Линклар

Путин рус учоғи турклар томонидан ноқонуний нефть савдосини ҳимояси учун уриб туширилганини иддао қилди


Россия президенти Владимир Путин Парижда ўтказилган матбуот анжумани чоғида, 2015 йил 30 ноябри.

Россия президенти Владимир Путин Парижда ўтказилган матбуот анжумани чоғида, 2015 йил 30 ноябри.

Россия президенти Владимир Путин рус бомбардимончи самолёти турк ҳарбийлари томонидан Суриядан Туркияга ноқонуний нефть савдосини ҳимоя қилиш учун уриб туширилганини иддао қилди.

Путиннинг 30 ноябрь куни Париждаги иқлим ўзгариши бўйича саммит доирасида берган бу изоҳи Москва мазкур ҳодиса юзасидан ҳали ғазабдан тушмаганини англатади.

“Бизда Россиянинг Су-24 учоғи Суриядан Туркияга ноқонуний равишда нефть етказиб беришни хавфсиз қилиш учун уриб туширилди, дейишга асослар бор”, деди Владимир Путин.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон аввалроқ рус расмийлари томонидан очиқланган бу каби иддаоларни “туҳмат”, деб атаган.

Душанба куни Парижда журналистлар олдида сўзлаган Эрдўғон, агар Туркия “Исломий давлат” халқаро террор гуруҳидан нефть сотиб олаётгани исботлангудек бўлса, президентлик лавозимидан истеъфо беришга тайёрлигини билдирди.

Туркия ўзининг F-16 учоғи Россиянинг Су-24 самолёти мамлакат ҳаво ҳудудига изнсиз кирганидан кейин ўққа тутганини, бундан аввал турк учувчилари россияликларни 10 марта огоҳлантирганини билдирган. Россия эса ўз бомбардимончи учоғи Сурия ҳудуди узра учганини, Туркия ҳудудига кирмаганини таъкидлаб келмоқда.

30 ноябрь куни АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Дуглас Лют рус учоғининг уриб туширилиши бўйича барча далиллар Туркия версиясини тасдиқлаётганини билдирди.

Аввалроқ бу версия НАТО бош котиби Йенс Столтенберг томонидан ҳам тасдиқланганди.

XS
SM
MD
LG