Линклар

logo-print

Туркманистон президенти қаламига мансуб экани иддао қилинадиган “Олға, фақат олға менинг суюкли юртим - Турманистоним” қўшиғи энг кўп ашулачи жўр бўлиб айтган қўшиқ сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирди.

Мазкур қўшиқ 27 октябрь куни Туркманистоннинг Мари шаҳрида кенглиги 70 метр, баландлиги 35 метр бўлган туркман ўтови шаклидаги улкан концерт залида 4166 ашлулачи тарафидан ижро этилди.

Залга йиғилган томошабинлар ҳам тик оёқда қўшиққа жўр бўлди.

Қўшиқчилар билан бирга бу қўшиқни саҳнада ўрнатилган монитордан Туркманистон президентининг ўзи ҳам куйлади.

Гиннеснинг рекордлар китоби вакиласи Шейдо Субаши-Гемижи Ашхободдаги концертни шахсан томоша қилгани ва туркманлар патриотизмидан ҳайратда қолганини айтди.

Субаши-Гемижи Туркманистон президентига бу қўшиқни ёзгани учун миннатдорчилик билдирди ва шу қўшиқ энг кўп ашуллачи жўр бўлиб айтган қўшиқ сифатида Гиннеснинг рекордлар китобида қайд этилгани тўғрисидаги сертификатни унга шахсан топширди.

Шу пайтгача Фарель Уилямснинг “Happy” қўшиғи энг кўп ашулачи жўр бўлиб айтган қўшиқ саналиб келган.

Шу йилнинг сентябрь ойида Ирландия пойтахти Дублинда бу қўшиқни Google ширкатининг 3798 ходими жўр бўлиб айтган эди.

Рекордлар мамлакати

Туркманистон олтинчи марта Гиннеснинг рекордлар китобида тилга олинмоқда.

Бундан аввал пойтахт Ашхободдаги оқ мармарли бинолар Гиннес китоби муаллифларини ўзига жалб этганди.

Китобнинг бош муҳаррири Крейг Глендейл 2013 йилда Туркманистон раҳбариятига Ашхобод дунёдаги оқ мармар билан қопланган бинолар энг кўп бўлган шаҳар, дея эътироф этилган махсус сертификатни топширган.

Гиннеснинг рекордлар китобида келтирилишича, Ашхободда сўнгги йилларда 543та оқ мармарли бино қуриб битказилган.

Оқ мармар билан қопланган бино деворларининг умумий кенглиги 4 миллион 500 минг квадрат метрни ташкил этади.

2011 йилда эса Ашхободдаги телеминоранинг қуёш энергияси таъсирида кечаю-кундиз ёниб турадиган улкан саккиз қиррали юлдузи инсон қўли билан ясалган дунёдаги энг катта юлдуз, деб тан олинди. Баландлиги 211 метр бўлган миноранинг ўзи мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида денгиз сатҳидан минг метр баланддаги Копетдоғ чўққисида қад кўтарди.

2009 йилда эса Туркманистон ўзининг энг катта гилами билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирган эди. Гиламнинг катталиги 301 квадрат метр, оғирлиги 1200 килограмм бўлган.

Шунингдек, Ашхободдаги фонтан комплекси дунёдаги энг катта фаввора сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирган.

Узоқ йиллардан буён автократик бошқарув остида бўлиб келаётган Туркманистон дунёдаги энг коррупциялашган мамлакатлардан биридир.

Нефт ва газга бой мамлакатда президент табиий бойликлар сотилишидан кўриладиган даромад ҳақида халқига ҳисоб бермайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG