Линклар

logo-print

Озарбайжонда полиция ва диндорлар ўртасидаги отишмада камида 6 киши ҳалок бўлди


Нардарандаги отишмадан сўнг намойишга чиққан норозилар, 2015 йил 26 ноябри.

Нардарандаги отишмадан сўнг намойишга чиққан норозилар, 2015 йил 26 ноябри.

Озарбайжон пойтахти Боку яқинидаги Нардаран қишлоғида 26 ноябрь куни ички ишлар ходимлари ва бир гуруҳ диндорлар ўртасида отишма бўлиб ўтди. Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, отишма чоғида 6 киши, шу жумладан, икки полициячи ҳалок бўлган.

ИИВ баёнотига кўра, Нардаранда полиция билан тўқнашган кишилар динни “ниқоб қилиб олиб, мамлакатдаги ижтимоий ва сиёсий вазиятни издан чиқаришга уринаётган қуролли жиноий гуруҳ аъзолари”дир. Вазирлик бу одамларни шариат қонунларига асосланган диний исломий давлат қуриш ва радикал ҳаракатни молиялаштиришда айблаган.

Мазкур ҳаракатнинг “штаб”и, ИИВ иддаосича, айнан Нардаран қишлоғида бўлган ва бу қишлоқда ўтказилган мажлисларда одамлар гўё Озарбайжоннинг қонуний ҳукуматига қарши эҳтимолий исён масаласини муҳокама қилганлар.

Полициячиларга кўра, улар пайшанба куни таниқли мусулмон олими Тале Багирзода ваъз ўқиётган жойда ҳаракат аъзоларини қўлга олиш бўйича амалиёт ўтказган. Ўша пайтда олимнинг тарафдорлари ва полиция ўртасида тўқнашув юзага келган.

Полиция иддаосича, қўлга олинганларнинг тарафдорлари полициячиларга қарата автоматлардан ўт очган ва граната отган. Бунга жавобан ИИВ ходимлари ҳам уларга қарата ўт очган ва тўрт кишини ўлдириб, бир неча кишини ярадор қилган.

Бу воқеадан кейин Нардаран аҳли содир бўлган воқеалар юзасидан норози изҳор қилиш мақсадида қишлоқдаги майдонга йиғилганлар.

Полиция Сабунчу қишлоғидаги отишма чоғида жароҳат олганлар келтирилмиш 3-касалхонани ҳам ўраб олган ва ичкарига ҳеч кимни қўймаган. Шу сабабдан отишма оқибатида ҳалок бўлган ва яраланганларнинг сони қанча экани тўғрисида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Касалхона бош шифокори у ерга уч ярадор келтирилгани, операция қилингани ва эндиликда улар ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқлигини айтган. Бош шифокор ҳалок бўлганлар ҳақида унда маълумот йўқлигини қўшимча қилган.

Ислом олими Тале Багирзода айни пайтда қаерда экани ҳақида ҳеч қанақа маълумот йўқ. Маълумотларга кўра, у билан бирга яна бир неча киши ҳибсга олинган.

“Мусулмон бирлиги” жамоатчилик ташкилоти лидери ва яқин ўтмишда сиёсий маҳбуслардан бири бўлган Тале Багирзода ваъзларида Озарбайжон расмийларини танқид қилиб келгани билан танилган.

2013 йилда у гиёҳванд моддалар сақлаганлик ҳамда машҳур қўшиқчи Зайнаб Хонларованинг Нардарандаги дала ҳовлисига ўт қўйилишини уюштирганликда айбланиб, ҳибсга олинганди. Бироқ кейинчалик бу айбловларнинг биронтаси исботини топмаган.

Шу йилнинг 3 ноябрь куни Тале Багирзода Бокунинг Ясамал туман полиция бошқармасида аёвсиз калтакланганди.

Бу орада Озарбайжон Бош прокуратураси Нардаранда содир бўлган қуролли тўқнашув юзасидан жиноят иши очди. Бош прокуратура матбуот котиби Элдор Султонов Оғир жиноятлар бўйича тергов бошқармасида бу иш билан шуғулланадиган тезкор-тергов гуруҳи тузилганини билдирди. Султоновга кўра, ҳозирда қуролли тўқнашувнинг барча иштирокчилари ва уларга ёрдам берганларнинг шахсини аниқлаш ҳамда айбдорларни жазога тортиш бўйича ошиғич тезкор-тергов тадбирлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG