Линклар

Таниқли қирғиз диншуносига ҳужум қилганлар Туркияда қўлга олинди


Қирғизистонлик таниқли диншунос Қодир Маликовнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Қирғизистонлик таниқли диншунос Қодир Маликовнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Қирғизистонда таниқли диншунос Қодир Маликовга ҳужум ортидан халқаро қидирувга берилган икки шахс Туркиянинг Газиантеп вилоятида қўлга олинди.

Диншунос Қодир Маликовга ҳужум қилганликда гумонланганлар Туркия жанубида ушлангани ҳақида Озодликка Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сеитов маълум қилди.

- Гумонланган фуқаролар Интерпол орқали Туркиянинг Газиантеп шаҳрида қўлга олинганлар. Бу шаҳар Туркия-Сурия чегарасидан 40 километр нарида жойлашган. Қўлга олинганларни Қирғизистонга олиб келиш учун милиция ходимлари Туркияга учиб кетишди, - деди Бақит Сеитов Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида.

“Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий маркази раҳбари Қодир Маликов билан боғлиқ нохуш ҳодиса 26 ноябрь оқшомида содир бўлганди. Ўша оқшом у уйи яқинидаги дўкон ёнида пичоқлаб кетилган. Ҳодисадан сўнг Маликов Бишкекдаги 4- сонли касалхонага етказилган ва операция қилинган.

Амалиётдан сўнг бироз ўзига келган Қодир Маликов милиция ходимларига содир бўлган воқеани айтиб берган ҳамда чизилган бир неча фотороботдан ҳужумчиларни таниган.

Бишкеклик тартиб посбонларига кўра, теологга ҳужумда гумонланганларнинг шахси аниқланган. Уларнинг бири 1987 йилда Норин вилоятида туғилган Тилек ўғли Алибек, иккинчиси эса 1986 йили Ўш вилоятида туғилган Ирисқул Бейшеналиев экани айтилмоқда.

Теолог Маликовга ҳужум юзасидан жиноят иши даставвал Қирғизистон Жиноят кодексининг 234-моддаси (“Безорилик”) бўйича очилган. Бироқ кейинроқ иш “Давлат ёки жамоат арбобини ўлдиришга қасдланганлик” моддаси бўйича қайта малакаланган.

Шифокорларга кўра, жабрланувчи Қодир Маликовнинг айни пайтда аҳволи оғир, бироқ барқарор. Диншуноснинг қўли ва юзининг ўнг томонига пичоқ тортилгани, кўзига шикаст етгани, кўп қон йўқотгани айтилмоқда.

Ислом дини бўйича Қирғизистонда етакчи таҳлилчилардан бири бўлиб ҳисобланган Маликов такфирчилар ва диний эксремистларга қарши кескин танқидий қарашлари билан танилган.

Маълум бўлишича, Қодир Маликов 27 ноябрь куни давлатнинг террорчиликка қарши курашига бағишланган матбуот анжумани ўтказмоқчи бўлган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига берган кўрсатмасида Маликов унга пичоқ билан даф қилган ҳужумчилар “Оллоҳу акбар” дея қичқирганлар. Диншунос бу ҳужумни радикал диний қарашдаги одамларнинг уни йўқ қилишга ҳаракати ўлароқ баҳолаган.

43 ёшли Қодир Маликов Сиёсатшунослик ва исломий тадқиқотлар фанлари доктори илмий даражасига эга. Бу илмий даражани у Испанияда – Мадрид университетида ҳимоя қилган. Магистрлик даражасини эса аввалроқ Иордания миллий университетининг Исломий ҳуқуқ факультетини битирганида олганди.

Кўплаб китоб ва мақолалар муаллифи бўлган Қодир Маликов Марказий Осиёдаги Америка университети ҳамда Қирғизистон-Россия (славян) университети каби илғор таълим масканларида исломий тадқиқотлар бўйича етакчи таҳлилчилардан бири бўлган.

XS
SM
MD
LG