Линклар

logo-print

Парижда глобал иқлим ўзгариши муаммосига бағишланган саммит иш бошлади


СОР21 конференциясида 150ка яқин давлат раҳбари иштирок этмоқда

СОР21 конференциясида 150ка яқин давлат раҳбари иштирок этмоқда

АҚШ Президенти Барака Обама Парижда 30 ноябрь куни бошланган глобал иқлим ўзгариши муаммосига бағишланган саммитда сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти “фурсатдан фойдаланиб”, дунё давлатлари иқлим ўзгаришига қарши курашга масъулият билан ёндошаётганини намойиш қилишлари керак, дея баён қилди.

БМТ етакчилигида ташкиш этилган СОР21 конференциясида 150ка яқин давлат раҳбари иштирок этмоқда. Обама иссиқхона газларини чиқариш бўйича иккинчи давлат ҳисобланган Қўшма Штатлар иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятига содиқ қолади, дея таъкидлади.

АҚШ раҳбари шунингдек ўз мамлакат иқлим ўзгариши таъсирига қарши курашаётган заиф мамлакатларга молиявий кўмак кўрсатишини ваъда қилди.

Саммит очилишида нутқ сўзлаган Франция Президенти Франсуа Олланд саммит иштирокчиларига мурожаат этиб, иқлим ўзгариши борасида келишувга эришишга чақирди.

30 ноябрь куни бошланган саммитда гапирган Олланд муаммо ҳеч қачон бунчалик долзарб бўлмаган, дея таъкидлади.

Саммит иштирокчиларига мурожаат қилган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун 21-аср охирига қадар глобал илиқлашув жараёнини икки даражага пасайтириш учун инсоният “бунданда тезроқ” ва “бунданда жадалроқ” ҳаракат қилиши шарт, дея баён қилди.

БМТ ташкил этган СОР21 деб номланувчи анжуман 196 мамлакат ўртасида глобал илиқлашув сабаби деб кўрилаётган иссиқхона газлари миқдорини камайтириш бўйича келишувга эришилишини мақсад қилган.

30 ноябрь куни Парижда бошланган конференция 11 декабрга қадар давом этади. Франция пойтахтида шу ой бошроғида амалга оширилган террор хуружлари ортидан хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Саммит доирасида давлат раҳбарлари ўртасида террорчилик ва “Исломий давлат” экстремист гуруҳига қарши кураш масаласида икки томонлама сўзлашувларнинг ташкил этилиши ҳам кутилмоқда.

Бироқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Президенти Владимир Путин Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашмаслигини билдирди.

Россияга қарашли ҳарбий учоқ 24 ноябрь куни Туркия-Сурия чегарасида турк ҳарбийлари томонидан уриб тушурилиши ортидан икки томон ўртаисдаги муносабатлар таранглашган. Песковнинг айтишича, саммит доирасида Путин АҚШ Президенти Барак Обама билан учрашиши эҳтимоли бор.

XS
SM
MD
LG