Линклар

АҚШ ва Россия президентлари Парижда Сурия ва Украинадаги вазият ҳақида сўзлашиб олди


АҚШ президенти Барак Обама (ў) ва Россия президенти Владимир Путин (ч), Париж, 2015 йил 30 ноябри.

АҚШ президенти Барак Обама (ў) ва Россия президенти Владимир Путин (ч), Париж, 2015 йил 30 ноябри.

Иқлим ўзгаришига бағишланган Париж саммити доирасида АҚШ президенти Барак Обама ва Россия президенти Владимир Путиннинг қисқа муддатли учрашуви бўлиб ўтди.

Ярим соат давом этган музокаралар ёпиқ эшиклар ортида, журналистлар иштирокисиз ўтказилди. Обама ва Путиннинг бу учрашуви олдиндан режаланмаганлиги айтилмоқда.

Душанба оқшомида очиқланган маълумотларга кўра, учрашувда икки давлат президентлари Донбассда ўт очишни тўхтатиш бўйича шартноманинг бажарилиши ҳамда Суриядаги вазиятни муҳокама қилганлар. Айни пайтда Обама Сурия президенти Башар Ассад ўтиш даврида ўз лавозимини тарк этиши лозимлигини таъкидлаган.

АҚШ президенти Россиянинг Су-24 учоғи турк ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан уриб туширилгани ва рус учувчисининг ҳалок бўлгани юзасидан таассуф изҳор қилган. Шу билан бирга, Обама Путинни Туркия билан алоқаларда тарангликни юмшатишга чақирган.

АҚШ ва Россия президентлари сўнгги бор Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган “G20” саммити доирасида учрашгандилар. Бу учрашувлар ҳам Париждаги каби норасмий характерга эга бўлган.

Обама ва Путиннинг тўлақонли музокаралари сентябрь ойи охирида БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Нью-Йоркда бўлиб ўтганди.

XS
SM
MD
LG