Линклар

Қирғизистон тарихида биринчи марта доллар сотиб олиш муаммоси пайдо бўлди


Бишкекнинг Моссовет мавзесидаги валюта алмаштириш шаҳобчалари.

Бишкекнинг Моссовет мавзесидаги валюта алмаштириш шаҳобчалари.

Қирғизистонда сўнгги ойларда доллар нархининг кескин кўтарилиб бораётгани АҚШ валютасининг қиймати бир тушиб, бир кўтарилиб туришига кўникиб қолган қирғизистонликлар орасида ташвиш уйғотмоқда. Кейинги кунларда мамлакатда доллар нархининг пасайиши кузатилгани йўқ. Валюта алмаштириш жойлари ва банкларда долар сотиб олиш ҳам муаммога айланиб қолди.

Қирғизистонда 2015 йилнинг 11 ойи давомида доллар нархи 24 фоизга қимматлади. Бу эса қирғиз миллий валютаси - сўмнинг қадри шунча фоизга тушганини англатади.

Мутахасислар сўнгги кунларда Қирғизистон Миллий банки амалга оширган валюта интервенцияси ҳам доллар курсини барқарор ушлаб тура олмаётганини айтмоқда. Масалан, Миллий банк ноябрь ойида доллар нархини тушириш учун бозорга 35 миллион доллар чиқарган. Шунга қарамай, доллар сўнгги бир неча кун ичида яна 2 сўмга қимматлади. Бугунги кунда 1 АҚШ долларининг қиймати 75 сўмни ташкил қилмоқда.

Иқтисодчилар 2016 йилнинг бошларида 1 АҚШ долларининг қирғиз сўмига нисбатан қиймати 90-100 сўмга чиқишини башорат қилмоқда.

Қирғизистон Бош вазири Темир Сариев бу масалада “Озодлик” радиоси қирғиз хизмати саволларига жавоб берар экан: “Сўмнинг қадрини сақлаб қоламиз десак, Миллий банкдаги валюта заҳирасини йўқотиб оламиз. Доллар нархини барқарор ушлаб турадиган бўлсак, ишлаб чиқарган маҳсулотларимиз нархи қимматлаб, бошқа давлатлар биздан ҳеч нарсани харид қилмай қўяди. Шунинг учун Қирғизистонда эркин курсга амал қилинади. Бу курс савдо-сотиқ ва тўловлар баланси билан аниқланади”, -деб билдирган.

Қирғизистон Миллий банки эса доллар курсини барқарорлаштириш учун валюта алмаштириш шаҳобчаларини ёпишни, банкларда доллар билан кредит бериш амалиётини тақиқлашни таклиф қилаётир.

Миллий банк раиси Тўлқунбек Абдигуловнинг айтишича, бугунги кунда Қирғизистон банкларида сақланаётган омонатларнинг 60 фоизи доллар ҳисобидадир. Шунинг учун Миллий банк раиси долларда сақланаётган омонатлар учун устама фоизларни камайтириш орқали қирғиз иқтисодининг доллардан қарамлигини пасайтириш ташаббуси билан чиқмоқда.

Айни пайтда Қирғизистоннинг катта шаҳарларида долларни сотиб олиш муаммоси пайдо бўлди. Айрим банклар доллар сотишни тўхтатган ва хориждан келаётган пул жўнатмаларини ҳам қирғиз миллий валютасида беришни бошлаган. Қирғизистон янги тарихида биринчи марта валюта шаҳобчаларида ҳам долларни сотиб олиш муаммоси пайдо бўлган.

- "Экоисламикбанк”, "Аманбанк", "Финанс кредит банк" ва бошқа бир қатор банкларга кирдим. “Дўрдўй” бозорини кезиб чиқдим. Ҳеч бир жойда доллар сотиб ололмадим. Охири валюта алмаштириш шаҳобчаларига кира бошладим. Лекин улар ҳам юз доллардан ортиқча доллар сотмаймиз, дейишаяпти. Нима қилишни билмай қолдим,- дейди доллар олиш ғамида юрган бишкекликлардан бири.

Бишкекдаги валюта алмаштириш шаҳобчаларидан бирида ишловчи Чингиз Билибаев эса саррофларнинг ўзида ҳам доллар сотиб олиш муаммоси борлигини айтди:

- Долларни ҳозир фақат мижозлардан сотиб олаяпмиз. Доллар сотишни истаган мижозлар бугунги кунда жуда оз. Банклар эса доллар сотмаяпти. Доллар сўраб келганларни банкка жўнатсак, улар банклар ҳам доллар сотмаяпти, деб айтишаяпти, - деди сарроф.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG