Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:26

Бухоролик Ёрқиной: Туркманистондаги эримни ёнига боролмаяпман...


2004 йилда Туркманистоннинг Чоржўй вилоятига келин бўлиб тушган Ёрқиной Озодлик билан суҳбатда икки йил аввал Бухородаги қариндошларини кўргани келганича Ўзбекистонда қолиб кетгани, икки мамлакат ўртасидаги чегара ёпилгани боис Туркманистондаги эрини ёнига қайтолмай сарсон бўлаётганини айтади.

Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти Олот туманида яшовчи 36 ёшли Ёрқиной чегарадаги тўсиқлар сабаб Туркманистоннинг Чоржўй вилоятидаги турмуш ўртоғи ёнига боролмаяпти.

- Мени ўзим ўн йил олдин Туркманистонга келин бўлиб тушганман. Ўзим Ўзбекистон фуқаросиман. Оҳирги марта икки йил олдин Ўзбекистонга қариндошларимни кўргани келиб, қолиб кетдим. Ҳозир Туркманистонга, эримни ёнига қайтай десам, чегарада виза сўрашяпти. Элчихонага борсак “отангга бор, онангга бор”, деб сарсон қилишяпти, - дейди Ёрқиной.

Ёрқинойнинг онаси Совет даврида Туркманистоннинг Чоржўй вилоятидан Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятига келин бўлиб тушган.

Ҳозир у ҳам Туркманистондаги қариндошларини зиёрат қилолмаяпти.

- Онам 2004 йилдан буён у томонларга ўтолмаяпти. Чегаралар ёпиқ. Онамнинг Туркманистондаги отаси ҳам онаси ҳам оламдан ўтган, лекин онам бечора визаси бўлмаганидан кейин уларни қабрини зиёрат қилишга боролмаяпти, - дейди Ёрқиной.

Чегараолди ҳудудларида яшовчи ўзбек ва туркман фуқаролари 2004 йилда икки мамлакат ўртасида эришилган келишувга мувофиқ, визасиз қўшни давлат ҳудудига уч кунга бориб-келиш ҳуқуқига эга эдилар.

Ўзбекистон Давлат Чегараларини қўриқлаш қўмитаси расмийларига кўра, чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳолининг уч кунга визасиз ўтиб-қайтишига оид келишув ижроси икки йил аввал тўхтатилган.

Ўзбекистон Давлат Чегараларини қўриқлаш қўмитасининг Бухоро бўлими расмийлари икки давлат ўртасидаги чегара постларида кучайтирилган тартиб сақланиб қолаётганини айтди.

- Фақат виза билан. Тошкентдаги Туркманистон элчихонасига бориб виза олишингиз керак. Шу виза асосида чегарадан ўтказилади, - деди Чегарани қўриқлаш давлат қўмитаси расмийси.

Ёрқиной эса виза олиш ўта мушкул масала эканини айтади.

- Шу визани олиш учун Тошкентга етти марта бориб келдик. У етишмайди, бу етишмайди. Таклифномани легализация қилиш керак, дейди. Хуллас, ҳар бир ҳужжат учун юз доллар тўладик. Лекин, берибир ишимиз битмади. Сарсон қилишди. Биз учун жуда оғир масала бўляпти бу, - дейди Ёрқиной.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Туркманистон билан умумий чегарага эга. Икки мамлакат ўртасидаги чегара узунлиги 1 минг 650 километрни ташкил этади.

Туркманистонга, асосан, тўртта чегара пости орқали ўтилади. Булар Хоразмнинг Дружба ва Шовот постлари, Бухоронинг Олот тумани Фароб чегара пости ҳамда Қорақалпоғистоннинг Хўжайли чегара постларидир.

Айни вақтда Туркманистоннинг Лебап ва Тошҳовуз вилоятларида этник ўзбекларнинг авлодлари яшаб келади. Айни пайтда Туркманистонда қарийб ярим миллион этник ўзбек истиқомат қилиши ва улар Туркманистон жами аҳолисининг 12 фоизини ташкил этиши айтилади.

Туркманистонлик Умиднинг айтишича, ҳозир улар Ўзбекистондаги қариндошларини кўришга боришга қийналишяпти.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида эса 150 мингдан зиёд этник туркман яшайди.

XS
SM
MD
LG