Линклар

Ўзбек-тожик чегарасидаги баҳсли қишлоқда Тожикистон мактаб қурилишини бошлади


Сарбанд қишлоғида қуриладиган мактаб лойиҳаси.

Сарбанд қишлоғида қуриладиган мактаб лойиҳаси.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида баҳсли ҳудуд бўлиб қолаётган Сарбанд қишлоғида тожик расмийлари мактаб қурилишини бошлаб юборди. Сўғд вилояти Спитамен тумани расмийларининг билдиришича, асосан ўзбеклар ва озроқ тожиклар яшайдиган бу қишлоқдаги биринчи тожик мактаби 2016 йилда ўқувчиларни қабул қилади.

Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳри ва Тожикистоннинг Спитамен тумани чегарасида жойлашган Сарбанд қишлоғи аҳолисининг асосий қисми ўзбеклардир. Шунинг учун бу ерда ўзбек мактаби мавжуд. Бу мактабдаги ўқув жараёни Ўзбекистон Маориф вазирлиги белгилаб берган дастурлар асосида олиб борилади. Мактаб ўқитувчиларига ойлик маош ҳам Ўзбекистон бюджетидан тўланади.

Ўзбекистоннинг “Фарход” ГЭСидан унча узоқда бўлмаган бу қишлоқда тожик расмийлари кеча тожик тилида ўқитиладиган мактаб қурилишининг тамал тошини қўйиш маросимини ўтказди. Мактаб 2016 йилнинг март ойигача қуриб битказилиши айтилмоқда.

Бу қишлоқ Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида баҳсли бўлиб турган ҳудуд ҳисобланади. Тожикистон томони Сарбанд қишлоғини ўзига қарашли ҳудуд деб билади, бироқ бу қишлоқ маъмурий жиҳатдан Ўзбекистонга бўйсунади. Қишлоқ аҳолиси эса бундай ноаниқликдан мунтазам равишда турли қийинчиликларга дуч келмоқда.

- СССР пайтида ҳам икки республиканинг халқи бу ерда аралаш яшаган. Бу тўғон 1948 йилда қурилган эди. Бу ерда тўғон қуришганда сув босган жойлар учун Ўзбекистон жой берган. Аслида бу Тожикистоннинг ери, лекин Ўзбекистонга ўтиб қолган, -дейди қишлоқ кексаларидан бири Раҳмон Хўжакелдиев.

Тожик расмийларига кўра, бу қишлоқ фуқаролари орасида Ўзбекистон паспортига эга бўлганлар ҳам, тожикистон паспортига эга бўлганлар ҳам бор. Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларига бу қишлоқдан кўчиб кетишни ҳам таклиф қилган.

-Ўзбекистон ҳукумати ўзбек паспорти бор одамларга ер ажратган ва уларни ўша ерга кўчиб боришга таклиф қилган. Бироқ у жойлар одамларга маъқул келмаган, -дейди Спитамен туман расмийларидан бири Равшан Қосимов.

“Фарход” ГЭСи ва Сарбанд қишлоғи ўтган асрнинг 50- йилларида қурилган бўлиб, стратегик муҳим объектлардан бири ҳисобланади. Бу объектлар Ўзбекистондаги минглаб гектар қишлоқ хўжалик ерларини сув, аҳолини ва ишлаб чиқариш корхоналари эса электр энергияси билан таъминлайди.

Тожикистонлик таҳлилчилар ва расмийлар Ўзбекистон мана шу муҳим иншоотни ўзиники қилиб олиш мақсадида Сарбанд қишлоғи аҳолисини Ўзбекистон фуқароларига айлантиришга ҳаракат қилди, деган иддаолар билан чиқмоқда.

- Биз фуқаролик уруши ва иқтисодий муаммолар билан овора бўлиб юрган пайтимизда Ўзбекистон ҳукумати у ерда яшайдиган одамларни ўзбек фуқароси қилишга ҳаракат қилди ва анча бунинг уддасидан ҳам чиқди. Бу сув омбори ҳудудига эгалик қилиш учун қилинган тадбир эди, - деди таҳлилчи Хуршид Атовуллоҳ.

Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг “Фарход” ГЭСи Ўзбекистон назоратида қолган. ГЭС яқинидаги қишлоқларга эса Ўзбекистон божхоначилари ва чегарачилари ўз ўтказиш пунктларини ўрнатган эди. Бироқ 2002 йилда Тожикистон мазкур ҳудуддан чегара ва божхона пунктларининг олиб ташланишига эришган эди. Тожик расмийларига кўра, қишлоқ Тожикистон томонидан назорат қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG