Линклар

Халқаро ташкилотлар: Ўктам Пардаевга қарши айбловлар уйдирмадир


Ўктам Пардаев

Ўктам Пардаев

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, 16 ноябрь куни ҳибсга олинган Ўктам Пардаев тақдири ҳамкасблари хавотирларига сабаб бўлмоқда. Ҳюман Райтс Уотч, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро шериклик ташкилоти ҳамда Норвегия Ҳелсинки қўмитаси 27 ноябрь куни Пардаевни озод этиш чақириғи билан Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилди. Тамагирлик ва порахўрлик айбловлари билан 37 ёшли Ўктам Пардаев қийноққа солиниши мумкин, демоқда ҳуқуқ фаоллари.

“Ўзбекистон расмийлари 2015 йилнинг 16 октбярь куни ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевни дарҳол озод этиши ва унга нисбатан жиноят ишини тўхтатиши керак”, дейилади жума куни Ҳюман Райтс Уотч, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро шериклик ташкилоти ҳамда Норвегия Ҳелсинки қўмитаси номидан эълон қилинган баёнотда.

Жиззахзлик 37 ёшли ҳуқуқ фаоли 16 ноябрь куни тамагирлик ва порахўрлик айбловлари билан ҳибсга олинган эди. Унинг ҳамкасблари бу айбловларни Пардаевнинг ҳуқуқ ҳимоячиси вазифасидаги фаолияти билан боғлиқ уйдирма, дея атамоқда.

27 ноябрь кунги мурожаат муаллифларидан бири Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукуматига ўзбек тилида мурожаат қилиб, ҳамкасбининг озод этилишини сўради.

- Ўктам Пардаев жуда таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Жиззахдан. Ўктам Пардаев билан кўп йиллардан бери ишлаб келамиз. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти жуда мушкул. Биз Ўктам Пардаевнинг ишини жуда юқори баҳолаймиз. Мен Ўзбекистон ҳукуматини Ўктам Пардаевни озод этишга чақираман,- дейди Стив Свердлов.

ҲРУ вакили Пардаевга қўйилаётган айбловлар Ўзбекистон расмийлари фаолларга нисбатан илгари сурадиган одатий айбловлардан фарқ қилмаслиги бу иш бошданоқ сохталаштирилганини кўрсатиши ва фаолнинг тақдири борасида хавотирларга асос бўлишини айтади.

- Ўктам Парадаевни ҳибсга олишгандан кейин уни бир неча кун давомида ташқи дунё билан алоқадан узиб қўйишди. Яъни Ўзбекистон процессуал кодексида белгиланган фундаментал ҳуқуқлари бузилди. Унинг ўз оила аъзолари билан гаплашиши, адвокати билан учрашишига рухсат берилмади. Бу жуда қўпол қонунбузарликдир. Бу Ўзбекистон ҳукумати мазкур ишни қандай олиб бораётганини кўрсатади. Шу сабабдан биз нафақат Ўктам Пардаевнинг узоқ вақт давомида ҳуқуқ ҳимояси билан шуғуллангани боис унга нисбатан қўйилётган уйдирма айбловлар, балки унинг тақдири, хусусан, унинг қийноққа солиниши мумкинлигидан хавотирдамиз,- дейди Свердлов.

Унинг яна айтишича, Пардаев ҳибсга олинишидан аввал ва кейин унинг ўзи ва яқинларига нисбатан таъқиб-тазйиқлар кучайгани ҳам Ўзбекистон ҳукумати одатда “бу каби сохта ишларда” қўллайдиган усулларни ишга солаётганини кўрсатади.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Пардаевнинг қамоққа олиниши унинг узоқ йиллар давомида олиб борган фаолияти билан боғлиқлигига шубҳа қилмаслигини айтар экан, унинг бу йилги пахта мавсумида Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммосини фаол ёритгани ҳокимият вакилларини, айниқса ғазаблантирган кўринади, дея давом этади.

- У кўп йиллардан бери коррупцияга қарши очиқ гапириб келди. У Жиззах шаҳри ёки вилояти кўламидаги ҳокимият тизимидаги коррупция ҳақида қўрқмасдан гапириб келган фаоллардан биридир. У оддий одамларга турли муаммоларни ҳал этишда ёрдамини аямаган. Уларни судда ҳимоя қилган. 37 ёшли Ўктам Пардаев Ўзбекистондаги энг ёш инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ҳамдир. Сўнгги ойларда у катталарнинг, баъзан ҳатто болаларнинг пахта теришга мажбурларнгани билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаб, ҳужжатлантириш билан шуғулланди. У Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки вакиллари ва бошқа дипломатлар билан учрашди. Ўзбекистонда ҳукумат ҳамон мажбурий меҳнатдан фойдаланишини ҳар қандай эркин фуқаро очиқ айта олиши керак. Афтидан ҳокимият вакилларини Ўктам Пардаевнинг ана шу фаолияти қаттиқ ғазаблантирган,- дейди Стив Свердлов.

Ўзбекистонда кўплаб ҳуқуқ фаоли, журналист ва мухолифатчилар қамоққа ташланган.

Улар орасида Муҳаммад Бекжон, Юсуф Рўзимуродов, Самандар Қўқонов, Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари шулар жумласидандир.

Аксариятининг саломатлиги оғирлашганига қарамай, бундай маҳбусларнинг кўпчилигига жазо муддати тугаши арафасида уйдирма айблар билан янги муддат қўшиб берилиши одатий ҳолга айланган.

Бундан ташқари Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланиши ва бошқа ноинсоний муносабат кўрсатилиши инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан йиллардан бери қоралаб келинади.

XS
SM
MD
LG