Линклар

logo-print

Сейсмология институти Тошкентда ҳалокатли зилзила бўлиш эҳтимолини рад этди


Қирғизистондаги эпицентрида кучи Рихтер шкаласи бўйича 7 баллга тенг бўлган тебранишларни кейинги кунларда водийликлар қатори¸ тошкентликлар ҳам тез-тез ҳис қилмоқда.

Қирғизистондаги эпицентрида кучи Рихтер шкаласи бўйича 7 баллга тенг бўлган тебранишларни кейинги кунларда водийликлар қатори¸ тошкентликлар ҳам тез-тез ҳис қилмоқда.

Тошкентда яқин кунларда даҳшатли зилзила бўладию¸ шаҳар тамом вайронага айланади¸ деган ваҳимага муносабат билдирган Марказий Осиë Ер тадқиқотлари институти директори Болот Молдобеков¸ кейинги 9 кун ичида Тошкентда беш марта ер қимирлаши қайд этилганида қўрқувга асос бўладиган жиҳат йўқлигини таъкидлайди. Мутахассисга кўра¸ қисқа муддат ичида кучсиз ер қимирлашининг тез-тез кузатилиши¸ аслида кучли зилзилалар олдини олиши мумкин.

1966 йил 26 апрелида рўй берган 8 баллик зилзиладан сўнг қарийб вайронага айланган Ўзбекистон пойтахтида айни кунларда бу зилзилага 50 йил тўлиши арафасида яна кучли зилзила бўларкан¸ деган ваҳима тарқаган.

Бу ваҳима шу қадар кучлики¸ Ўзбекистон Сейсмология институти раҳбари институт расмий сайтида рус тилида:

“23 ноября 2015 г. неизвестные лица пустили слух, что в Ташкенте в течение дня произойдет 10-балльное землетрясение. Население звонит на сейсмическую станцию "Ташкент" и в Институт сейсмологии для подтверждения этой информации. Прогноз возможности землетрясения в Ташкенте Институтом не давался и по нашим данным возможность такого землетрясения отсутствует.

И.о. директора института – Хусомиддинов Сабриддин Самарович”¸

деган баëнот эълон қилишга мажбур бўлди.

Бу ваҳима ва унга билдирилган раддия юзасидан Ўзбекистон Сейсмология институти раҳбариятидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади – институт олимлари бу масала бўйича телефон орқали гаплашишни истамадилар.

Янгийўлдаги сейсмология станцияси ходимларидан бири ҳам бу саволга жавоб бериш ваколати йўқлигини айта туриб¸ айни пайтда¸ Тошкентда кучли зилзила бўлиш-бўлмаслигини олдиндан аниқ айтиш имконини берувчи ускуналар Ўзбекистонда йўқлигини қўшимча қилди.

Бишкекдаги Марказий Осиë Ер тадқиқотлари институти директори Болот Молдобеков Озодлик билан суҳбатда Тошкентда яқин кунларда кучли ер қимирлаши бўлади ëки бўлмайди деб аниқ айтишнинг имкони йўқлигини таъкидлайди.

Айни пайтда олим кейинги 9 кун ичида Тошкентда беш маротаба 2-3 баллик ер қимирлаши кузатилганини эпицентри Помир-Олой ҳудудида жойлашган тебранишлар билан боғлиқ эканини айтади:

- Помир-Тяньшань минтақасида кучли¸ лекин ҳалокатли бўлмаган зилзила бўлиши доим кутилган воқеа. Сейсмология институтлари бу ҳақда олдиндан узоқ муддатлик прогнозларни бериб келади. 2015-2015 йилларда бу ҳудудда фаол сейсмик жараëнлар кузатилишини олдиндан биламиз. Фарғона водийсида кейинги кунларда кетма-кет кузатилаëтган зилзилалар ер остидаги ëриқларнинг фаоллашуви оқибатида ер қобиғида тўпланиб қолган кучли таранглик ифодасидир. Эпицентрда кучи 7 баллдан ошмаëтган бундай зилзиланинг бўлаëтгани аслида яхши ҳодиса¸ чунки бу тебранишлар ер қобиғидаги тарангликни тарқатиб¸ ҳалокатли зилзилалар эҳтимоли олдини олмоқда¸ дейди қирғизистонлик мутахассис.

Озодлик: Марказий Осиëдаги Сейсмология институтлари 2015-2016 йилларнинг минтақада сейсмик фаол бўлишини олдиндан билган бўлса¸ нима учун бу эҳтимолдан аҳолини олдиндан огоҳлантирмадилар?

- Одатда кераксиз ваҳима бўлмасин¸ деган мақсадда аҳоли зилзила эҳтимолидан олдиндан огоҳлантирилмайди. Зилзила бўлади десангизу¸ бўлмай қолса¸ унда балога қоласиз! Аммо давлат тизимлари¸ биринчи галда¸ Фавқулодда ҳолатлар вазирлигига бундай прогноз олдиндан берилади ва улар тахминан қачон¸ қайси ҳудудда қандайдир сейсмик тебранишлар бўлиш эҳтимоли ҳақидаги таҳлилларни биладилар. Прогнозлар ҳам ҳар хил бўлади – 10-8 йиллик узоқ муддатлик¸ 5 йиллик ўрта муддатлик таҳлиллар бор. Аммо қисқа муддатлик прогноз бериш жуда қийин.

Озодлик: Агар Марказий Осиë Сейсмология институтлари ва станцияларида бир неча кун ëки ой ичида фалон жойда фалон баллик зилзила бўлади¸ деб олдиндан айтишга имкон берувчи қурилма-ускуналар бўлмаса¸ ундан чиқадики¸ Тошкентда яқин орада кучли зилзила бўлмайди¸ деб аниқ айтишнинг ҳам иложи йўқ эканда!

- Тошкентда ҳалокатли зилзила бўлади¸ деган ваҳималарни бутунлай асоссиз деб айтишга ҳам асосимиз йўқ. Тошкент ҳудуди бутунлай бошқа сейсмик блокка қарашли. Марказий Осиë ҳудуди чуқур ëриқлар орқали Фарғона водийси массиви¸ ички Тяньшань массиви¸ шимолий Тяньшань массиви каби ҳар хил блок ва массивларга бўлинган. Кейинги кунларда тошкентликлар ҳис қилаëтган кучсиз ер тебранишлари Помир-Олойдаги қимирлашнинг ўзига хос акс-садоси¸ холос. Тошкент Чотқол-Қурама массиви устида жойлашган ва бу сейсмик жиҳатдан фаол ҳудуд ҳисобланади. Бу ҳудуддаги жараëнларни Ўзбекистон Сейсмология институти кузатиб¸ таҳлил қилиб келади. Улар массивдаги таранглик даражаси¸ ëриқлардаги фаоллашув¸ плиталар ҳаракати каби турли параметрлар орқали комплекс таҳлил олиб боради ва Ўзбекистон Сейсмология институти раҳбари эълон қилган баëнотга қараганда¸ ҳозирда Тошкентда кучли зилзила бўлишидан дарак берувчи жараëнлар йўққа ўхшайди.

Озодлик: Жорий ҳафта Ўзбекистон ҳукуматининг Қирғизистон ва Афғонистонда тез-тез кузатилаëтган ер қимирлашлари муносабати билан янги сейсмостанциялар қуриб¸ йил охирига қадар ишга туширилиши ҳақидаги қарори эълон қилинди. Ер қобиғидаги ҳаракатларни кузатиб борувчи бундай станциялар қурилиши тезлашишини¸ кучли зилзила эҳтимолига тайëргарлик деб баҳолаш мумкинми?

- Тяньшань минтақасининг сейсмик жиҳатдан фаол эканини ҳамма билади¸ аммо бу ҳудудда ер қобиғи ва остидаги ҳаракатларни мунтазам кузатиб боришга имкон берувчи мониторинг тизими етарли эмас. Шу боис¸ минтақадаги ҳамма давлатлар прогноз ва сейсмик таҳликага баҳо бериш мақсадида бунақа станциялари сонини кўпайтирмоқда¸ янги сейсмик ускуналар ўрнатмоқда. Непалдаги кучли зилзиладан кейин ëзда Японияда халқаро форум ўтказилди ва унда инсоний ва бошқа талофатлар олдини олиш каби мақсадларда¸ хусусан¸ Тяньшань-Помир тоғ тизимларида ер қобиғидаги жараëнларни мониторинг тизимларини кенгайтириш ҳақида декларация қабул қилинди. Менимча¸ Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа давлатларда халқаро жамғармаларининг молиявий ëрдами билан янги сейсмостанциялар сони кўпайтирилаëтгани ана шу декларация билан боғлиқ.

Озодлик: Технологик мўъжизалар кўпайиб бораëтган ҳозирги даврда кучли зилзилани олдиндан аниқ башорат қилиш имконини берувчи технологиялар борми дунëда? Масалан¸ ер юзининг энг сейсмик фаол қисмида жойлашган тараққий қилган Японияда?

- Ер юзининг турли бурчагида кузатилаëтган ҳамма ҳалокатли ер қимирлашларидан келиб чиқилса¸ мана бу жойда¸ мана шу куни мана шунча баллик зилзила бўлади¸ деб аниқ айтишга имкон берувчи қурилмалар йўқ. Адашмасам¸ фақат бир марта хитойликларгина зилзила бўлажагини қисқа муддат олдин билиб¸ ҳаракат қилишган¸ холос. Японияга келсак¸ японлар зилзилани прогноз қилиш билан умуман шуғулланмайдилар. Бунинг ўрнига улар бор диққатини қанақа кучли ер қимирлаши рўй бермасин¸ шунга бардош бера оладиган инфратузилма¸ иншоот ва уй-жой қуриш каби аксилсейсмик ҳаракатларга қаратиб келади.

Озодлик: Сейсмологлар зилзилани олдиндан прогноз қилишда¸ ер тебранишларининг даврийлиги¸ такрорийлиги ва циклларга эгалигини инобатга олади. Келаси йил баҳорда Тошкентни вайрон қилган зилзилага 50 йил бўлади. 50 йилдан кейин айни шундай ҳалокатли зилзиланинг такрорланиш эҳтимолини қандай баҳолайсиз?

- Албатта¸ зилзилаларнинг айни жойда қанчадир вақтдан кейин яна қайталаниши кузатиладиган ҳодиса. Ашхобод зилзиласига 100 йил тўлиши арафасида туркманлар орасида ҳам ваҳима кучайиб¸ 100 йилдан кейин айни фалокат қайталанади¸ деган қўрқувлар тарқаган эди. Худога шукур¸ бундай бўлмади. Тошкент зилзиласидан 50 йил ўтиб у такрорланади¸ деган ваҳималарда ҳам¸ ҳеч қандай илмий асос ва таҳлил¸ ҳозирча йўқ. Умид қиламизки¸ 2016 йил баҳорида Тошкентда ҳеч қандай ҳалокатли зилзила бўлмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG