Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:56

Рислиғой Ҳотамова: "Инсон руҳида ҳам Қиёматлар бор"


Шоира Рислиғой Хотамова.
Шоира Рислиғой Хотамова.

Дастуримизнинг бугунги меҳмони ўзбекистонлик ажойиб шоира. Уни 22 йилдан бери Муҳриддин Ҳолиқов, Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков, Озода Нурсаидова, Гулсанам Мамазоитова ва яна ўнлаб санъат юлдузларининг энг дилтортар тароналари , энг машхур қўшиқлари матни муаллифи сифатида фақат эшитганмиз.

Ўта камтарин бу шоира оммавий ахборот воситаларида кўриниш бермайди, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларида ўзини реклама қилмайди. Ҳатто юлдузларнинг концертлари пайтида номи айтилиб, саҳнага таклиф қилинса-да,томошабинларга кўриниш бермай, саҳна ортида қолишни маъқул кўради. Ҳолбуки бу шоиранинг мақтанишга арзигулик ижоди бор.

Муҳриддин Ҳолиқов ижросидаги “Бу дунё арзимас фидо бўлишга, бандасан, уринма Худо бўлишга” ёки Юлдуз Усмонова ижросидаги “Имкон беринг осмонни бир кўрайин, мовий кўкда зўр мўъжиза туяйин, ўлсам сиздек қуш қўлида ўлайин, мени кўкка олиб учинг бургутлар” ва ёҳуд Озодбек Назарбеков ижросидаги “Йигит қасам ичмайди, йигитнинг сўзи қасам”, сатрлари бор қўшиқларни ҳиргойи қилмаган одамлар оз бўлса керак.

Танишинг, бугунги меҳмонимиз Рислиғой Ҳотамова.

Озодлик: Рислиғой, дастуримиз анъанасига кўра, аввал сиздан бир шеър эшитамиз, сўнгра суҳбатга ўтамиз. Марҳамат.

Рислиғой: Рахмат.

Менга ҳам осонмас сендан айрилиш,

Аммо иложим йўқ, кетаман энди.

Сенга етолмадим, кучлидир тақдир,
Билмадим, қайларга етаман энди.

Оғриқ тишлаб олди жон томиримни,

Аранг олаяпман нафасимни ҳам.

У дунё ва қабр даҳшатини деб,

Унутдим орзую ҳавасимни ҳам.

Минг қайта термулдим суратларингга,

Улар жонланмади, мадорим кетди.

Ичикиб ўляпман суҳбатларингга,

Кечиб бўлмайдиган сафарим етди.

Оҳ, бу ташналикнинг таърифи йўфдир,

Жилмайсанг, бир қадам наридан кўрсам...

Минг йиллик ҳижроннинг ҳижолатидан,

Қани бир дақиқа ёнимда бўлсанг.

Қутирма изтироб, ғажима алам,

У ҳам бефарқ эмас, у ҳам севарди.

Бир оғиз “Беморман”, деганимдами,

Ҳаёл тезлигида етиб келарди.

Панжангни бўғзимдан олгин ҳақиқат,

Ўзи етмаяпти, шундоқ ҳам ҳаво.

Уялиб, қизариб ёнингга борсам,

Ўзинг кечир энди мени жон Худо!

Озодлик: Рахмат,Рислиғой. Яхши шеър экан. Биринчи саволим: Нега бунча камтарсиз?

Рислиғой (кулади): Қонда бор дейдиларку... Билмадим, қандайдир жимликлар, сукунатлар, ёлғизликлар менга ёқади. Кузни яхши кўраман, қишни яхши кўраман, ҳаёл суришни яхши кўраман. Китобларни, яхши гапларни ўқишни яхши кўраман. Шуларнинг ичида юрганим учун, шу ҳаёт ёққани учун бундан бошқасини талаб қилмасам керак.

Озодлик: Лекин сизнинг ўрнингизда бошқа шоир бўлганида ўзини роса реклама қиларди, роса мақтовлар гирдобида қоларди, деб ўйлайман. Масалан, сиз бугунги кунда Ўзбекистондаги энг машҳур ва оммабоп шоирлардан бирисиз, десак хато бўлмаса керак. Аммо камтарлигингиз билан панада қолиб кетаётгандай сезиласиз.

Рислиғой: Бу бор гап, шунақа экани аниқ. Қўрқоқман десам... ўзимга таърифни ўзим бера олмайман...Биласизми, машхурликнинг жуда катта масъулияти бор. Машхур бўлиш қийин дейишади, машхурликни ушлаб туриш ундан ҳам қийин дейишади.

Мен сатрларим билан,яхши ниятли шеърларим билан, сўзларим билан машхурликни ушлаб туриш қўлимдан келаётгандир, балки. Чунки 19 ёшимдан бери шеър ёзаман ва шу кунгача шеърларим ҳақида ёмон гап эшитмадим.

Лекин бизда, умуман дунёда шундай бир нарса бор: одамни шахсини ёқтирмай қолишса, унинг шеърларини ҳам ёқтирмай қолишади. Энди юзага чиқсам ялқовланиб қолманми, кимдир мени мақтаса кўнглимдаги беғуборлик кетиб қоладими ёки мақтовларга, эътиборга роса ўрганиб, дастхатлар беришга роса ўрганиб қолсам, бу омад ўткинчи, бир кун эътибордан қолсам, мен бу нарсани кўтара оламанми... Шу нарсаларни кўп ўйлайман.

Суҳбатни тўлиқ ҳолатда қўйида тинглашингиз мумкин.

Рислиғой Хотамова: "Инсон руҳида ҳам қиёматлар бор"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:54 0:00

XS
SM
MD
LG