Линклар

BahsOnline: Россия-Туркия жанжалида Путинни қўллайсизми ёки Эрдўғонни?


Путин ва Эрдўғон икки мамлакат муносабатлари совуқлашишидан икки ой олдин Москвада учрашганди

Путин ва Эрдўғон икки мамлакат муносабатлари совуқлашишидан икки ой олдин Москвада учрашганди

BahsOnline рукнининг бу галги сонида Россия-Туркия жанжалида Путинни қўллайсизми ёки Эрдўғонни, деган савол атрофида мунозара қилинди.

Россиянинг Су-24 русумидаги қирувчи учоғи Туркия томонидан ўтган ҳафта Сурия билан чегарада уриб туширилиши ортидан Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатларга жиддий футур етди.

Су-24 қирувчи учоғининг уриб туширилиши натижасида икки рус учувчисидан бири, подполковник Олег Пешков ҳалок бўлди, парашютда пастга сакраган учувчиларни қутқариш пайтида эса яна бир россиялик десантчи ҳам ҳалок бўлди.

Олег Пешковнинг жасади якшанба куни Россияга етказилди.

29 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин Туркияга қатор санкциялар киритилишини эълон қилди.

Путиннинг мазкур қарорига муносабат билдираркан Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон юз берган ҳодисадан қайғуда эканини айтди.

Аммо, у Путиннинг расман кечирим сўраш ҳақидаги талабини рад этди.

30 ноябрь куни Россия ўзининг илк санкциясини Туркиядан келаётган маҳсулотларга тақиқ қўйиш билан қўллай бошлади.

Президент Эрдўғон Туркия Россия жазо чораларига "сабр-тоқат ва совуққонлик" билан жавоб қайтаришини билдирди.

Эрдўғон ўртадаги келишмовчиликни бартараф этиш учун Париждаги иқлим ўзгаришига оид дунё саммитида Путин билан учрашиб, мулоқотга тайёр эканини изҳор этди.

Аммо, Кремль Путин Эрдўғон билан учрашиш нияти йўқлигини билдирди.

Россия президентининг айтишича, Туркия Суриядаги ноқонуний нефть контрабандаси каналларининг хавфсизлигини таъминлаш учун Су-24 қирувчи учоғини уриб туширишга қарор қилган.

Бунга жавобан Ражаб Тойиб Эрдўғон агар россиялик ҳамкасбининг бу иддаоси тасдиқланса, истеъфога чиқишга тайёрлигини эълон қилди.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ўзбекистонликлар орасида Россияни ёки Туркияни қўллаб-қувватловчилар ўртасида баҳслар ва даҳанаки жанжаллар кучайганидан кучайган.

Хўш, ким томондасиз: Россиями ёки Туркия?

2 декабрь, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат19.05дан кейин бошланган баҳсимизда мазкур саволга жавоб изланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG