Линклар

Москва Туркияда рус қирувчи учоғининг уриб туширилишини “аввалдан режаланган провокация” демоқда


Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Туркия-Сурия чегарасида рус жанговар учоғининг ўққа тутилиши “аввалдан режаланган провокация” бўлса керак, деган тахминни илгари сурди ва “Анқаранинг НАТОдаги иттифоқчилари Туркия ҳарбий-ҳаво кучларини ҳимоя қилишга уринаяпти”, дея баён қилди.

Лавров бу баёнотни Сурия шимолида ҳаво зарбалари бераётган рус ҳарбий самолёти турк қирувчи учоғи томонидан уриб туширилганидан бир кун кейин, яъни 25 ноябрь куни Москвада журналистлар олдида қилган чиқишида берди.

Ҳодиса чоғида бир рус учувчиси ҳалок бўлган.

Лавров НАТО ва Европа Иттифоқи ҳодиса ҳақида “анча ғалати баҳо” берганини билдирди ва улар бу борада ҳеч қанақа таассуф ёки таъзия билдирмаганидан нолиди.

“Москва бу нохуш ҳодисанинг қасдан содир этилмагани ҳақида шубҳаланаётгани”ни айтган Лавров Россия уриб туширилган Су-24 учоғи ҳақида маълумот тўплагани ва уни халқаро ҳамжамият билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.

Россия ташқи ишлар вазири Москва Туркияга ўз дипломатларини йўллаш ёки туркиялик мулозимларни қабул қилиш бўйича ҳеч қанақа режага эга эмаслигини қўшимча қилди.

Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Лавров билан телефон орқали сўзлашгани ҳамда икки вазир яқин орада учрашишга келишиб олганлари ҳақида хабар қилинганди.

XS
SM
MD
LG