Линклар

logo-print

Тошкентдаги АҚШ элчиси Керри-Каримов музокаралари натижасини очиқлади


АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Памела Л.Спратлен

АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Памела Л.Спратлен

АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг С5+1 форматида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга сафаридан бир муддат ўтиб, АҚШнинг Тошкентдаги элчиси сафар якунларини матбуотга тақдим қилди. Озодлик билан суҳбатда элчи Памела Спратлен Жон Керрининг Тошкентга сафари чоғида минтақавий ҳамкорлик, хавфсизлик, иккитомонлама алоқалар ҳамда инсон ҳуқуқлари масаласи кўтарилганини таъкидлади. Элчи АҚШ журналисти Керол Морелло музокара хонасидан чиқариб юборилиши ҳақида ҳам изоҳ берди.

С5+1

АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг ой бошида Марказий Осиёга қилган сафарида Афғонистон хавфсизлиги ва бу давлатда сафи кенгайиб бораётган ИШИД (“Исломий давлат” – таҳр.) террор гуруҳининг минтақага таҳдиди ҳамда бу таҳдидни бартараф қилишда 5 республика ҳукуматларининг ўзаро ва Вашингтон билан ҳамкорлигига доир масалалар муҳокама қилингани матбуотга айтилди.

Айниқса, беш республика ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг Марказий Осиёга нисбатан амалда жорий этилаётган С5+1 форматида Самарқандда ўтказган учрашуви матбуот диққат марказида қолди.

Аммо, Давлат котиби Жон Керри ва президент Ислом Каримов ўртасидаги иккитомонлама музокараларда ўзаро ҳамкорликка оид қанақа келишувларга эришилди, хусусан, ҳарбий ҳамкорликка оид бирор келишув бўлдими, каби саволлар шу кунгача очиқ қолаётган эди.

АҚШнинг Тошкентдаги элчиси сафар якунлари борасида Озодликка эксклюзив интервью берди ва бу борадаги саволларга жавоб берди.

Тўрт мақсад

Жон Керрининг давлат котиби сифатида ушбу минтақа, хусусан, Ўзбекистонга қилган илк сафарини тарихий аҳамиятга эга, деб алоҳида урғулаган элчи Памела Спратлен давлат котиби сафари чоғида минтақавий хавфсизлик масаласи кўтарилди, аммо бу масала сафардан кўзланган 4 муҳим мақсаддан бири эди, деб таъкидлади.

Элчига кўра, асосий мақсад, Давлат котибининг минтақадаги ҳамкорлари билан учрашиши ҳамда иккитомонлама ва ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиши бўлган:

- Биринчи мақсад, АҚШ ҳукумати минтақадаги ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қувватлашини яна бир карра билдириш эди ва сафар давомида давлат котиби буни такрор ва такрор урғулади. Иккинчи жиддий мақсад, Афғонистон хавфсизлиги, ИШИД таҳдидининг ошиши билан боғлиқ вазият ва умумиятла, хавфсизлик масалаларини минтақа давлатлари билан муҳокама қилиш эди. Учинчи мақсад, минтақа давлатлари орасида ҳамкорлик, айниқса, иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга туртки бериш ҳамда тўртинчи мақсад, умумиятла, дунёдаги бугунги вазият ва хавфсизликни таъминлашга оид омилларини муҳокама қилиш эди. Табиийки, бу борада минтақа ҳукуматлари ўз мажбурият ва бурчларини тўлиқ бажариш, инсон ҳуқуқларига риоя қилишга чақирилди. Яъни, мен айтмоқчи бўлганим, бу сафардан кўзланган бош мақсад С5+1 формати доирасидаги учрашувлар ва айни пайтда Ўзбекистон билан икки томонлама алоқалар бўлди, деб айта оламан, - деди элчи Спратлен.

Ҳарбий база масаласи

Озодлик мухбирининг томонлар ўртасида ҳарбий ҳамкорликка оид муайян келишувларга эришилдими, хусусан, Ўзбекистонда ҳарбий база очиш эҳтимоли муҳокама қилиндими, деган саволига жавобан элчи хоним: “Йўқ”, деб жавоб берди:

- Яна такрорлайман, Марказий Осиёга давлат котиби сифатида илк бор келган жаноб Керри минтақадаги ҳамкорлари билан учрашиш, ўртада турган долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ҳамкорликни кучайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Ҳарбий база масаласи ёз ойларида АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари, генерал Ллойд Остиннинг Ўзбекистонга сафари чоғида кўтарилган эди. Ўшанда АҚШ томонининг Ўзбекистонда бирор ҳарбий база очиш нияти йўқлиги айтилган ва шундан буён бу масалада бирор янги гап бўлгани йўқ, - деди элчи.

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари, генерал Ллойд Остин шу йилнинг 27 июлида Ўзбекистонга борган ва Тошкентда Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари, халқаро ва минтақавий даражадаги ҳарбий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган эди.

Мурод Жўраев иши

1 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг Ўзбекистонга сафаридан бироз ўтиб - 12 ноябрь куни Ўзбекистон қамоқхоналарида 20 йил сақланган сиёсий маҳбус Мурод Жўраев озодликка чиқарилди. Жамоатчилик буни бевосита АҚШ давлат котибининг Ўзбекистонга сафари ва унинг президент Каримов билан ўтган иккитомонлама музокаралари натижасига боғламоқда.

Зеро, сўнгги йиллар давомида икки давлат ўртасидаги мулоқотларда кузатилган анъанага кўра, АҚШ давлат котибининг Ўзбекистонга сафари олдидан ёки сафаридан сўнг халқаро ташкилотлар кузатувида бўлган сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши кузатилган.

Озодликнинг АҚШ томони бу галги музокараларда Ўзбекистон ҳукуматига қўйган талаблардан бири айнан 20 йиллик маҳбус Мурод Жўраевнинг озод этилишимиди, деган саволга элчи хоним шундай жавоб берди:

- Инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, фуқаролик жамияти вакилларига эркинлик бериш ва сиёсий маҳкумларни озод этиш талаби мунтазам равишда АҚШ Давлат департаменти кун тартибида турган масалалардандир. Эътибор берган бўлсангиз, департамент жаноб Жўраевнинг озод қилинишини олқишлаб, баёнот эълон қилди ва бошқа сиёсий маҳкумларга ҳам озодлик берилишини сўради. Жаноб Жўраевнинг озод қилиниши Давлат котиби Керри сафарига боғланишига келсак, Ўзбекистон ҳукуматининг айни қарорида бизнинг бирор таъсиримиз бўлганидан, албатта, мамнунмиз. Аммо, мен бу икки ҳодисани бир-бирига боғлай олмайман, - деди элчи Спратлен.

Керол Морелло иши

Маълумки, 1 ноябрь куни Жон Керри ва Ислом Каримов ўртасида Самарқандда ўтган иккитомонлама учрашув пайтида АҚШдаги Washington Post газетаси мухбири Керол Мореллонинг музокаралар хонасидан куч билан чиқариб юборилди.

Ҳодиса ҳақида ёзган ғарб матбуоти, хусусан, Америка нашларида Washington Post газетаси мухбири Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақида президент Каримовга савол беришга ҳаракат қилгани, бироқ Ўзбекистон хавфсизлик хизмати талаби асосида учрашув жойидан чиқариб юборгани хабар қилинди.

Озодлик элчи Спратленга “АҚШ журналисти музокаралар хонасидан нега қувилди ва бу Ўзбекистон томонининг талабимиди?” деган саволни ҳам берди:

- 1 ноябрь куни жаноб Керри ва жаноб Каримов ўртасидаги иккитомонлама учрашув бошида мухбирларнинг суратга олишига рухсат бериш режаланган эди. Профессионал журналистлар бунда, одатий матбуот анжуманларидан фарқли равишда, савол берилмаслигини яхши билишади. Шунга қарамасдан, АҚШ журналистлари орасида савол бериш ҳоллари кўп учрайди. Яъни, АҚШ журналисти савол берди ва бу режаланмаган эди. Шу боис, журналист учрашув хонасидан чиқариб юборилди. Бу воқеа ҳақидаги тўлиқ маълумотни Давлат департаменти матбуот бўлими раҳбари Элизабет Трюдо баёнотларидан топишингиз мумкин, - деди элчи.

Давлат департаменти матбуот бўлими раҳбари Элизабет Трюдо 2 ноябрь куни Вашингтонда журналистлар билан ўтган мулоқоти чоғида расмийлар Самарқандда журналистлар билан бўлиб ўтган воқега нисбатан нуқтаи назарини қайта кўриб чиқишини маълум қилган.

У журналистлар ҳайдаб чиқарилиши ортидан Давлат департаменти хавфсизлик хизмати агентларининг фаолиятига ўзгартиришлар киритиш масаласини ҳам кўриб чиқишини билдирган эди.

Мажбурий меҳнат

Жаноб Керрининг Ўзбекистонга сафари мамлакатда мажбурий меҳнат кампанияси остида ўтган пахта-йиғим терими якунланаёзган пайтга тўғри келди. Халқаро ташкилотлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти дунё ҳамжамиятини мамлакатдаги бу йилги йиғим-теримида ҳам катталар ва болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш ҳоллари кузатилганидан огоҳлантирди.

Озодликнинг бу муаммо ҳам Керри ва Каримов ўртасида ўтган иккитомонлама учрашувларда кўтарилдими, деган саволига элчи “Томонлар учрашувнинг пахта терими якунига тўғри келиши тасодиф эди”, деб жавоб берди:

- Сафар вақти пахта теримига тўғри келди ва айтишим жоиз, бу тасодиф эди. Лекин, таъкидлашим керакки, АҚШ ҳукумати ва бизнинг элчихона Ўзбекистонда ўтаётган пахта терими жараёнини диққат билан кузатаяпмиз. Ҳукуматни бу борада халқаро ташкилотлар, хусусан, Жаҳон Банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик қилишга ундамоқдамиз. Албатта, элчихонамизда ҳамда Вашингтондаги ҳамкорларимиз билан бу вазиятни, бу борада сиз бериб бораётган хабарларни кузатиб бораяпмиз, кузатишда давом этамиз, - деди Озодлик билан суҳбат якунида АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Памела Спратлен.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG