгани учун бу каби ҳолатларга жиддий қаралади,- дейди Гулнора.

Прокуратура вакили Озодлик билан суҳбатда ҳатто Дубайда ҳам хорижлик сайёҳларни қийин вазиятга тушириб қўйиши мумкин бўлган беадаб ҳаракатлардан огоҳлантирди. Унинг айтишича, жамоат жойларида икки жинс вакилининг бир-бирига ҳиссиётларини изҳор қилиши, қўл ушлашиб кўришиши, ўпишиши, аёлнинг номаҳрам эркак билан меҳмонхонада қолиши ёки жинсий алоқага киришиши, яланғоч суратларни телефон ёки интернет орқали тарқатиши беадаб ҳаракат ҳисобланади ва жазога тортилади.

Лекин Дубайда, масалан, пляжда аёлларнинг бикини чўмилиш кийимида бўлиши ёки аёл кишининг ўзи эркакка биринчи бўлиб қўл узатиши жиноят ҳисобланмайди. Бундан ташқари Дубай аэропортида бир-бири билан ҳайрлашаётган эр-хотиннинг ўпшиши ҳам қонун доирасида ҳисобланишини айтади прокуратура вакили.

2012 йилда филлипинлик бир аёл ҳам телефон орқали ўзининг шаҳвоний расмини бир эркакка юборгани учун суд қилинганини маҳаллий нашрлар ёритган эди.

Қози айбланувчи аёлга мурожаат қилиб “сиз беадаб тарзда тушган расмингизни бир эркакка, у билан жинсий алоқага киришиш мақсадида юборгансиз. Бошқача қилиб айтганда сиз шайтоннинг ишини қилгансиз”, дея таъкидлаган эди.

Аёл ўзини Филлипинга депортация қилишларини сўраганда, судья “сизни депортация қиламиз, лекин расмларингизни олиб қоламиз”, дея ҳазиллашгани мунозараларни келтириб чиқарган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG