Линклар

Россия Су-24 учоғининг уриб туширилишини Туркиянинг провокацияси, дея атади


Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 24 ноябрь куни Туркия-Сурия чегарасида Россия ҳарбий учоғининг уриб туширилганини “аввалдан режалаштирилган провокация”, дея атади. Лавров Анқаранинг НАТО бўйича иттифоқчилари “Туркия ҳаво кучларининг кечаги қилмишини хаспўшлашга уринмоқда”, дея баён қилди. Туркия расмийлари рус учоғи мамлакат ҳаво ҳудудлари дахлсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида уриб туширлганини айтмоқда. Айни пайтда чоршанба куни Москвадаги Туркия элчихонаси ойналари намойишчилар томонидан тошбўрон қилинди.


Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 25 ноябрь куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида бир кун аввал Туркия жанговар учоғи Сурия шимолида ҳаво ҳужумларини амалга ошираётган Россия бомбардимончисини уриб туширганини “атайлабдан қилинган ҳаракат”, дея атади.

- Бу атайлаб қилинган ҳаракат эмаслигига жиддий шубҳаларимиз бор. Бу аввалдан режалаштирилган провокацияга жуда ўхшамоқда,- дея таъкидлади Лавров.

24 ноябрь куни Туркия Су-24 бомбардимончисини уриб тушириши оқибатида рус пилотларидан бири ҳалок бўлди.

Лавров шунингдек, НАТО ва Европа Иттифоқини воқеа хусусида “анчайин ғалати баҳо” бераётганликда айблаб, улар тарафидан ҳатто “ҳамдардлик изҳор этилмагани”дан гина қилди.

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Жавушўғли чоршанба куни Лавров билан телефон орқали боғланиб, юзага келган вазиятни муҳкокама этгани ва у билан яқин келажакда учрашиш бўйича келишиб олганликларини билдирди.

25 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Су-24 жанговар учоғи уриб туширилишига муносабат билдириб яна бир бор Туркияни “исломий экстремиз ҳомийси”, дея атаб, Анқара ҳукуматини йиллар давомида мамлакатни “исломлаштириш сиёсатини” амалга ошираётганликда айблади.

- Муаммо биргина биз кеча юзма-юз келган фожиада эмас. Муаммо аслида анча чуқурроқдир. Биз буни кузатяпмиз, нафақат биз, буни бутун дунё кўриб турибди. Туркиянинг бугунги раҳбарияти кўп йиллар давомида ўз мамлакатини исломлаштиришган қаратилган аниқ мақсадни кўзловчи сиёсатни олиб бормоқда,- деди Путин.

Кремль раҳбари шунингдек, Сурияда ҳаво ҳужумларини амалга ошираётган Россия учоқлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида яқин вақт ичида Сурияга С-300 ракета комплекслари жойлаштирилишини билдирди.

Туркия раҳбарияти Россия билан ўзаро муносабатлар бузилиши тарафдори эмаслигини баён қилиб, шу билан бирга мамлакат ҳаво ҳудудлари бузилишига йўл қўймаслигини айтмоқда.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат ҳаво кучлари Су-24 учоғини уриб туширишдан аввал 5 дақиқа ичида 10 маротаба Туркия ҳаво ҳудудларини бузмасликдан огоҳлантирганини баён қилди. Учоқ пилотлари ўзларини таништирмагани боис унинг Россияга тегишли эканини олдиндан билмаганини ҳам таъкидлади Туркия раҳбари.

- Ҳисобот ўлароқ, Сурия ҳудудига тушган учоқнинг айрим парчалари бизнинг ҳудудимизга тушганини айтишим мумкин. Бунинг натижасида икки ватандошимиз яраланди. Кейинчалик Россияда ишлаб чиқарилган бу учоқ Россия Федерациясига тегишли бўлганини Россия мулозимлари баёнотларидан сўнг билдик, деди Эрдўғон.

Туркия президенти учоқнинг уриб туширилиши “мамлакатимиз хавфсизлиги ва “биродарларимиз ҳақ-ҳуқуқларини” ҳимоя қилиш” мақсадида амалга оширилди, дея таъкидлади. Бунда у Сурия шимолида Россия ҳаво зарбалари нишонига айланган маҳаллий туркманларни назарда тутиб гапирди.

Рус уочғи уриб туширилишига норозилик билдириб, Туркиянинг Россиядаги элчихонаси олдига чиққан намойишчилар 25 ноябрь куни элчихона биносини тошбўрон қилишди.

“Эхо Москвы” радиосининг хабар қилишича, тошбўрон оқибатида элчихона ойналари чилпарчин бўлган.

Хабарларга кўра, Туркия элчихонаси ёнида қора куртка ва қора бош кийим кийган ёш йигитлар гуруҳи тўпланган.

Сешанба куни Истанбулда ҳам Россия консуллиги олдида норозилик намойиш ўтказилди. Намойишчилар Россиянинг Суриядаги бомбардимонларига қарши шиорларни айтиб чиқишди.

Айни пайтда чоршанба куни уриб туширилган Су-24 пилотларидан бири тирик қолгани маълум бўлди. Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу аскарнинг аҳволи қониқарли экани ва Россия базасига олиб кетилганини билдирди.

Сешанба куни Вашингтонда Франция Президенти Франсуа Олланд билан учрашган АҚШ Президенти Барак Обама бу ҳодисага муносабат билдириб, Туркия ўз ҳаво ҳудудларини ҳимоя қилишга ҳақилдир, дея баён қилиб, Анқара ва Москвани вазиятнинг кескинлашуви олдини олишга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG