Линклар

logo-print

Ғойбулик Бердибой: Икки боламни пичоқлаган хотинимга энг оғир жазо берилсин!


Хоразмнинг Урганч тумани Ғойбу қишлоғида яшовчи Бердибой Янгибоев икки фарзандини пичоқлаган рафиқаси муносиб жазоланишини талаб этмоқда. Бердибойнинг рафиқаси Дилноза Ҳудойберганова ўтган ойда 2 фарзандини пичоқлаган. 7 ёшли қизи Шахло ҳаётдан кўз юмган, 10 ёшли ўғли Бозорбой оғир яраланган эди.

Бердибой Янгибоев Озодлик билан суҳбатда қотилликда айбланиб, қамоққа олинган рафиқасига нисбатан энг оғир жазо берилишини истаётганини айтди:

- Фарзандимнинг қотилини ҳукумат жазоласин, энг оғир жазо белгиласин! Кичгинагина қизимни ўлдирди. Хотиним қизимни ўлдиргани учун жазосини тортиши керак. Уни кўргани кўзим йўқ. Қамоқхонага ҳам бормадим, судига ҳам бормайман, - дейди Бердибой.

Гувоҳларга кўра, аёл тергов пайти рўзғор тебратишга қийналгани сабабли фарзандларини пичоқлаганини айтган.

Лекин, Бердибой Янгибоев рафиқасининг иқтисодий қийинчиликдан нолишига ҳеч қандай асос бўлмаган, демоқда.

- Ўзини ойлигини ўзи оларди. Уйда ҳамма нарса бор, егуликлар етарли бўлса! Мени ўзим 350 минг сўм, аёлим 250 минг сўм оларди. Бундан ташқари, деҳқончилик қиламиз, иккита теплицамиз бор. Нимага бунақа қилганига ҳаммамиз ҳайрон қолдик, - дейди Бердибой.

Дилноза Ҳудойберганова Ғойбу қишлоғидаги 15-сонли мактабда фаррош бўлиб ишлар эди. Эри Бердибой Янгибоев эса шу мактабда қоровул.

Бердибой ўғли Бозорбойнинг тирик қолганига шукур қилади:

- Ҳозир касалхонадан чиқардик, шокда, қаттиқ қўрққан, умуман гапирмаяпти. Унга синглиси ўлганини айтмаяпмиз, - дейди Бердибой.

Хоразмнинг маъмурий маркази - Урганчдан 10 километр наридаги Ғойбу қишлоғи вилоятдаги энг қашшоқ аҳоли пунктларидандир. Мазкур қишлоқда оиласида кимдир четга мардикорликка кетмаган хонадонлар жуда кам.

Ўзбекистонда эса маиший муаммолар негизида бундай қотилликлар тез-тез рўй бериб турибди.

Шу йилнинг февраль ойида Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи 28 яшар аёл ўз отасини болта билан чопиб ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.

У терговда ҳам жиноятни содир этган аёл оилавий келишмовчилик боис чиққан жанжал натижасида қотилликка қўл урганини айтган.

Жорий йилнинг июль ойида Самарқанднинг Булунғур туманидаги Пастки Қўштамғали қишлоғида аёл пиёниста эрини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG