Линклар

logo-print

НАТО Черногорияни ҳарбий альянсга қўшилишга расман таклиф этди


Черногорияни НАТОга расман таклиф этишга оид қарор ташкилотнинг Брюсселда ўтаётган ташқи ишлар вазирлари учрашувида қабул қилинди. Суратда Черногория ташқи ишлар вазири Игорь Луксич.

Черногорияни НАТОга расман таклиф этишга оид қарор ташкилотнинг Брюсселда ўтаётган ташқи ишлар вазирлари учрашувида қабул қилинди. Суратда Черногория ташқи ишлар вазири Игорь Луксич.

Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти - НАТО Черногорияга ҳарбий альянсга 29- аъзо ўлароқ қўшилишни расман таклиф этди. Ташкилот бош котиби Йенс Столтенберг бу ҳақдаги қарор чоршанба куни НАТОга аъзо мамлакатларнинг Брюссель шаҳрида ўтаётган учрашувида қабул қилинганини айтди.

Черногориянинг НАТОга аъзолиги бўйича музокаралар бир неча йилдан буён давом этиб келаётган эди.

2006 йилда мустақиллигини эълон қилган мамлакат НАТОнинг Тинчлик учун ҳамкорлик дастурига қўшилган.

2007 йилда эса Черногория ҳукумати НАТО қўшинларининг ўз ҳудуди орқали ўтишини таъминловчи келишувни ҳам имзолаган эди.

Сўнгги йилларда Черногория НАТОга қўшилиш учун ҳарбий альянс талаб этган шартлар доирасида ўз қуролли кучларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ва армияда коррупцияга чек қўйишни назарда тутувчи ислоҳотларни амалга оширди.

НАТО расмийлари Черногория ҳукумати қўл урган ислоҳотлар таҳсинга сазовор экани ва бу мамлакатнинг ҳарбий альянсга қўшилиши учун йўл очилганини айтишди.

Айни вақтда Черногориянинг НАТОга қўшилиши тўғрисидаги қарор ҳарбий альянсга аъзо барча 28 мамлакат парламентларида ратификация этилмоғи керак ва бу жараён бир ярим йилга чўзилиши мумкин.

НАТО ичкарисида Черногориянинг альянсга қўшилишига эътироз йўқ.

Лекин, Россия НАТОнинг шарқ томон кенгайиши ва Черногориянинг бу ташкилотга аъзо бўлишига жиддий эътироз билдириб келади.

НАТОнинг кенгайиши Россияни ташвишлантирмоқда.

НАТОнинг кенгайиши Россияни ташвишлантирмоқда.

Россия Давлат Думаси вице-спикери Сергей Железняк агар Черногория НАТОга қўшилса, Москва бу мамлакат билан муносабатлари, жумладан иқтисодий муносабатларини қайта кўриб чиқади, деб айтди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков эса “НАТОнинг шарқ томон давом этаётган экспансияси”га Россия томонидан жавоб чоралари бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

"НАТОнинг Шарқ томон экспансияси Шарқ, яъни Россия томонидан жавобсиз қолмайди. Хавфсизлик ва манфаатлар доирасида чора кўрилади”, - деди Песков.

Лекин, Песков қандай чоралар ҳақида гап кетаётганини аниқлаштирмади.

Ўтган ойда Черногория парламенти мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиши ҳақидаги резолюцияни қабул қилган.

Қабул қилинган ҳужжатда НАТО Черногория ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ҳамда демократия ривожи кафолати экани айтилган.

Бироқ мамлакат ичкарисида ўтказилган сўровлар аҳолининг ярмидан кўпи Черногриянинг НАТОга аъзо бўлишини истамаётганини кўрсатмоқда.

XS
SM
MD
LG