Линклар

Олланд Путин билан террорчиликка қарши кураш масаласини муҳокама қилмоқчи


Франция президенти Франсуа Олланд ва Россия президенти Владимир Путин.

Франция президенти Франсуа Олланд ва Россия президенти Владимир Путин.

26 ноябрь куни Франция президенти Франсуа Олланднинг Москвада Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказиши кутилмоқда.

Бу ҳафта Франция президенти Париждаги террор хуружлари учун масъулиятни зиммасига олган “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш борасида дунёнинг етакчи давлатлари лидерлари дастагини қозониш мақсадида улар билан учрашувлар ўтказмоқда.

25 ноябрь куни Франсуа Олланд Парижда Германия канцлери Ангела Меркель билан учрашди. Олланд Германияни Ироқ ва Сурияда “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашда фаолроқ бўлишга чақирди. Ўз навбатида Меркель террорчиликка қарши курашда Францияни дастаклаш учун қўлидан келган барча ишни амалга оширишга ваъда берди.

Чоршанба куни Франция парламенти Сурияда “Исломий давлат” жангариларига қарши сентябрь ойида бошланган ҳарбий-ҳаво амалиётларни давом эттириш қарорини бир овоздан ёқлади. Франция “Исломий давлат”нинг Ироқдаги позицияларига қарши 2014 йилдан буён ҳаво зарбалари бериб келмоқда.

Жорий ҳафтада Олланд террорчиларга қарши кураш масалаларини Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ва АҚШ президенти Барак Обама билан муҳокама қилган. Яқин кунларда Франция президенти Италия бош вазири Маттео Ренци билан учрашмоқчи.

13 ноябрь куни Парижда содир этилмиш қуролли ҳужумлар чоғида 130 киши ҳалок бўлган, 350 дан зиёд киши яраланганди.

XS
SM
MD
LG