Линклар

Маданият

“Эльдар Рязанов ишлаган кинолар ўзбекларга қадрдон бўлиб кетган эди”


Эльдар Рязанов

Эльдар Рязанов

“Автомобилдан сақланинг”, “Қароқчи чоллар”, “Ишдаги ишқ”¸ “Тақдир ҳазили ёки қушдай енгил бўлинг” ва “Икки киши учун вокзал” каби кинолари ўзбек томошабинлари тарафидан севиб кўрилган киночи Эльдар Рязанов 29 ноябрь куни 89 ёшида Москвада оламдан ўтди. Эльдар Рязанов 21 ноябрда “мияда қон айланишининг кескин бузилиши” ташхиси билан касалхонага ётқизилган эди.

Эртакчининг ўлими

СССР Халқ артисти бўлган Эльдар Рязановнинг ўлими ҳақида россиялик публицист Виктор Шендерович қайғу билан гапирар экан¸ айни пайтда марҳум суратга олган 30дан ортиқ кино асарларининг ўлмаслигини алоҳида таъкидлади:

- Қанча қувонч ато қилган эди бизга унинг фильмлари! Албатта, бу ҳар йили янги йил байрамида такрор қўйиладиган “Тақдир ҳазили ёки қушдай енгил бўлинг” фильми. Аммо мен учун у суратга олган “Автомобилдан сақланинг” киноси доимо энг муҳим бўлиб қолаверади. Мўъжизавий ва қайсидир маънода кечиримли даврон акс этган бу лентада. Гўëки бу даврда¸ Деточкин ва Подберезовиков яна сал тиришса, ëмонлик устидан эзгулик ғалаба қозонажакдек туюлаверади. Актриса Соколова ижросидаги совет судясининг қиëфаси ëруғ ва илохийдек кўринади. Рязанов эртакларни суратга олишни уддалар эди. Зотан у эзгулик ғалабасига ишонар эди¸- дейди Виктор Шендерович Озодлик билан суҳбатда.

Подшолар сийлаган ва подшоларни таниқд қилган киночи

Элъдар Рязановнинг асарларини СССР раҳбарларидан бири Леонид Брежнев ҳам севиб томоша қилгани эсланади.

1976 йили Леонид Брежнев КПССнинг 25 қурултойида Рязановнинг “Тақир ҳазили ёки қушдай енгил бўлинг” фильми мисолида бир хил шаклда уй қурадиган совет қурувчиларига дакки берган эди.

Айни пайтда марҳум санъаткор собиқ КГБ офицери Владимир Путин асос солган тоқатсиз тузумдан норози бўлган ва норозилигини очиқ изҳор этиб келаётган зиёлилардан бири эди.

Эльдар Рязанов Россиянинг Украинага ҳужуми танқид қилинган мактубга имзо чеккан кино арбобларидан бири бўлган эди.

Эльдар Рязанов Россиянинг марҳум президенти Борис Ельцин билан яқин ва дўстона алоқада бўлган эса-да¸ унинг ворислик масаласидаги қарорини танқид қилиб келган:

"Мен Ельциннинг жуда кўп амалларини оқлайман, аммо бир нарсани кечиролмайман. Бу унинг ўзига мана шу меросхўрни (Путинни) танлагани… У тарих четга суриб ахлатга ирғитган қатлам, яъни ўша бахил, қўрқинчли ва ичиқораларни юзага олиб чиқди. Бу одамлар ортида қатл қилинган оломон бор… мана мен нима учун кечиролмайман Ельцинни", деган эди у.

Кинолари ўзбекча гапирган санъаткор

Эльдар Рязанов суратга олган 30га яқин кинофильм ўзбек тилига дубляж қилинган.

“Бу асарлар аллақачон ўзбекларга қадрдон бўлиб кетган эди. Ўзбеклар ëд олган эди бу кинолардаги репликаларни. Деточкинга озодлик деган репликани эсланг. Менинг устозим Темурмалик ака Юнусов ҳам ўйнаган “Икки киши учун вокзал” киноси эса қалбимнинг энг тўридан жой олган”¸ дейди ҳозир АҚШда яшаëтган ўзбек кино ва театр артисти Содиқ Мамажонов Озодлик билан суҳбатда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG