Линклар

Украина жанубида электр темир-бетон устунларининг портлатиб юборилиши Қримнинг 2 миллионга яқин аҳолисини электрсиз қолдирди. Бунинг ортида ким турибди? Нима учун Россия аннексия қилиб олган ҳудудини электр билан таъминламаяпти?

Озодлик радиосининг “Ҳозирги давр” дастурида Қрим энергия сектори ҳамда яриморолда фавқулодда вазият жорий қилинишига сабаб бўлган ҳодиса бўйича шу ва бошқа саволларга жавоб топасиз.

Ўзи нима бўлди?

20 ноябрь куни эрталаб соат 4:30 ларда Россия Украинадан аннексия қилиб олган Қримга электр узатиб берувчи тармоқлар зарар кўргани ҳақида икки алоҳида фалокат сигнали берилган.

Қримни электр билан таъминловчи “Укренерго” ширкати сайтига кўра, Херсон вилояти Чаплинка шаҳрида жойлашган икки темир-бетон устун йиқитилган ва икки бошқа устун зарар кўрган. Хабарларга кўра, устунларга антитанк ракета отилган. Натижада электр тармоқлари қисман ишлай бошлаган. Шундай бўлса-да, Қрим аввалига электрсиз қолмаган.

21 ноябрь тунда яна бир фалокат сигнали берилган. Бу сафар камида битта устун йиқитилган. Натижада электрни ташувчи симлар узилган ва Қрим бутунлай электр таъминотисиз қолган.

Қрим тахминан 6,5 соатча электрсиз қолган. Кейинроқ айрим шаҳарларда электр таъминоти генераторлар ёрдамида тикланган. Россия энергетика вазирлиги Қримдаги айрим шаҳарларни бир неча соат электр билан таъминлаш бўйича режа тузди. Ҳозир Россия ҳарбий денгиз базаси жойлашган Севастополь шаҳрида туманлар навбати билан уч соатдан электр билан таъминланмоқда.

Бу эса электрсиз узоқ ўтириш керак, дегани. Озодликнинг Симферополдаги мухбири Қримдаги марказий туман бирданига 34 соат электрсиз қолгани ҳақида хабар берди.

“Укренерго” яриморол Украина таъминотига қарам эканлигини таъкидламоқда. Ширкатга кўра, Украина Қримни кунига 650 мегаватт электр токи билан таъминлайди. Аслида эса яриморолга кунига 900-950 мегаватт электр керак.

Портлашлар ортида ким турибди?

Ҳозирча портлашларга масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ. Аммо Украина хавфсизлик хизмати бир гуруҳ гумонланувчи аниқланганини айтди.

20 сентябрдан бери Украина маҳсулотлари Қримга киришига тўсқинлик қилиб келаётган фаоллар портлашларга масъул эканликларини рад этишди, аммо портлашдан ўзларини узоқлаштирмадилар.

Портлашлардан аввал 12 ноябрда Украина маҳсулотларига блокада қўйиш тарафдорларига етакчилик қилиб келаётган Ленур Исломов электр тармоқларига зарар етказишни истаган “ҳар қандай фаолга имкон яратиш учун” тармоқлар жойлашган ҳудудни патруль қилмаслигини айтган эди.

Ҳужумлар содир бўлганидан кейин Исломов уларни ҳар қандай одам амалга оширган бўлиши мумкинлигини айтди.

“Буни Қримдан келган саботажчилар ёки шу ерлик саботажчилар ёки украиналик ватанпарварлар амалга оширган бўлиши мумкин. Буни ҳар қандай одам қилган бўлиши мумкин, лекин бизнинг умуман алоқамиз йўқ”, деди Исломов.

Аммо фаоллар расмийларнинг тармоқларни тиклашга қаратилган ҳаркатларига тўсқинлик қилмоқда. Ҳанузгача эҳтиёт чора сифатида симларни ерга улашдан бошқа тузатиш ишлари амалга оширилгани йўқ.

Қрим етакчиси Сергей Аксёнов ҳодисада иштирок этган “барча безориларни” топишга онт ичди.

Нима учун Украина Қримни электр билан таъминлаяпти?

Украинанинг электр секторини “Укренерго” деб аталувчи ҳукумат ширкати бошқаради. Бу ширкат электр ва иссиқлик ишлаб чиқариш ва тарқатиш билан шуғулланувчи электр, иссиқлик ва бошқа энергия иншоотларининг бирлашмасидир. Шу сабаб ширкат электр билан таъминлашни тўхтатиш ҳақида мустақил равишда қарор чиқара олмайди, айниқса бундай қарор Украина қонунларига ёки “Укренерго” аввалроқ имзолаган шартномаларга зид бўлса.

Бундан ташқари, Украина 1991 йилги Энергетика хартиясини имзолаган. Бу ҳужжатда энергетика соҳасидаги халқаро фаолият шартлари белгиланган. Хартияда “транзит битимлари бўйича келишмовчиликлар юзага келадиган бўлса, келишмовчиликларни ҳал қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилмагунича, энергия материаллари ва маҳсулотлари транзитини тўхтатиш ёки озайтириш мумкин эмас”, дейилган.

Агар Украина Қримни электр билан таъминлашни озайтирадиган бўлса, мамлакат ўзининг атом электр станциялари фаолиятини ҳам қисқартириши керак бўлади, чунки Украина ва Қримнинг энергия бозорлари ўзаро боғланган.

Электр таъминотидаги узилишлар Украинага молиявий йўқотишлар ҳам олиб келади. Мамлакат энергетика вазири Володимир Демчишин охирги 10 ой ичида Киев Қримга электр сотиб, тахминан 300 миллион гривна (12,5 миллион доллардан ошиқ) фойда кўрганини билдирди.

Нима учун Россия Қримни электр билан таъминламайди?

Ҳозирги бўҳрондан аввал Украина Қримнинг барча қўшимча электр эҳтиёжларини қондираётган эди. Яъни, Россия учун бу тезкор ҳал қилиниши керак масала эмас эди. Аммо яриморол Россияга туташ эмас. Шу сабаб Қримни Украинани четлаб ўтиб электр билан таъминлаш қийин масала.

Россия энергетика вазири Александр Новак декабрь охиригача Россия ва Қрим ўртасидаги энергия кўпригининг биринчи қисми якунланади, дея ваъда берди. Бу Россияга яриморол электр эҳтиёжининг 70-80 фоизини қондириш имконини беради. Россия бу лойиҳани 2016 йилнинг май ойида якунлашни ражалаштирмоқда.

“Қрим ўзида ишлаб чиқариладиган ва Россия энерготизимларидан олинган ток ёрдамида бутунлай электр энергияси билан таъминланади”, деди Новак.

Шундай бўлса-да, Украинанинг энергетика ва кўмир саноати вазири лавозимида ишлаган Вадим Улида Қримни Украина энергиясидан бутунлай озод қилиш учун камида икки-уч йил кетади, дейди. Украина ва Россия ўртасидаги энергия кўпригини қуриш яқинда якунланса-да, техник жиҳатдан дарҳол ишга тушмайди.

Ҳозирча Россия Қримга 300 та кам қувватли генератор юборишни режалаштирмоқда.

Украинанинг расмий муносабати қандай?

Украина ҳукумати электр тармоқларини тузатишга ҳаракат қилишини билдирган бўлса-да, мамлакат президенти Петро Порошенко Киев фаолларнинг Украина ва Қрим ўртасида савдо ва маҳсулот ташишни тўхтатиш бўйича чақириқларига ҳам эътибор бериши кераклигини айтди. (Фаоллар сентябрдан бери Украина ҳукуматининг очиқ маъқулловисиз Украина ва Қрим ўртасидаги савдо қатновига тўсқинлик қилиб келади)

Бош вазир Асрений Яценюк Порошенко билдирувидан кейин чиқиш қилиб, Украина ва Қрим ўртасида маҳсулот ташиш вақтинча ман қилинишини эълон қилди.

Айримлар Қрим билан савдо алоқаларини расмий тўхтатиб туриш фаоллар талабларини қондириб, электр тармоқларини тузатиш имконини яратишини айтишмоқда.

Элект таъминотисиз қолган қримликлар нима демоқда?

Айрим қримликлар электр таъминотидаги муаммоларга сабот-матонат билан чидамоқда.

Озодлик билан суҳбатда “Бу радикалларни биламиз. Улар билан 20 йилдан бери яшаймиз. Бу ишлари билан қримликларни қўрқита олмайдилар”, деди қримлик аёл.

Аммо бошқалар Қрим қачондир Украинага қайтиши ҳақидаги умидларидан воз кечмоқдалар. “Биз хавотир олаётганимиз йўқ. Яқинда Украинадан бутунлай воз кечамиз. Суви ва электридан ҳам”, деди яна бир Қрим турғуни.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG