Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:37

Россия ва Туркия ўртасидаги тангликлар Марказий Осиёни қийин аҳволга солмоқда


Туркия президенти Эрдўғон Қозоғистон президенти Назарбоев билан бирга, Остона, 2015 йил 16 апрели.
Туркия президенти Эрдўғон Қозоғистон президенти Назарбоев билан бирга, Остона, 2015 йил 16 апрели.

24 ноябрь куни Туркия томонидан Россия ҳарбий учоғининг уриб туширилиши Марказий Осиё мамлакатларини ноқулай аҳволга солиб қўйди. Марказий Осиёда ҳеч ким собиқ мустамлакачи хўжайин Россия билан ёмон муносабатда бўлишни хоҳламайди.

Иккинчи тарафдан эса қозоқлар, қирғизлар, туркманлар ва ўзбеклар туркий халқлар бўлиб, Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейинги деярли 25 йил давомида Анқара маданий ва лингвистик қардошликка урғу бериб, Қозоғиcтон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни ўрнатиб келади.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 25 ноябрь куни Россиянинг Су-24 бомбардимончи учоғи Туркия томонидан уриб туширилгани ҳақида баёнот эълон қилиб, ҳодисани “фожиали” ва “ачинарли”, деб атади.

Вазирлик қулатилган самолёт учувчиси ҳамда вертолётда қутқариш учун борган гуруҳ аъзоси ўлими муносабати билан таъзия билдириб, дарров: “Шу кунларда терроризмга қарши кураш кетмоқда. Россия ҳам, Туркия ҳам шу йўлда иш олиб боряпти. Қозоғистон ҳам бу курашни қўллайди”, дея қўшимча қилди.

Баёнотда Россия ва Туркия юзага келган тангликни юмшатишга ва халқаро террорчиликка қарши курашга эътибор қаратишга чақирилди.

Бу Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон юриб бораётган қалтис йўлга мисолдир. Россия бу мамлакатларнинг йирик савдо ҳамкори бўлиб, Марказий Осиёнинг мазкур тўрт давлатини Москва билан боғлаб турувчи совет давридан қолган ришталар ҳали-ҳануз жуда кўп.

Аммо Туркия ҳам бу мамлакатларнинг табиий дўсти бўлиб, уларнинг муҳим савдо ҳамкорига айланган. Марказий осиёлик талабалар турк университетларида йигирма йилдан ошиқ вақтдан бери таҳсил олиб келади. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларига Туркияга бориш учун виза керак эмас.

Бундан ташқари, турк қурилиш ширкатлари тўрттала Марказий Осиё мамлакатида фаолият кўрсатиб келади. Туркманистонда эса турк ширкатлари монополияга эришган, деса ҳам бўлади. Туркларни ҳисобга олмаганда, Туркманистонда қурилиш соҳасида узлуксиз ишлаб келаётган ягона хорижий ширкат Франциянинг Bouygues компаниясидир.

Марказий Осиё тарихида Россиянинг ўрни катта. Бундан ташқари, Қирғизистонда ҳозирги кунда Россия ҳарбий базаси бор (Тожикистонда ҳам рус ҳарбий базаси бор, аммо тожик тили туркий тил эмас). Қозоғистон эса Россия билан деярли 7 000 км узунликдаги чегарага эга.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Марказий Осиё матбуоти Россия ҳарбий учоғининг қулатилиши ҳамда бунинг ортидан Москва ва Анқара ўртасида юзага келган дипломатик жанжал ҳақида эҳтиёткорлик билан, қисқа хабар бериб келаётганидан ажабланмаса ҳам бўлади.

Қозоғистоннинг Tengrinews.kz онлайн янгиликлар агентлиги 25 ноябрь куни таниқли сиёсий таҳлилчи Дўсим Сатпаев билан ўтказилган интервьюни эълон қилди. Суҳбат давомида Сатпаев: “Қозоғистон Россиянинг куч сиёсатига асир бўлмаслиги керак, чунки Россиянинг ҳаракатлари ўз ҳамкорлари учун борган сари кўпроқ муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда”, деган.

Сатпаев Россия ва Туркия ўртасидаги ҳозирги тўқнашувда Қозоғистон ҳеч қайси мамлакатга ён босмаслиги кераклигини айтган. Аммо таҳлилчи келажакда “Қозоғистон кимга ён босишини ва қайси тарафга ўтишини очиқчасига эълон қилишга мажбур бўладиган вазият юзага келиши мумкин”лиги ҳақида огоҳлантирган.

24 ноябрь куни Туркиянинг Сурия билан чегарасида содир бўлган ҳодисадан кейин Марказий Осиёнинг барча ҳукуматлари Сатпаев айтиб ўтган вазият ҳақида бош қотираётган бўлса ажаб эмас.

Брюс Панниер қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG